Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:43

Бажурдаги ҳужумда ўнлаб покистонлик нобуд бўлди


Ҳар шаҳри бозори яқинида портлаш содир этилган жой, 2012 йил 4 май.
Ҳар шаҳри бозори яқинида портлаш содир этилган жой, 2012 йил 4 май.

Покистон шимол-ғарбий минтақасидаги хавфсизлик текширув пунктига қарши уюштирилган ҳужум оқибатида камида 24 киши нобуд бўлди, 50 дан ортиғи яраланди.


Покистон расмийларига кўра, портлаш Афғонистонга чегарадош қабилалар назоратидаги Бажур вилояти маркази Ҳар шаҳрининг одамлар билан гавжум бозори яқинида содир этилган.

Ҳужум натижасида Бажур полициясининг икки нафар юқори лавозимли зобити ва яна камида беш полиция ходими ўлган.

Ҳар шаҳри касалхонаси шифокори Анвар Али ҳалок бўлганлар орасида маҳаллий полициянинг юқори лавозимли зобити Жавод ва Файзал Наби ҳам борлигини айтди.

Хабарларга кўра, ўлганлар ва яраланган одамлар орасида мактаб ўқувчилари ва аёллар ҳам бор.

“Таҳрики Толибон Покистон” гуруҳи ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Гуруҳнинг матбуот вакили Озодлик билан суҳбатда ҳужум полиция ходимларига қаратилганини иддао қилди.

4 май кунги портлаш гувоҳларидан бири Қодир Сиёл Озодликка ҳужум қишлоқ аҳолиси бозорга келадиган пайтда эрталаб амалга оширилганини айтди.

- Мен қишлоғимдан Ҳар шаҳри бозорига келгандим. Машинадан тушишимиз билан бозордаги катта майдон яқинида кучли портлаш рўй берди. Портлаш натижасида осмонга чанг-тўзон ва тутун кўтарилди. Бино парчалари атрофга сочилиб кетди. Шундан сўнг хавфсизлик ходимлари портлаш рўй берган жойни ўраб олиб осмонга ўт очди, деди портлаш гувоҳларидан бири Қодир Сиёл.

Бажур Покистон шимолидаги қабилалар назоратидаги етти вилоятдан бири ҳисобланади.

Сўнгги йилларда мазкур вилоятда Покистон ҳарбийлари билан Толибон ва Ал-Қоида жанггарилари ўртасида қуролли тўқнашувлар рўй берган.

3 май куни Бажур вилоятининг Чамарқанд шаҳарчасида толибларга қарши бўлган қабила оқсоқоллари ва хавфсизлик хизмати расмийларига қарши иккита портлаш амалга оширилди. Ҳужум натижасида беш одам нобуд бўлди.

Покистон ҳарбийлари 2008 – 2009 йилларда Бажурда амалга оширган кенг кўламли ҳарбий амалиётлар пайтида тинч аҳолидан ўн минглаб одам ўз уйларини ташлаб бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлган.

Покистон ҳарбийлари мазкур минтақа жанггарилардан тозаланганини иддао қилганига қарамай, ҳужумлар давом этмоқда.

Жанггарилар асосан толибларга қарши бўлган қабилалар оқсоқоллари ва полиция ходимларини нишонга олмоқда.

2010 йил декабр ойи охирида Ҳар шаҳрида худкуш аёллар амалга оширилган ҳужумда 40 киши нобуд бўлган, 50 дан ортиқ одам жароҳатланган эди.
XS
SM
MD
LG