Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:13

Ўзбекистонлик ўқувчилар яна далага чиқарилмоқда


Ўзбек далаларида ғўза ўтоғи, Дмитрий Чистопрудов фотосурати.
Ўзбек далаларида ғўза ўтоғи, Дмитрий Чистопрудов фотосурати.

Май ойининг биринчи кунларидан бошлаб Бухоро, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон мухтор республикаси умумтаълим мактаблари, академик лицей ва коллежлари ўқувчилари баҳорги дала ишларига мажбуран жалб қилинмоқда.

Бу ҳақда Эксперт ишчи гуруҳи ўз манбаларига таянган ҳолда маълумот тарқатди.

Гуруҳ маълумотларига кўра, далаги ишларга умумтаълим мактабларининг 13-16 ёшли ўқувчилари (7-8-9 синфлар), лицей ва коллежларнинг 16-18 ёшли ўқувчилари жалб қилинаётир.

Балоғат ёшига етмаган бу ўқувчиларнинг душанбадан жумагача соат 13 дан 18 гача, шанба ва якшанба кунлари эса эрталабки 9 дан оқшомги 18 гача далада ўтоқ ва чопиқ қилишга мажбурланаётгани айтилмоқда. Тахминан 20-25 майгача давом этиши кутилаётган ва оти “ҳашар” қўйилган бу ишлар учун болаларга ҳақ тўланмаяпти.

Пахта далаларига ўқитувчилари етакчилигида кўпинча пиёда бораётган ўқувчилар ейдиган овқатлари ва ичадиган сувларини ўзлари билан олиб боришлари шарт. Ўқувчилар даланинг ўзида овқатланадилар, бу ерда гигиена қоидаларига риоя қилинмайди, болаларнинг соғлиғини назорат қилиш учун тиббиёт мутахассислари жалб этилмаган.

Бу маълумотлар исботи учун ЭИГ далада ишлаётган ўқувчилар сўзларидан иқтибос келтиради. Хусусан, Бухоро мактабларидан бирининг 8-синфида ўқийдиган Насиба бегим кунлари тушдан кейин чопиққа чиқаётганини айтади.

- Шанба ва якшанба кунлари эса иш эрталабдан бошланади. Нон-сувимизни ўзимиз билан олиб борамиз. Чопиқ учун зарур бўлган меҳнат қуролини ҳам ўзимиз олиб боришимиз шарт. Бу теша ёки ўроқ бўлиши мумкин, - дейди Насиба.

Самарқандлик Сардор эса баҳорги ишлардан пул эвазига қутулиб қолибди.

- Ҳозир университетга кириш учун имтиҳонларга тайёрланаяпман, шунинг учун ҳар куни репетиторларга қатнаяпман. Коллежимиздагиларнинг ҳаммасини ғўза ўтоғига олиб чиқишни бошладилар. Мен коллеж завучи билан келишиб, ўтоққа ҳам, дарсга ҳам бормаслик учун унга 50 минг сўм бердим. Мен учун ҳозир энг муҳими кириш имтиҳонларига тайёрланиш, - дейди Сардор.

Шу йилнинг 26 мартида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 82-сонли қарор қабул қилган, унда бундан буён мактаб ўқувчилари мажбурий пахта йиғим-теримига жалб қилинмаслиги алоҳида қайд этилганди.

Бироқ амалда бу қарор ишламаётганини таъкидлаётган Эксперт ишчи гуруҳи “Ўзбекистон ҳукумати пахта етиштириш ва теришда мажбурий болалар меҳнати фойдаланиш амалиётини бекор қилмоқчи эмас”, деган хулосага келган. Айни пайтда ЭИГ мазкур муаммо юзасидан халқаро майдондаги танқид сўнгги пайтларда самара бера бошлагани ва мамлакат ҳукуматини ҳеч бўлмаганда ҳуқуқий меъёрлар даражасида номинал қадам қўйишга мажбур қилаётганини қайд этади.

“Халқаро ҳамжамият ва Ўзбекистон фуқаровий жамияти мамлакатда пахта етиштириш ва уни териб олишда мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш тўла бартараф қилиниши учун қўлдан келган барча ишларни амалга ошириши лозим”, дея хулосалайди Эксперт ишчи гуруҳи.
XS
SM
MD
LG