Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:45

Урушнинг сўнгги аскарларига мукофот топширилди


Ўзбекистон президентининг махсус фармонига мувофиқ¸ мамлакат бўйлаб Иккинчи жаҳон урушининг 6700 нафар фахрийсига 400 минг сўмлик пул мукофотлари тарқатилди.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрами муносабати билан Қашқадарë вилоятида истиқомат қилувчи мингга яқин Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига 7 май куни тантанали тарзда 400 000 сўм миқдоридаги бир марталик мукофот пули берилди.

Бу ҳақда Озодликка билдирган “Нуроний” жамғармасининг Қашқадарë вилоят кенгаши фаоли тадбирнинг тантанали ўтказилганини таъкидлади.

Суҳбатдошга кўра¸ уруш қатнашчилари ва жабҳа орти заҳматкашлари ҳолидан йил бошидан бери мунтазам хабар олиб келинган:

- Фахрийлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг стационар шароитида даволаниши зарур¸ деб топилган қисми турли шифохоналарга ётқизилиб, соғликларини тиклашларига кўмаклашилди. Ногирон ветеранларга эшитиш мосламалари, оптик кўзойнаклар, протез-ортопедик маҳсулотлари ва ногиронлар аравачалари олишга ëрдам қилинди¸ дейди "Нуроний" фаоли.

18 апрел куни Ўзбекистон президенти “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонга қўл қўйган эди.

Фармонда¸ уруш қатнашчиларига давлат ғазнасидан 400 000 сўм миқдоридаги бир марталик мукофот пули бериш белгиланди .

Бироқ нарх-наво ўсиб бораётган бир вақтда бу миқдордаги пулнинг камлиги ҳам айтилмоқда.

Президентнинг бу марҳаматига соҳиб бўладиганлар сони эса¸ йилдан йилга сийраклашиб бормоқда.

2011 йилда расман Ўзбекистонда 8 600 нафар уруш қатнашчиси борлиги билдирилган эди.

Уруш қатнашчилари республика кенгаши эълон қилган маълумотга кўра¸ 2012 йилда бутун Ўзбекистон бўйлаб 6 700 нафар уруш фахрийси қолган.

“Нуроний” жамғармаси Қашқадарë вилоят кенгаши фаолига кўра¸ улар орасида жабҳада қон кечганлар деярли қолмаган.

Берлинни олган Отабой ака

“Берлиннни забт қилгани учун” деган медал соҳиби¸ урганчлик Отабой ака Йўлдошевга 2012 йил байрам куни совға олиш насиб қилмади.

Байрамдан олдин Отабой ака оламдан ўтди.

Айни пайтда уруш ветеранининг ўғли Давронбек 9 май куни дастурхон ëзиб¸ отаси ўрнига байрам қилиш ниятида.

Давронбек бу байрамга отаси каби урушда қатнашган қўшниларини таклиф қилмоқчи.

5 йил урушда қатнашган Отабой аканинг кўкси тўла орден медал бўлган.

Бундай медаллар савдоси билан шуғулланадиганлар ҳам бор.

Улар ветеранларни атай излаб топиб¸ орден-медалларни сотиб олишади.

Отабой аканинг ўғли отасидан қолган орден-медалларни сотмоқчи эмас:

- Бу орденларни биз отамиздан қолган хотира сифатида уйда авайлаб сақлаймиз. Сенинг бобонг қаҳрамон бўлган¸ деб деб фарзандларимизга кўрсатамиз¸ дейди Давронбек.

1941 йилда 6,5 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистондан 1,5 миллион одам урушга жалб қилинган.

Расмий маълумотларга кўра, бу урушда ярим миллион ўзбек ҳалок бўлган.

Урушда ўлган ўзбеклар орасида ëзувчилар¸бахшилар¸ рассом ва киночилар бор эди.

Махсус қарор билан урушдан озод қилиниши шарт бўлган ижодкорлар¸ план кетидан қувган маҳаллий расмийларнинг жонкуярлиги “боис” фронтга жўнатилган эди.
XS
SM
MD
LG