Ташкилотнинг 13 май муносабати билан тарқатилган баёнотида Европа Иттифоқи инсон ҳуқуқларини очиқдан-очиқ топташда давом этаётган Ўзбекистондаги режимга нисбатан ўз позициясини 7 йил мобайнида тобора юмшата боргани юзасидан таассуф изҳор этилади.
- Сўнгги етти йил ичида ЕИ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасида ўз позициясини кескин сусайтиргани кўринди. 2005 йилда Европа Иттифоқи [Андижондаги] қотилликларни қоралаб чиққан, мустақил халқаро текширув ўтказилишини талаб қилган ва санкциялар жорий этганди, деди Amnesty International ташкилотининг Европа бюроси директори Николас Бегер.
2005 йил ноябрида Андижон воқеалари бўйича мустақил халқаро текширув талаби қондирилмагунча санкциялар амал қилишини эълон қилган ЕИ 2009 йил кузига келиб, ўз талаби Тошкент томонидан мутлақо писанд қилинмаганига қарамай, бу санкцияларни яна ўзи бутунлай бекор қилганди.
Таҳлилчиларга кўра, геосиëсий манфаатлар, энг аввало, Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш ва иттифоққа газ олиб келиш йўлларини кенгайтириш зарурати остида қолган ЕИ Марказий Осиëдаги мустабид режимлар билан ишлар экан, оғир жумбоққа дуч келган. Ҳуқуқ фаоллари ана шу оғир вазиятда инсон ҳуқуқларининг геосиëсий манфаатларга қурбон берилганини танқид қилиб келмоқдалар.
“Биз Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашаётганига кўз юмаётганидан ташвишдамиз. Каримов режими ўз халқаро мажбуриятлари ва Европа Иттифоқи имзолаган инсон ҳуқуқлари бўйича стандартларга риоя қилмаётганига қарамай, ЕИ барча санкцияларни бекор қилди ва Андижон воқеалари бўйича [мустақил халқаро] текширув ўтказишга чақирмай қўйди. Европа Иттифоқи Каримов режимини тўла масъулиятга чорлаш вақти келди”, дейилади Халқаро Амнистия баёнотида.
2005 йилнинг 13 май куни Андижонда намойиш иштирокчилари ҳукумат қўшинлари томонидан ўққа тутилган эди. Расмий маълумотларга кўра, Андижон воқеаларида 187 киши ҳалок бўлган. Аммо норасмий манбалар ҳалок бўлганлар сонининг бундан бир неча баробар кўп бўлганини таъкидлаб келадилар.
Amnesty International ташкилотининг сўнгги баёнотида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши режим танқидчиларига нисбатан адолатсиз судлов ва қийноқлар қўлланилаётганида акс этиши, бу мамлакатда ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва қамоқда калтаклаш амалиёти ҳамон давом этаётганига урғу берилади.
Ташкилотга кўра, ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистонда фикр эркинлиги доираси тобора торайиб борган, Ўзбекистонда тақиқланган исломий ташкилотларга алоқадорликда айбланган минглаб киши қамалган, сиёсий мухолифлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган, қамоқдаги маҳкумлар эса ғайриинсоний шароитда сақланмоқда.
“Расмий Тошкент хавфсизлик ва террорчиликка қарши курашни баҳона қилиб, бошқа мамлакатлардан Ўзбекистонда тақиқланган исломий гуруҳларнинг муҳтамал аъзоларини топширилишини ҳали-ҳамон талаб қилиб келмоқда. Ўзбекистонга мажбуран қайтарилганлар эса адолатсиз судловлардан кейин узоқ муддатларга қамалаяпти ва қийноқларга дучор қилинаяпти”, дейилади Amnesty International баёнотида.