Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:15

Кузатувчилар қатлиом жойини бориб кўрди


Суриядаги БМТ кузатувчилари тинч аҳолидан қарийб 80 одам ўлдирилгани иддао қилинган қишлоққа бориб вазият билан яқиндан танишди.


Суриядаги БМТ кузатувчилари қатлиом содир этилгани иддао қилинган жойни бориб кўрганларида деворларда қон излари ва куйган жасадлар ҳиди бўлганини бироқ 78 киши ўлдирилганини тасдиқлай олмасликларини айтди.

Жума куни БМТнинг 20дан ортиқ кузатувчиси қатлиом содир этилгани иддао қилинган Мазраат Ал-Қубайр қишлоғига борди.

Ундан олдин ўққа тутилгани боис халқаро кузатувчилар мазкур қишлоққа кира олмаган эди.

БМТ матбуот вакилига кўра, халқаро кузатувчилар “даҳшатли жиноят” изларини кўрган.

Ундан олдин Суриялик фаоллар президент Башар Ал-Ассадга тарафдор бўлган жанггарилар 78 одамни ўлдириб ёқиб юборганини хабар қилган.

Халқаро ҳамжамият қатлиомни қоралаб, Сурия Президенти Башар Ал-Ассадни яна бир марта истеъфога чиқишга чақирди.

Сурия ҳукумати қатлиомга алоқадор эканини рад қилмоқда.

Айни пайтда, АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Кофи Аннан билан Вашингтонда учрашди.

- БМТ-Араб Лигасининг махсус вакили, БМТ собиқ Бош котиби, дўстимиз ва ҳамкасбимиз Кофи Аннан билан Давлат департаментида учрашаётганимиздан бағоят хурсандмиз. Биз зўравонликларга чек қўйишни назарда тутган олти банддан иборат Аннан таклиф қилган режани Сурия ҳукумати қандай бажараётгани масаласини муҳокама қилишни давом эттирамиз. Бу масала дунёнинг қатор лидерлари ва БМТ Хавфсизлик кенгашида ҳам муҳокама қилинди, - деди Ҳиллари Клинтон.

БМТ-Араб Лигасининг махсус вакили Кофи Аннан Сурия ҳукуматига босимни кучайтиришга чақирди.

- Сурия можароси ҳақиқий муаммо бўлиб қолмоқда. Мен зўравонликлар тўхтатилишига қаратилган режа бажарилиши борасида Сурия ҳукумати ва бошқа томонларга босимни янада кучайтириш билан боғлиқ масалани Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон билан муҳокама қилаётганимдан мамнунман, - деди Кофи Аннан.

Москвада Клинтоннинг ёрдамчиси Фредерик Хоф Сурия масаласини юқори лавозимли россиялик дипломатлар билан муҳокама қилди.

Кремл эълон қилган баёнотда БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Кофи Аннаннинг режасини амалга тадбиқ этиш учун “халқаро ҳамжамият қўллаб-қувватлаши”ни қозонишга келишиб олингани маълум қилинган.

8 июн куни Германия Россияни БМТ Хавфсизлик кенгаши орқали Сурия Президенти Башар Ал-Ассад режимига қарши кескинроқ чоралар кўриш йўлидаги уринишни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Айни пайтда, Сурияда зўравонликлар давом этмоқда.

Суриялик фаолларга кўра, шанба куни ҳукумат аскарлари Дераа шаҳрини тўплардан ўққа тутгани оқибатида камида 15 одам нобуд бўлган.
XS
SM
MD
LG