Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:28

Евро 2012: Полша-Россия, фанатлар ҳам "куч синашди"


Рус фанатлари ўйин бошланишида Россия гимни ижро этилаётган пайтда "Бу Россия" ёзувли катта баннерни ёзишди.
Рус фанатлари ўйин бошланишида Россия гимни ижро этилаётган пайтда "Бу Россия" ёзувли катта баннерни ёзишди.

Варшавада рус ва поляк футбол ишқибозлари тўқнашуви оқибатида 15 киши жароҳатланди, 140 киши ҳибсга олинди.

Футбол бўйича 2012 йилги Европа чемпионатида, сешанба куни Варшавада майдонга тушган Россия ва Полша жамоалари ўйини 1-1 ҳисобида дуранг натижа ва икки жамоа мухлисларининг тўқнашуви билан якунланди.

Ўйннинг 37-дақиқасида руслардан Андрей Аршавин узатган тўпни Алан Дзагоев поляклар дарвозасига киритиб, ҳисобни очди. Бу Дзагоевнинг Евро 2012 да киритган учинчи тўпи бўлди.

Ўйиннинг иккинчи ярмида Якуб Блашиковскийнинг жавоб тўпи билан поляклар ҳисобни тенглаштирди.

А гуруҳидаги яна бир ўйин – Чехия ва Греция ўртасида 2-1 ҳисобида якунланди.

Бу гуруҳда ўйинларнинг сўнгги раунди олдидан Россия 4 очко билан биринчи ўринда, улардан кейин 3 очко билан Чехия эгаллаб турибди. Полша 2 очко билан учинчи, Греция эса бир очко билан охирги ўринда жойлашди.

Ҳар бир гуруҳда биринчи ўринларни эгаллаган икки команда кейинги босқичга чиқади.

Россия-Полша ўйини олдидан икки жамоа ишқибозлари ўртасида тўқнашув келиб чиқди.

Полша расмийлари рус фанатларининг Варшавада стадионгача юриш қилишларига рухсат берди. Бу юриш руслар 12 июн куни нишонлайдиган Россия кунига тўғри келди.

Варшава шаҳар ҳокимияти ўйин олдидан ишқибозларни босиқ бўлишга чақирди. Россия футбол фанатлари етакчиси юриш тадбири сиёсий тусга эга бўлмаслигини ваъда қилди.



Лекин тарихан Россияга нисбатан гина-кудрат сақланиб келадиган Полшада тадбир зўравонликка айланиб кетди.

Расмийларга кўра, 15 киши жароҳатланиб, 140 дан ортиқ одам ҳибсга олинди.

Полиция назоратида ўтган марш нисбатан тинч бошланди, лекин юриш иштирокчилари Вистула дарёсидаги кўприк олдига етганда тўда-тўда бўлиб турган фанатлар ўртасида муштлашув бошланиб кетди.

Телевидениеда 10-15 кишидан иборат бир неча гуруҳлар муштлашаётгани тасвирланган кадрлар кўрсатилди.



Полиция махсус кучлари қўлларига кишан солинган кишиларни олиб кетаётганини ҳам кўриш мумкин эди. Поляк футбол фанатлари “Россия фоҳиша, Россия фоҳиша” ва “Қизилларни ўроқ ва болға билан сол”, дея қичқиришди.

Ўйин пайтида ҳам Полша полицияси поляк ишқибозлари билан тўқнаш келди. Фанатлар полицияга қарата тош ва шишаларни отишди.

Тўқнашувларга қарамасдан иккала жамоа ишқибозлари ўйин натижасидан қониқди шекилли.

“Ўйиндан олдинги муҳит яхши бўлмади, лекин ҳозир ҳаммаси жойида. Натижа яхши бўлди. Ҳозир муҳими гуруҳдан чиқиб олсак бўлди”, деди поляк футбол фанатларидан бири ўйиндан кейин.

Зўравонликларга қарамасдан, россиялик ишқибозларнинг кўпчилиги ҳам поляклардан кек сақламасликларини айтмоқда.

“Поляклар бизни меҳмондўстлик билан қабул қиляпти. Ишқибозларнинг ҳаммаси ўз командасини қўллаб-қувватлади, лекин бир-биримизга адоватни сезмадим”, деди россиялик футбол ишқибозларидан бири.
XS
SM
MD
LG