Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:24

Афғонистон хавфсизлиги Покистонга боғлиқ


НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен
НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен

НАТО Бош котиби Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланиши “Покистоннинг ижобий ёндошуви”га ҳам боғлиқ эканини айтди.


Андерс Фог Расмуссен Афғонистондаги хавфсизлик масаласини АҚШнинг Чикаго шаҳридаги НАТО саммитида иштирок этадиган Покистон Президенти Осиф Али Зардорий билан муҳокама қилишини билдирди.

- Эктремистларнинг хавфсиз бошпана топиши, албатта, бу муаммо Покистон билан боғлиқ. Биз бу муаммони Покистон иштирокисиз Афғонистонда ҳал эта олмаймиз. Биз бу муаммоларни ҳал қилишимиз лозим.

Биз саммитга Покистон Президенти Осиф Али Зардорийни таклиф қилганмиз. Мен у билан учрашиб шу масалада аниқ таклифлар бермоқчиман, - деди НАТО саммити арафасида Чикагода сўзлаган Расмуссен.

НАТО матбуот вакилига кўра, Андерс Фог Расмуссен ва Зардорий ўртасида шанба куни тушдан кейинга белгиланган учрашув “кун тартиби сабаблари”га кўра бекор қилинган.

Покистон Президенти Осиф Али Зардорий ва Афғонистон Президенти Ҳамид Карзайнинг НАТО саммитида иштирок этиши режаланган.

АҚШ Президенти Барак Обама Ҳамид Карзай билан юзма-юз сўзлашув олиб бориши кутилмоқда.

Бироқ АҚШ раҳбарининг Зардорий билан учрашиши режаланмаган.

Ўтган йил ноябрида АҚШ учқичи Афғонистон чегараси яқинида амалга оширган ҳужум оқибатида 24 нафар Покистон ҳарбийси нобуд бўлганидан сўнг Покистон ҳукумати Афғонистондаги халқаро кучларга зарур бўлган юкларнинг мамлакат ҳудуди орқали ташилишини тўхтатиб қўйди.

Ўз навбатида бу Вашингтон билан Исломобод расмийлари ўртасидаги муносабатлар таранглашишига сабаб бўлди.

НАТО саммити арафасида сўзлаган Андерс Фог Расмуссен Толибон ҳаракати билан ҳам музокаралар олиб борилиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

- Биз Толибон раҳбарлари муаммога ечим топиш учун музокараларга тайёр эканини билмаймиз. Балки улар тайёр эмасди, буни билмайман. Менимча, маълум шартлар асосида бунга ҳаракат қилиб кўришимиз мумкин.

Биринчидан, ярашиш жараёнига афғонларнинг ўзи етакчилик қилиши лозим. Бу жараённи Афғонистон ҳукумати бошқариши керак.

Иккинчидан, ярашиш жараёнида иштирок этаётган гуруҳлар ва шахслар Афғонистон конституциясига риоя қилиши, инсон ҳуқуқлари, жумладан, аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилиши лозим.

Учинчидан, улар террорчи гуруҳлар билан ўз алоқаларини тўхтатиши шарт, - деди Андерс Фог Расмуссен.
НАТОнинг Чикаго шаҳридаги саммити 20-21 май кунлари бўлиб ўтиши режаланган.
XS
SM
MD
LG