Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:19

Эрондаги компютерларда жосус-вирус топилди


Мутахассислар фикрича, "Flame" вируси Эрон расмий идоралари ва турли ташкилотларга қарашли компьютерларда йиллар давомида бўлган.
Мутахассислар фикрича, "Flame" вируси Эрон расмий идоралари ва турли ташкилотларга қарашли компьютерларда йиллар давомида бўлган.

Компютер вирусларига қарши дастурлар ишлаб чиқарувчи Россиядаги “Лаборатории Касперского” ширкати мутахассислари "Flame" номли янги мураккаб вирус Эрон ва Яқин Шарқ давлатларида тарқалганини айтмоқда.

Ширкат мутахассислари фикрича, "Flame" вируси бир неча йилдан бери Эрондаги компютерларда бўлган.

РБК нашри “Лаборатории Касперского” ширкати мутахассиси Виталий Камлюкнинг "Flame" вируси компютерда сақланган маълумотларга зиён етказмайди", деган сўзларидан иқтибос келтирди.

Вирус қатор операцияларни, жумладан, тармоқ трафигини ҳисоблаш, скриншот қилиш, аудио суҳбатларни ёзиш, клавиатура орқали киритилган маълумотлардан нусха кўчириш ва бошқа операцияларни амалга оширади.

Виталий Камлюкка кўра, "Flame" вируси 600дан ортиқ нишонга етиб боргани тахмин қилинмоқда. Улар орасида якка тадбиркорлар, тадқиқот марказлари ва ҳукумат идораларига тегишли компютерлар ҳам бор.

“Лаборатории Касперского” ширкати ходими Магнус Калкул компютерларга "Flame" вируси бир неча йил олдин юққани ва мутахассислар ундан бехабар бўлганини эҳтимолдан соқит қилмади.

- Унинг, яъни, "Flame" вирусининг вазифаси ўта замонавий бўлмаган компютерларни кузатишдан иборат бўлган. Биз буни бошқа вирусларда ҳам кузатганмиз. Бироқ, қизиғи шундаки, вирус тахминан икки йилдан бери юққанига қарамай, уни ҳеч ким пайқамаган,- дейди Магнус Калкул.

"Flame" вируси Эрондаги қайси компютерларни нишонга олгани ва қанча зарар келтиргани ҳозирча аниқ эмас.

Эронлик мутахассислар "Flame" вируси Нефт вазирлиги ва Миллий нефт ширкатига тегишли компютерларда бўлганини бир неча ой олдин аниқлаганига қарамай, Теҳрон ёрдам сўраб БМТга мурожаат қилганидан кейин воқеа шу ҳафтада оммага ошкор бўлди.

БМТ Москвадаги “Лаборатории Касперского” хусусий ширкатига вирусни ўрганишни сўраб мурожаат қилди.

Ширкат "Flame" вирусини “шу пайтгача аниқланган энг мураккаб таҳдидлардан бири” дея баҳолади.

Эроннинг компютер ҳужумига қарши кураш миллий гуруҳи "Flame" вируси муаллифлари сўнгги ойларда “катта ҳажмдаги маълумотлар сизиб чиққани учун жавоб бериши”ни билдирди.

"Flame" вирусини ким яратгани ҳозирча маълум эмас.

Мутахассислар фикрича, 2010 йилда Эроннинг ядровий дастурига ҳужум қилган “Stuxnet” вирусига ўхшаш "Flame" вируси хаккерлар томонидан эмас, балки ҳукумат ҳомийлигида узоқ йиллар давомида яратилган.

Эрон ҳукумати 2010 йилда мамлакат компютерларида “Stuxnet” вируси тарқалганида Қўшма Штатлар ва Исроилни айблаган эди.

"Flame" вируси “Stuxnet” вирусига нисбатан “20 мартадан ортиқ мураккаброқ экани”ни айтаётган “Лаборатории Касперского” мутахассислари у қайси давлатда яратилганига ишора қилувчи белгилар йўқлигини айтмоқда.

Хабарларга кўра, "Flame" вируси Яқин Шарқ давлатлари, хусусан, Эрон, Исроил, Фаластин, Миср, Судан, ва Сурия ҳудудидаги компютерларга тарқалган.
XS
SM
MD
LG