Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:26

Тошкент Тиббиёт академиясида наша етиштирилган


Тошкент Тиббиёт академияси 2-клиникаси ҳудудидан 4000 туп наша топилгани айтилаяпти.
Тошкент Тиббиёт академияси 2-клиникаси ҳудудидан 4000 туп наша топилгани айтилаяпти.

Тошкент Тиббиёт академияси 2-клиникасининг ректор ўринбосари ва қоровули клиника ҳудудида наша етиштирганликда айбланиб ҳибсга олинди.

Жорий йилнинг 2 июн куни Тошкент Тиббиёт академияси 2-клиникасида Олмазор туман Ички ишлар бўлими махсус отряди томонидан ўтказилган рейд давомида клиника ҳудудида наша етиштирилаётгани аниқланган.

Олмазор туман ИИБ наркотиклар савдосига қарши кураш бўлимининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, ҳозирда мазкур ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилиб, ишни Тошкент шаҳар ИИБ ходимлари ўрганаяпти.

Милиция ходимига кўра, 2 июн куни Тошкент Тиббиёт академияси 2-клиникаси ректорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари ва қоровули наша етиштирганлик айби билан ҳибсга олинган.

Суҳбатдошимиз ҳозирда тергов-суриштирув ишлари кетаётгани боис воқеанинг бошқа тафсилотларини очиқлай олмаслигини айтди.

Uzmetronom.com ва 12news.uz сайтлари берган хабарда айтилишича, Тошкент Тиббиёт академияси 2-клиникаси ҳудудидаги икки гектар майдондан 4000 туп наша ўсимлиги топилган.

Экспертлар ҳисоб-китобича, 2 гектар майдонда 2 тонна наша ўсимлиги етиштириш мумкин.

Олмазор туман ИИБдан клиника ҳудудидан топилган наша миқдорини аниқлаш имкони бўлмади.

Тошкент Тиббиёт академияси 2-клиникасининг проректорларидан бири Озодлик билан суҳбатда клиника ҳудудида наша етиштирилгани ва икки ходимнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади.

Исмини ошкор қилмаётганимиз ректор ўринбосарига кўра, клиника ҳудудидаги майдондан топилган наша ўсимликнинг ёввойи тури бўлиши мумкин.

Мазкур воқеани ўрганган Озодлик манбасига кўра, клиника ҳудудидаги эски иссиқхона ўрнида ташландиқ ҳолда ётган ерда муассаса ходимлари наша ўсимлиги етиштирган.

Манбанинг айтишича, Олмазор тумани Фаробий кўчасидаги “Ниҳол” кафесининг орқасида жойлашган бу ер майдони фойдаланилмай келингани учун одамлар эътиборидан четда бўлган.

Клиника ҳудудидан топилган наша ўсимлиги ўша куннинг ўзида йўқ қилингани айтилмоқда.

Ҳозирда Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасида мазкур воқеа бўйича Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) бўйича жиноий иш очилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Озодликка маълум бўлишича, клиниканинг 100 дан ортиқ ходими мазкур воқеа бўйича терговчилар томонидан чақиртирилиб, кўрсатма бераяпти.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:22 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG