Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:37

"Санкцияларнинг бекор қилиниши тўғри иш бўлди!"


ЕИнинг Марказий Осиë бўйича янги махсус намояндаси Патриция Флор Тожикистоннинг Германиядаги элчиси билан.
ЕИнинг Марказий Осиë бўйича янги махсус намояндаси Патриция Флор Тожикистоннинг Германиядаги элчиси билан.

Француз дипломати Пъер Морел ўрнига Европа Иттифоқининг Марказий Осиë бўйича янги махсус намояндаси этиб тайинланган немис дипломати Патриция Флор шундай баëнот берар экан¸ Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар бўлаëтганига ишонади.

Июл ойида Европа Иттифоқининг Марказий Осиë бўйича янги намояндаси Патриция Флор расман иш бошлади.

Ҳозирча бир йилга берилган махсус намояндалик ваколати тажрибали бу немис дипломатини Брюсселнинг Марказий Осиëга нисбатан сиëсатини шакллантиришдаги белгиловчи шаслардан бирига айлантиради.

Германиянинг Шарқий Европа¸ Кавказ ва Марказий Осиë бўйича махсус вакили сифатида бу минтақадаги вазият билан яхшигина таниш Флор хоним Озодлик мухбири билан суҳбатда Брюсселнинг Марказий Осиëга нисбатан ëндашуви асослари ҳақида гапирди.

Озодлик: Европа Иттифоқининг Марказий Осиë бўйича аввалги махсус намояндаси Пъер Морел танқидчилари¸ уни минтақадаги инсон ҳақлари ҳимоячилари билан деярли учрашмаганликда айблайдилар. Сиз минтақадаги ҳуқуқ ҳимоячилари билан Морелдан кўра кўпроқ учрашасизми?

Патриция Флор: Мен Марказий Осиë минтақасидаги вазиятга алоқадор ҳамма томон билан яқиндан ишламоқчиман. Бундай дер эканман¸ албатта¸ ЕИнинг биринчи институционал ҳамкори ҳукуматлар экани¸ яъни президент ва вазирлар билан ишлашимни таъкидлайман. Айни пайтда¸ муносабатлардаги мувозанатни ушлаш учун халқ вакиллари ва фуқаровий жамияти билан ҳам ишлаймиз.

Озодлик: Сиз инсон ҳуқуқлари борасидаги муаммоларни ҳал қилиш учун Марказий Осиë ҳукуматлари олдига конкрет талаблар қўйилишига тарафдормисиз ëки аксинча?

Флор: Мен бундай конкрет талаблар қўйишни¸ бир неча сабабга кўра¸ ҳозирча тасаввур ҳам қила олмайман. Сабаблардан бири¸ бу масалада ниҳоятда кўп ташқи омиллар мавжудлигидир. Бундай омиллардан бири хавфсизлик ва бу Марказий Осиë учун қайсидир маънода¸ ташқи фактордир.

Қолаверса¸ бу ерда қандай аниқ талаблар ҳақида гап кетаëтганини ҳам аниқлаштириб олиш лозим. Қайси муаммони ҳал қилиш ҳақида гап бормоқда¸ нима мақсадда ва бунинг нимага боғлиқлиги ҳам ўрганилиши лозим. Шу боис мен¸ яхшилаб мушоҳада қилмай туриб¸ Марказий Осиë ҳукуматлари олдига инсон ҳақлари борасида конкрет талаблар қўйишни тўғри ëндашув деб ўйламайман.

Озодлик: Сизнингча¸ ЕИнинг Ўзбекистонга жорий этилган санкцияларни бекор қилиши тўғри ҳаракат эдими?

Флор: Менимча¸ ЕИ нинг Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилиши тўғри иш бўлган. Бу саволга “Ҳа” деб жавоб беришимнинг сабаби¸ биз Ўзбекистондаги вазиятнинг яхшиланганини кўрсатган қатор воқеаларга гувоҳ бўлдик. Мен шу ўринда¸ ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги мунтазам инсон ҳақлари борасидаги мулоқотни мисол қилиб келтирмоқчиман.

Бу мулоқот Ўзбекистон билан иш жараëнида янги замин яратди. Яна бир муҳим ҳаракат¸ Ўзбекистонда ЕИ ваколатхонасининг очилаëтганидир.

Шу боис мен¸ Ўзбекистонда прогрессга гувоҳ бўлдик¸ деб ишонаман.

Озодлик: Туркманистон ва Озарбайжон ҳукуматлари ўртасидаги муносабатлар совуқлигича қолаëтган бир пайтда¸ Набукко ва Транс-Каспий қувурлар лойиҳаси келажагини қандай кўрасиз?

Флор: Менинг билишимча¸ Озарбайжон ва Туркманистон ўртасида ҳақиқий можаро ва келишмовчиликлар бор ва афсуски булар ўзаро ишонч барпо этишга хизмат қилмайди. Айни пайтда иккала ҳукумат ҳам¸ Транс-Каспий қувурлар лойиҳасининг¸ Каспий мақоми юзасидан жанжал давом этаëтганига қарамай¸ ўзлари учун аҳамиятли экани борасида якдил фикрда.

Озодлик: 2010 йилги қонли воқеалардан сўнг Қирғизистондаги вазиятни қандай баҳолайсиз?

Флор: Бу қонли воқеалардан сўнг барча миллат вакилларини давлат аппарати¸ хусусан парламент¸ маҳаллий бошқарувга интеграция қилиш муҳимдир.

Шундай қилинса¸ Қирғизистондаги барча миллат вакиллари бу менинг давлатим¸ бу менинг ватаним¸ деган туйғуга қайтади¸ ўз келажаги ва хавфсизлигига ишонч билан қарай бошлайди.
XS
SM
MD
LG