Линклар

Шошилинч хабар
12 октябр 2024, Тошкент вақти: 15:40

Қоҳирада комендантлик соати жорий қилинди


Миср пойтахти Қоҳирада рўй берган зўравонликлар, 2012 йил 2 май.
Миср пойтахти Қоҳирада рўй берган зўравонликлар, 2012 йил 2 май.

Миср полицияси ва намойишчилар ўртасида шанба куни тўқнашувлар рўй берганидан сўнг мамлакатни бошқараётган ҳарбийлар Қоҳира шаҳридаги Мудофаа вазирлиги биноси ва унинг атрофида тунги комендантлик соати жорий қилди.

Миср пойтахтидаги намойиш қатнашчилари мамлакат ҳарбийлар томонидан бошқарилишига дарҳол чек қўйилишини талаб қилмоқда.

Комендантлик соати жорий қилинганини Миср қуролли кучлари Олий Кенгаши аъзоси Мухтор Ал-Мулла миллий телевидение орқали эълон қилди.

- Қуролли кучлар Олий кенгаши Аббосия майдони ва Мудофаа вазирлиги биноси атрофи ҳамда унга туташ кўчаларда 2012 йил 4 май, жума куни тунги соат 11 дан 2012 йил 6 май якшанба куни соат эрталабки еттига қадар комендантлик соати жорий қилиш ҳақида қарор қабул қилди, - дея эълон қилди Миср қуролли кучлари Олий Кенгаши аъзоси Мухтор Ал-Мулла.

Ахборот агентликлари хабарларига кўра, тўқнашувлар пайтида полициянинг бир ходими нобуд бўлган, юзлаб одам тан жароҳати олган.

Мудофаа вазирлиги биноси томон юриш қилган намойишчиларни тарқатиш учун полиция сув сепадиган қуроллар, кўздан ёш оқизувчи газ ва ҳақиқий ўқлардан фойдаланган.

Миср полицияси зўравонликлар пайтида 170 дан ортиқ одам ҳибсга олинганини билдирди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига асосланиб давлатга қарашли MENA ахборот агентлиги зўравонликлар пайтида 128 одам жароҳат олганини хабар қилди.

Мухтор Ал-Мулла комендантлик соати тартибини бузган шахсларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.

- Биз барча фуқароларни шу тартибга тўлиқ риоя қилишга чақирамиз. Қуролли кучлар бу тартибни бузишга ҳаракат қилганларга қарши кескин чоралар кўради, - дея баёнот берди Миср қуролли кучлари Олий Кенгаши аъзоси.

Пойтахт Қоҳиранинг айни мавзесида 2 май куни рўй берган тўқнашувларда 11 киши нобуд бўлган эди.

Мисрда уч ҳафтадан кейин президентлик сайлови ўтказилиши режаланган.

4 май куни Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси сўнгги уч кун давомида Мисрдаги воқеаларни ёритаётган камида 18 журналист ҳужумга учрагани, жароҳатлангани ёки ҳибсга олинганини маълум қилди.

Ахборот агентликлари хабарларига кўра, 5 май куни Миср пойтахти Қоҳирада тинч вазият ҳукм сурмоқда.
XS
SM
MD
LG