Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:15

Олимпия олтинининг нархи қанча?


Лондонда ўтадиган Олимпиадада қатнашадиган британиялик спортчилар умуман пул мукофоти олмайди.
Лондонда ўтадиган Олимпиадада қатнашадиган британиялик спортчилар умуман пул мукофоти олмайди.

Лондонда 2012 йил ёзги Олимпиада ўйинлари бошланишига икки ой қолди. Лондон Олимпиадасида элликка яқин ўзбекистонлик спортчи 15 турдаги ўйинда қатнашади. Ўзбекистон Олимпиада қўмитаси вакилларининг айтишича, ўзбек спортчилари орасида олтин медал ва бошқа совринли ўринларга даъвогарлик қилаётганлар бор. Ўзбекистон ҳукумати ҳам, собиқ иттифоқ республикаларининг аксари каби, олимпия медали билан қайтган спортчиларга пул мукофотлари ваъда қилган.

Лондон ёзги Олимпиадаси 2012 йилнинг 27 июлидан 12 августига қадар давом этади. Унда 31 спорт турида 200 дан ошиқ мамлакатдан келган минглаб спортчи қатнашади.

Ўзбекистон Олмипия қўмитасининг исми айтилмаслигини сўраган ходими Озодлик билан суҳбатда Лондон мусобақаларида Ўзбекистондан камида 50 спортчи 15 турдаги ўйинларда қатнашишини маълум қилди.

- 15 спорт турида қатнашамиз. Неча киши қатнашиши июн ойида аниқ бўлади. Лекин ҳозирча олимпия командамизда 50 ка яқин спортчи бор, шунинг учун Лондонга кетадиган спортчиларимиз сони 50 дан ошади дейишимиз мумкин.

Улар орасида, деди суҳбатдошимиз, олтин медалларга даъвогарлик қилаётган спортчилар бор:

- Спортчиларимизнинг дзюдо, эшкак эшиш, кураш бўйича яхши натижаларга эришишига умид қиляпмиз. Масалан, курашда жаҳон чемпиони Ришод Собиров, боксчи Ришод Расуловларга катта умидларимиз бор. Бошқа спорт турлари бўйича ҳам яхши натижаларни кутaяпмиз. Дарвоқе, курашчимиз Артур Таймазов ҳам олтинга даъвогар, дейди Олимпия қўмитаси вакили.

Чемпионга 100 минг

Ўзбекистон ҳукумати Олимпададан медал билан қайтган спортчиларга пул мукофотларини ваъда қилган.

Тошкентдаги Олимпия заҳиралари мактаби директори Баҳром Ғофуровнинг айтишича, пул мукофоти миқдори Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қарори билан белгиланган.

- Президентимизнинг қарори борку. Олтин медалга 100 минг, кумуш медалга 75 минг, бронзага 50 минг. Бизда борку шунақа.

Баҳром Ғофуров ҳам ўзбек атлетларининг Лондон олимпиадасида яхши натижа кўрсатади дейишга асос бор, дейди.

- Энди ҳар бир, охирги олимпиадани олиб қарасак, Ўзбекистон 200дан ошиқ давлатлар ўртасида 40-ўринларга кириб келаяпти. Мен ўйлайманки, бу олимпиадада ëмон қатнашмаймиз. Ҳозирча 40тадан ошди Ўзбекистон бўйича олимпиячиларимиз. Ўйлайманки, дзюдодан, эркин курашдан, юнон-рум курашидан медаллар бўлиши керак. Боксдан бўлиб қолиши мумкин.

Лекин дея қўшимча қилди суҳбатдошимиз, ўзбек спортчилари пул мукофотига тамаъ қилмайди, уларнинг асосий мақсади Ўзбекистон обрўсини кўтаришдир.

Олимпия медаллари учун пул мукофотлари нафақат Ўзбекистон, собиқ иттифоқ республикаларининг аксарида ҳам удумга айланган.

Масалан, қўшни Қозоғистон спортчиларни олтин учун 250 минг АҚШ доллари, кумуш учун 150 минг, бронза учун 75 минг доллар билан сийлайди. Россияда ҳам олтин медалнинг нархи – 140 минг, кумуш – 85 минг, бронза – 55 минг туради.

Олмипия чемпионларига пул мукофоти бўйича “чемпион” Озарбайжондир. Озарбайжонлик олимпия олтини совриндорига оз эмас, кўп эмас 750 минг АҚШ доллари, кумуш медал соҳибига 500 минг, бронза медали учун 250 минг АҚШ доллари пул мукофоти берилади.

Олимпадада қатнашишнинг ўзи мукофот

Шу ўринда бадавлат Ғарб давлатларидаги спортчиларга қанча пул берилар экан, деган савол туғилади.

АҚШ Олимпия қўмитаси чемпионлар учун пул мукофотларини 1984 йилда жорий қилган ва ўшандан бери унинг миқдори ўзгармаган. Америкалик атлет олтин учун 25 минг, кумушга 15 минг, бронза учун эса 10 минг доллар олади. Лекин бу мукофот уларнинг мусобақаларга тайёргарлик кўриб, сарфлаган вақти ва қилган ҳаражатини қоплаш учун товон сифатида берилади. Олимпиада ўйинларининг барча турдаги спорт мусобақаларида қатнашадиган АҚШ командасига тушиб қолишнинг ўзи спортчи учун катта омад ҳисобланади.

Чехия Олимпия қўмитаси вакили Роман Климентнинг айтишича, Лондонга борадиган 100 дан ортиқ чех спортчисининг бирортасига мукофот пули берилмайди.

- Уларга мукофот пули берилмайди, лекин совринли ўринларни эгаллайдиган спортчиларимизга мусобақага тайёргарлик учун кетқазган вақти эвазига олтин, кумуш ёки бронза медалига қараб маълум миқдорда товон пули берилади, дейди жаноб Климент.

Швед олимпиячилари ҳам пул мукофоти олишмайди. Бйорн Фулим Швеция Олимпия қўмитаси матбуот вакили:

- Биз умуман пул бермаймиз. Биз спонсорларимиздан тушган пулларни спортчиларни тайёрлаш учун сарфлаймиз. Спортчиларимиз шунга хурсанд. Лекин биз олимпия жамоасига тушишга муваффақ бўлган спортчиларни тўла қўллаб-қувватлашни ўз бўйнимизга оламиз. Бундан ташқари, олимпиадада совринли ўринларни олган спортчиларимиз шартнома асосий ўз ҳомийларининг молиявий ёрдамига умид қилишлари мумкин, лекин бу ҳам маълум қоидаларга риоя қилишлари керак, яъни олимпия чемпиони унвонини суиистеъмол қилмасликлари лозим, дейди Швеция Олимпия қўмитаси матбуот вакили Бйорн Фулим.

Азиз муштарий, сиз нима деб ўйлайсиз, Олимпиадада қатнашиб мамлакат обрўсини кўтарган спортчига қанча мукофот берилиши керак? Умуман берилиши керакми?

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:38 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG