Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:59

Тошкент ҳокими дабдабали тўйларни чекламоқчи


Тошкент ҳокими қарорига кўра, тўй қилган пойтахтлик фуқаролар элга ошни 7.00 дан 9.00 гача ёки 12.00 дан 14.00 гача бериши мумкин.
Тошкент ҳокими қарорига кўра, тўй қилган пойтахтлик фуқаролар элга ошни 7.00 дан 9.00 гача ёки 12.00 дан 14.00 гача бериши мумкин.

Озодликка бугун маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов жорий йил 18 апрел куни тўйлар, оилавий тантаналар ва маъракаларни чекловчи қарор қабул қилган.


Унда пойтахтда ўтказилаётган тўй-ҳашам ва бошқа оилавий тадбирларда исрофгарчилик ва дабдабабозлик авж олгани қайд этилади.

Ҳоким қарорига кўра, Тошкент маҳаллаларида тўй ва бошқа оилавий маросимларни мувофиқлаштирувчи жамоатчилик кенгаши ташкил этилади. Кенгашга фуқаролар уюштираётган маросимлар устидан назорат ўрнатиш вазифаси юклатилган.

Жамоатчилик кенгаши таркиби кимлардан иборат бўлиши очиқланмаган, аммо ушбу тузилма “Маҳалла” ва “Нуроний” жамғармалари, Маънавият тарғибот маркази, Хотин-қизлар қўмитаси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идоралари ҳамкорлигида ташкил этилиши айтилган.

Белгиланишича, фуқаролар 7.00 дан 9.00 гача ёки 12.00 дан 14.00 гача элга ош бериши мумкин, куннинг қолган қисмида кафе, ресторан ва тўйхоналарга одамларни чақириш мумкин эмас. Кечки тўй базмларини ҳам 23.00 дан кейин давом эттириш маън қилинади.

Ресторан, кафе ва тўйхона эгаларига ушбу тартибга риоя қилиш, шунингдек, аҳоли тинчини бузмаслик, пиротехника воситаларидан фойдаланмасликни таъминлаш уқтирилган.

Тошкент ҳокими Р.Усмоновга кўра, оилавий маросимлар учун хорижий автоуловлар ижараси ҳақи ошиб бормоқда. Шу муносабат билан мутасаддиларга ижара тизимини тартибга солиш ва аниқ меъёрлар ўрнатиш буюрилган.

Бундан ташқари, қарорда Хотин-қизлар қўмитасига маҳаллий дизайн ташкилотлари билан ҳамкорликда миллий қадриятларга мос келин либоси намунасини тайёрлаш топширилган.

Қайд этилишича, оилавий маросимларни ўтказиш бўйича жамоатчилик фикрини инобатга олмайдиган фуқаролар эл ичида сазойи қилинади – уларнинг масаласи жамоатчилик иштирокида кўрилади.

Ўзбекистон пойтахтидан олинаётган хабарларга кўра, айни пайтда шаҳар маҳаллаларида ва масжидларда дабдабали тўйларни чеклаш ҳақидаги қарор бўйича тарғибот бошлаб юборилган.

Аввал хабар берганимиздек, сўнгги ойлар ичида Ўзбекистон расмий матбуотида дабдабали тўйларга қарши кампания ўтказилмоқда.

Мамлакат ҳукумати қарашларини ифодалайдиган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги айнан Тошкент шаҳар ҳокими қарори чиқиши арафасида тўй, маърака ва маросимлар ўтказишнинг қонуний асосларини яратиш зарур, деган таклиф билан чиққанди.

1998 йил 28 октябрда Ўзбекистон Президентининг айни шу масалада фармони эълон қилинган.

Бир неча йил ўтиб, Ўзбекистон мусулмонлар идораси бу борада фатво қабул қилган.

Бироқ президент фармони ҳам, мусулмонлар идораси фатвоси ҳам кимўзар пойгага айланган тўйларни жиловлай олмаётгани, дабдабали тўй соҳиблари давлат амалдорлариниг ўзи экани айтиб келинади.

Шу сабабли маҳаллий таҳлилчилар Тошкент шаҳар ҳокими қарори ҳам вазиятга сезиларли амалий таъсир кўрсатишига шубҳа билан қарамоқдалар.

Ўзбекистонда тўй қиламан деб иқтисодий муаммолар гирдобига ботаётган фуқаролар сафи кенгайиб бораётгани янгилик эмас. Социологлар хавотир билан таъкидлаётганидек, дабдабали тўйлар мамлакатдаги ижтимоий нотенгликни янада кучайтириб, аҳолининг асосий қисмини ихтиёрий қашшоқликка етакламоқда.
XS
SM
MD
LG