Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:25

Косон қамоқхонасидан маҳбус жасади чиқди


30 майга ўтар кечаси Қашқадарёдаги Косон қамоқхонасида жазо муддатини ўтаган Исматулла Аббосов жасади Самарқанддаги уйига келтирилиб, эрта тонгда дафн этилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти хабар тарқатди.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир неча моддаси бўйича айбдор топилган 53 ёшли Исматулла Аббосовни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 2005 йилда ўлим жазосига ҳукм қилган, бироқ мораторий туфайли бу ҳукм 25 йиллик қамоқ жазоси билан алмаштирилганди.

Косон колониясидан берилган тиббиёт хулосасида Аббосов миясига қон қуйилиши натижасида оламдан ўтгани айтилади. Аслида, Аббосовнинг оила аъзоларига кўра, у фақат қандли диабет билан оғриган, соғлиғи бўйича бошқа шикояти бўлмаган.

Аввалроқ Аббосов қандли диабет касали билан Тошкентдаги Сангородда тўрт марта муолажадан ўтган, хасталик зўрайиб кетгани ва қорасон авж олиб кетгани туфайли унинг бармоқлари кесиб ташланган.

Хотини билан сўнгги учрашув чоғида Аббосов ўзини анча тетик сезаётганини, бироқ кўнглида ҳаёти учун қандайдир таҳдид борлигини ҳис қилаётганини айтган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, “Эзгулик” жамияти, марҳумнинг оила аъзолари илтимосномасига кўра, бир ой муқаддам Аббосовни озод қилиш ёки шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш талаби билан юқори инстанцияларга мурожаат қилганди. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячиларининг бу талаби инобатга олинмаган.

Эзгуликчиларга кўра, Исматулла Аббосов ишини кўриб чиқишда қонунчилик ва процессуал меъёрлар қўпол равишда бузилган.

Аббосовнинг оила аъзолари эса уни бошқа одам ўрнига қамалган, деб ҳисоблайдилар.

Шуларни эътиборга олган ҳолда, “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Жиноий ишлар бўйича Жазони ўташ бош бошқармаси маъмуриятидан Исматулла Аббосов ўлими юзасидан изоҳ беришни сўрамоқда.

Айни пайтда ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистондаги Қизил Хоч халқаро қўмитаси вакилатхонаси экспертлари ҳамда Қашқадарё махсус прокуратурасини мазкур иш бўйича текширув ўтказишга чақирган.
XS
SM
MD
LG