Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:32

Паркентда диндор яқинлари бўлган ўқитувчилар ишдан ҳайдалди


Тошкент вилоятининг Паркент шаҳрида яқинлари диний сабабга кўра қамалгани сабабидан мактаб ва лицейларнинг 14 ўқитувчиси ишдан бўшатилди.

Бу ҳақда Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи хабар тарқатди. Ташкилот раҳбари Сурат Икромовнинг Озодликка айтишича, ўқитувчилар таҳдид остида ишдан "ўз ихтиёрларига кўра ишдан кетиш" ҳақида ариза ёзиб берганлар.

- Уларга, сизларни яқинларинг қидирувда, агар ёзмасанглар сизларни ҳам кунинг мана шунақа бўлади, сизларга ҳам жиноят иши қўғатамиз, дегандан кейин, бечоралар, яқинлари қамоқда-де, улар ҳам қўрққан ва ёзиб берган,- дейди Сурат Икромов.

Шунингдек, масжидга борадиган ёки яқин қариндошлари диний сабабга кўра қидирувда бўлган ўқитувчилар ҳам “ўз ихтиёрига кўра” ишдан бўшатилган.

Ташаббус гуруҳига кўра, бу ўқитувчиларнинг деярли ҳаммаси диний айбловлар билан қамалган ёки қидирувда бўлган мусулмонларнинг яқинларидир.

- Бир тумандан шунча ўқитувчи бўшатилгани одамни ҳайрон қолдиради. Кейин мен ўрганиб кўрдим, бу ўқитувчилар яхши сафда турадиган, анча ишлаган, тажрибали ўқитувчилардан. Ўзбекистонда ўзи ўқитувчи етишмайди. Ўқитувчи етишмай турган бир пайтда, ўқиш тугаган пайтда буларни бўшатилиши бу мутлақо нотўғри. Қонунга хилоф равишда бўляпти бу,- дейди Сурат Икромов.

Ташкилот раҳбари Сурат Икромовга кўра, ўқитувчиларни ишдан кетиш ҳақида ариза ёзишга Паркент тумани Халқ таълими бўлими мудири Муҳиддин Ҳасанов мажбурлаган.

Сурат Икромовнинг айтишича, Паркентдаги икки мактабнинг директорлари устидан "Ваҳҳобийлик" диний оқимига мансублик айбловлари билан жиноий тергов олиб борилмоқда.

Шунингдек, дейди ҳуқуқ фаоли, Паркентда қатор фермер ва ишбилармонлар ҳам турли айбловлар билан ҳибсга олинганлар. Рўммол ўраган савдогарлар эса бозордан ҳайдалган.

- Рўмолни ечиб келсаларинг бозорга қўямиз, деб очиқ айтишган уларга,- дейди Сурат Икромов.

Мазкур холатлар юзасидан Паркент тумани расмийларидан изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

Ўзбекистонда давлатнинг кучли назоратидан ташқарида ибодат қилувчи диндорлар доимий таъқиб остидадир.

Ўзбекистон расмийлари диний оқимлар ва ғояларга қарши курашни мамлакатда барқарорликни таъминлаш эҳтиёжи билан асослаб келади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:07 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG