Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:24

Шаҳар болалари байрамга чиқди¸ қишлоқдагилар ер чопди


Қорақалпоғистонда болалар баҳорги дала ишларида.
Қорақалпоғистонда болалар баҳорги дала ишларида.

1 июн - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида пойтахт Тошкент ва вилоят марказларида турли байрам тадбирлари уюштирилди. Бу байрамдан бехабар аксар қишлоқ болалари эса кундалик юмушлари билан банд бўлди.


Болалигим - пошшолигим!

1июн куни эрталабдан Тошкентдаги сайилгоҳ ва истироҳат боғлари ота-оналар ва болалар билан гавжум бўлди. Чиройли кийинган болалар каруселларда учди, боғларда театр томошалари кўрди, музқаймоқлар билан сийланди.

Ота-онаси ишда бўлганлиги боис укаларини сайлга олиб чиққан тошкентлик Саҳобиддининг айтишича, болалар ўтирган автобусларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эрталабдан Ғафур Ғулом истироҳат боғига олиб келадиган йўллар милиция ходимлари томонидан тўсиб қўйилди:

- Тошкентда бу йил болалар байрами аввалги йилларга нисбатан кенг нишонланди. Ғафур Ғулом боғига катта автобусларда ҳар қаердан болалар олиб келинди. Бу автобуслар келаётганда йўллар тўсиб қўйилди. Айтишларича, булар Меҳрибонлик уйлари болалари экан, дейди Саҳобиддин.

Саҳобиддинга кўра, боғда болалар учун турли хил тадбирлар уюштирилган:

- Боғда қўшимча арғимчоқлар, каруселлар қурилган. Болажонларга цирк томошалари кўрсатиляпти, ҳар хил концерлар бўляпти, болаларнинг ўзлари ҳам чиқиб ашула айтяпти, рақсга тушяпти. Бутун Тошкент болалари бугун уйда ўтирмаган бўлса керак, деган бир хулосага келдим, дейди Саҳобиддин.

"Картмон юпқа бўлса ёмон бўларкан"

Бироқ бугун барча ўзбекистонлик ота-оналар ҳам пошшолик оламида яшаётган фарзандларининг истакларини амалга оширишга қодир эмас. Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган Адҳам аканинг айтишича, бугунги кунда аксар ота-оналарнинг чўнтаклари юпқалиги учун улар фарзандларининг барча истакларини ҳам амалга ошира олмаяпти:

- Тўғрисини айтганда¸ биз бу байрамни уйда нишонлаймиз. Кечқурун энди болалар бир кўчаларга чиқиб келишади. Ҳақиқатни айтадиган бўлсак, болаларимизга ҳамма нарсани муҳайё қилолмаганимиз учун ич-ичимиздан эзилиб юрамиз. Илгари бундай байрамларда ҳамма нарса арзончилик эди, энди эса қимматчилик, пул кам. Болани ҳамма хоҳишини ҳам бажролмайсизда. Ёмони шундаки айнан байрам кунлари нархларни деярли икки баравар ошириб олишади. Шунга яхшиси уйдан чиқмай ўтирамиз. Кўчага олиб чиқсангу болани айтган нарсасини олиб беролмасанг, бундан ёмони йўқ, дейди Адҳам ака.

"Қишлоқ болалари байрамларда кетмон чопади, мол боқади"

Ўзбекистон вилоят ва туманлари марказларида ҳам болалар куни байрам қилинди.

Жиззах вилоятининг Зомин туманида байрам жуда яхши бўлди, дейди невараларини сайилга олиб чиққан ўқитувчи Абдужалил Салимов:

- Байрам чиройли бўляпти. Болаларга морожнийлар, шашликлар олиб бердик. Боғларда концертлар бўляпти, бугун байрам жуда ўзгача, деди Абдужалил Салимов.

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида истиқомат қилувчи тадбиркор Бозорали Суюновнинг айтишича, қишлоқдаги болаларнинг аксарияти Халқаро болалар куни нима эканлигини ҳам билишмайди.

"Бизнинг қишлоқ болалари учун иш биринчи даражали нарса, болалар ҳар қандай байрам кунлари ҳам молу-қўйини боқиб юраверади", дейди тадбиркор:

- Энди бу кун айрим мактабларда нишонланди, деб туришибди. Бизда энди ҳамма нарсани катталар ҳал қилади. Нишонла деса нишонлайди, бўлмаса болалар одатдаги юмушлари билан банд. Кимдир даласида кетмон чопяпти, кимдир молини боқяпти. Мана ҳозир бозорда турибман, лекин болалар жуда кам, одатдагидек ота-оналари билан бирор юмушга келган болалар, деди Бозорали Суюнов.

Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари қатор қонунлар билан ҳимоя қилинган бўлсада, бу ҳуқуқларнинг ота-оналар ва ҳукумат томонидан мунтазам поймол қилиб келинаётгани кузатилади.

Ҳар йили пахта мавсумида қишлоқ мактаблари ўқувчиларининг мажбурий тарзда пахта яганаси, чопиғи ва теримига мажбуран жалб этилгани кузатилади.

Гарчи Ўзбекистон ҳукумати бола меҳнатидан фойдаланмаслик ҳақидаги қатор халқаро конвенцияларга имзо чеккан бўлса-да, ҳар йили икки миллиондан ошиқ бола пахта мавсумида далаларга ҳайдалади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулландиган халқаро ташкилотлар бир неча йилдан буён Ўзбекистон ҳукуматидан болалар меҳнатидан воз кечишни талаб қилиб келади.

Шундай талаблардан яна бири куни-кеча янгради.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳамда болалар ҳуқуқлари учун курашувчи халқаро гуруҳлар Европа Иттифоқи раҳбариятига мурожаат этиб, бу йилги пахта терими пайти Халқаро меҳнат ташкилоти (International Labor Organization) мутахассисларининг мамлакатга киритилиши борасида Тошкент ҳукуматига босим ўтказишни сўрадилар.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:16 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG