Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:59

Тожикистон президентининг қизи фан номзодига айланди


Тожикистон президентининг қизи Озода Раҳмон аёллар ҳуқуқи мавзусида диссертация ёқлади.

Мамлакат Ташқи ишлар вазирининг муовини Раҳмонова хоним эндиликда ҳуқуқ фанлари номзоди унвонига ҳам эга бўлиши айтилмоқда.

“1917-2011-йилларда Тожикистонда аёллар хуқуқи ва эрки” мавзуидаги илмий ишни, Тожикистон Миллий унверситетидаги манбанинг Озодликка билдиришича, диссертацион кенгашининг 15 аъзоси якдиллик билан қувватлаган ва “тожикистонлик аёллар вазиятини яхшилаш баҳонасида мамлакатда ваколатхона очган хорижий ташкилотлар кофе-брейк ташкил қилишдан нарига ўтмаётган айни кезда, мазкур илмий тадқиқот ўта муҳим” экани таъкидланган.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг иккинчи қизи Озоданинг ҳуқуқ бўйича диссертация ёқлаши борасида жамоатчилик аввалроқ бир қатор Интернет сайтлар орқали хабардор қилинган эди.

Бироқ 25 май куни диссертация ҳимоя қилинаётган бино милиция ва хавфсизлик ходимлари томонидан ўраб олингани сабабли Ташқи ишлар вазирлиги расмийсининг илмий ишида тожик жамиятидаги аёллар ҳуқуқи билан боғлиқ муаммолар қай тарзда ёритилгани аксарият учун номаълум бўлиб қолди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон минтақада ягона серфарзанд раҳбар саналади - унинг етти қизи ва икки ўғли бор.

Имомали Раҳмон 2000-йиллар ўрталаригача фарзандларининг омма назаридан йироқда бўлишига уриниб келди, аммо 2007 йили, яъни Озода Раҳмон Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик хизматига бошлиқ этиб тайинланганидан сўнг бу қолип синди. Шу тариқа президентнинг қолган фарзандлари ҳам кетма-кет жамоатчиликка таништирила бошлади.

2009 йили Озода Раҳмон отаси Имомали Раҳмоннинг фармони билан Ташқи ишлар вазирининг муовини курсисини эгаллади.

Президентнинг катта ўғли Рустам Имомали ёш бўлишига қарамай, учта муҳим лавозимни эгаллаган. Тожикистон Божхона қўмитасининг контрабандага қарши кураш бўлими вазифасида ишлаётган Рустам Имомали айни кезда республика Ёшлар ташкилотининг раис муовини ва мамлакат Футбол федерацияси раиси ҳамдир.

Ҳозирда Буюк Британияда таҳсил олаётган Зарина Имомали икки йил аввал Тожикистон давлат телевидениесининг инглиз тилидаги хабарлар бошловчиси сифатида жамиятга танилганди.

Президент Имомали Раҳмоннинг иккинчи ўғли Сомони Имомали шу йил май ойи бошида Бухарест шаҳрида бўлиб ўтган халқаро олимпиадада олтин медаль соҳиби бўлгани 25 май куни оммага билдирилди.

Имомали Раҳмон ўтган йили “Time” журнали олиб борган бир тадқиқот хулосасида “ҳокимияти хавф остида қолган ўнта авторитар давлат раҳбари” рўйхатидан жой олган эди.

Ер юзидаги турли давлатлар ички ва сиёсий муҳитини ўрганган мазкур журналнинг ёзишича, узоқ йиллардан бери ҳукмронлик қилиб келаётган ўн авторитар давлат раҳбари кутилмаганда юз бериши мумкин бўлган давлат тўнтариши туфайли тахтдан қулаши мумкин.

Аҳолисининг катта қисми ишсиз бўлган Тожикистонда давлат саноат корхоналарининг қарийб 80 фоизи мамлакатда рўй берган фуқаролар урушидан (1992 ва 1997 йиллар - таҳр.) сўнг фаолиятини тўхтатган.

Норасмий маълумотларга кўра, қарийб уч миллионга яқин тожикистонлик Россияда мардикорлик қилади. Россиядаги тожиклар диаспораси масъулларининг айтишича, тожикистонлик меҳнат мухожирларининг тахминан 25 фоизини қиз-жувонлар ташкил қилади. Улар асосан қора ишларни бажаришга мажбурлиги таъкидланади.

Мамлакат ичкарисидаги аёллар билан боғлиқ вазият, мустақил таҳлилчилар мулоҳазасича, янада аянчлироқдир.

1992 йили Тожикистонда рўй берган фуқаролар урушида расмий маълумотларга кўра, тахминан 25 минг аёл бева қолган эди.

Мамлакатдаги ишсизлик, оналар ва болалар ўлими, оилада аёлларга нисбатан зўравонлик, жамиятдаги кўпхотинлилик каби дардли муаммолар халқаро ташкилотларнинг диққат марказида бўлиб келаётгани бу фикрларни далиллашини айтади таҳлилчилар.
XS
SM
MD
LG