Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:31

Ижтимоий муаммолар - ўзбек матбуоти нигоҳида


Ҳафта давомида Ўзбекистон матбуот нашрларида “қайноқ” сиёсий воқеалардан тортиб, ушласа қўл куймайдиган илмилиқ ҳодисаларгача – турфа мавзулар қаламга олинди.

Расмий газеталар Ўзбекистон-Хитой муносабатларига бағишланган “Ҳамкорликнинг янги уфқлари” мақоласини ёппасига чоп этди. Мақола Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги томонидан тайёрланганини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак (ушбу сарлавҳа узоқ йиллар давомида агентликнинг хорижий ҳамкорликка доир материалларида навбатчи ёрлиқ сифатида садоқат билан хизмат қилиб келаётгани ўқувчиларга маълум).

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 12 июн куни АҚШ Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уилям Бернсни қабул қилгани хусусидаги хабар ҳам бутун мамлакат газеталарини кезиб чиқди.

Деярли ҳар бир нашрда оилавий тадбиркорлик учун яратилган имтиёзлар хусусида мақола берилди.

Маҳаллий матбуот кўпдан буён чайналган дабдабали тўй мавзусида ҳам ҳафсала билан ёзишда давом этди (“Ҳозир ҳам текинга ош бериладими?”, “Инсон ва қонун”, 12 июн, “Тўйларимиз ибратлими ёки иллатли?”, “Адолат”, 14 июн ва б.)

“Халқ сўзи” 15 июн куни “Қариндошлик риштаси муқаддас, аммо...” мақоласини чоп этди. Сиёсат ёки иқтисодга оид танқиддан холи ҳукумат нашрида, ҳартугул, маиший мавзуда бўлса-да, “тишлироқ” мақола эълон қилинди.

Муаллиф – Республика “Она ва бола” маркази директори Мадина Шарипова Европада қариндошлар никоҳи 1 фоиз бўлган бир пайтда, бу ҳолат Ўзбекистон қишлоқларида кўпайиб бораётганини қайд этади.

“Тарбия ўйинчоқ эмас” мақоласида оммавий маданиятни тарғиб этаётган хориж ўйинчоқлари танқид қилинган (аксар нашрлар ЎзАчилар қаламидан чиққан мазкур материалга ҳам бажонидил жой ажратган).

Мамлакат парламенти депутати Жаҳонгир Бобоев масалага ҳозиржавоблик билан, кескин муносабат билдиради, ўйинчоқлардан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосини яратиш зарурлигини айтади.

Мақола “Қизларимиз мини юбка кийган “Барби” билан эмас, узун атлас кийган “Барчиной”лар билан дўстлашса... ватанпарварлик туйғулари янада теранроқ шаклланиши шубҳасиз” деган теша тегмаган хулоса билан якунланади.

Тошкентда кўп қаватли уйлар олдида жойлашган гаражларни текислаш жараёни кетмоқда. “Новый век” газетаси 14 июн куни “Гаражларни бузиш – енгилликми ёки бошоғриқ?” (Снос гаражей – благо или проблема?) мақоласида бунга муносабат билдирди.

Айтилишча, Олмазор туманида мулк эгаларининг хоҳишига зид равишда гаражлар кунфаякун қилинмоқда. Газета гаражбузарлик қайси ҳужжатга кўра амалга оширилаётганини савол остига олади: “Ҳокимиятдан бузиш учун асос ҳужжат сўралганида, негадир милиция чақиришди. Милиция ходимлари шундай ҳужжат борлигини айтишди, лекин барибир уни кўрсатишмади”.

“Ўзбекистон овози” 14 июн сонида “Давлат бюджети ижроси депутатлар муҳокамасида” корреспонденциясини эълон қилди. Материалда жорий йил биринчи чорагида янги иш ўрни, ялпи ички маҳсулот, саноат ишлаб чиқариш ҳажми ошиши борасида қатор умидбахш рақамлар келтирилган. Бироқ ўқувчини қизиқтирган асосий масала – сўз юритилаётган даврда давлат бюджетидан, дейлик, мудофаа ва хавфсизлик мақсадида қанча маблағ сарфлангани хусусида ёзиш муаллифнинг “хотирасидан кўтарилган”.

Ўзбекистон халқ демократик партияси муассислигида чиқадиган ушбу газетага оид яна бир тафсилот. “Ўзбекистон овози”нинг бир муддат олдин либерал демократик партия ҳақида танқидий мақола чиқарган мухбири ишдан ҳайдалган. “XXI аср” газетаси пайшанба кунги сонида қайд этишича, журналистнинг ишдан бўшатилишига Сурхондарё вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси раҳбари Ў.Олтибоев номидан сохта интервью ёзгани сабаб бўлган.

“Асранди қизнинг сохта ҳужжатлари” суд очеркида (“Истеъмолчи” газетаси; 14 июн) паспорт тизимидаги қаллоблик хусусида ҳикоя қилинади. Айтилишича, тошкентлик Земфира Янбарисова 15 йил олдин вафот этган қизи Гўзаля Гайнуддинова номига ўзга шахс учун сохта паспорт олган, мутасаддилар кўмаги билан бошқа ҳужжатларни ҳам сохталаштирган. Ушбу жиноий ишда Учтепа тумани ички ишлар бошқармаси мулозими, ФҲДЁ мутасаддиси ва Тошкент шаҳар “Ватанпарвар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳам айбланган.

Газеталар чақалоқфурушлар ушлангани ҳақида ахборот берди. Қўшкўпир туман тиббий бирлашмаси ходимлари П.Султонова, Б.Аннақулиева, Ж.Рўзиметова сўнгги 3 йил никоҳсиз ҳомила орттирган аёлларни хилват уйда туғдириб, дунёга келган гўдакларни пуллаб келган. Бу ҳақда Хоразм вилоят ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматов “Маҳалла” газетасининг 21-сонида маълум қилди. Маматовга кўра, Хазорасп туғруқхонаси акушер-гинекологи Раҳимова, врач-ординатор Усмонова, доя Саидназарова ҳам чақалоқ савдоси билан шуғулланган.

“Ҳуқуқ” газетаси 22-сонида ёзишича, Тошкент шаҳар 3-сонли туғруқхона мажмуасининг исми очиқланмаган ҳамшираси ва ҳуқуқшуноси ҳам бола сотгани учун ҳибс қилинган.

“Адолат” газетаси 15 июн куни мева-сабзавотчиликни ривожлантириш муаммосини кўтариб чиққан. Мақолада айтилишича, мамлакатда етиштирилаётган мева-узум маҳсулотлари ўсиб бораётган эҳтиёжни тўлиқ таъминлай олмайди. Газета боғдорчилик билан шуғулланувчи хўжаликларга иқтисодий эркинлик бериш, хориждан кўчат олиб келишига имкон яратиш зарур, деб ҳисоблайди.
XS
SM
MD
LG