Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:59

Сурия мухолифати Ғарбдан ҳарбий ҳаракат истамоқда


Сурия режимига қарши қатъий санкция қўллаш ташаббуси билан чиққан Франция президенти Франсуа Олланд Башар Ал-Ассадни президент лавозимини тарк этишга чақирди. Сурия мухолифати эса¸ Ғарбдан ҳукумат кучларига уруш очишни сўрамоқда.


6 июл куни Парижда ўз ишини бошлаган “Сурия дўслари” номли анжуманда сўзлаган Олланд Суриядаги можаро “халқаро тинчликка таҳдид” солаётганини баён қилди.

- Ушбу бўҳроннинг халқаро тинчлик ва барқарорликка таҳдид солаётгани бундан буён баҳс мавзуси эмас. Бундан хулоса чиқаришимиз лозим. Башар Ал-Ассад лавозимидан кетиши шарт. Ўтиш даври муваққат ҳукумати тузилиши керак. Бу ҳамманинг манфаатига хизмат қилади, деди Франция президенти.

Париж анжуманида 100 дан ортиқ давлат расмийлари ва Сурия мухолифатининг ўнлаб вакили иштирок этмоқда.

Ал-Ассад режимига нисбатан кескин халқаро чоралар қўлланилишига қарши чиққан Россия ва Хитой вакиллари анжуманни бойкот қилди.

“Сурия дўстлари” анжуманида чиқиш қилган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилди:

- Мен сиздан Россия ва Хитойга мурожаат қилиб, нафақат пассив гувоҳ бўлишни тўхтатиш¸ балки Сурия халқининг қонуний хоҳиш-иродасини фаол дастаклашга чақиришни сўрайман, деди АҚШ Давлат котиби.

Франция президенти Сурияга кўрсатилаётган гуманитар ёрдам ҳажмини кўпайтириш ва мухолифат гуруҳларини кўпроқ қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларни коммуникация технологияси билан таъминлашга чақирди.

Олланд БМТ Хавфсизлик кенгашини Сурияда қон тўкилишига барҳам бериш учун зулик билан чоралар кўришга чақирди.

- Парижда бўлиб ўтаётган бугунги йиғилишимизда бир мақсадни белгилаб олишимиз лозим. У ҳам бўлса, БМТ-Араб Лигаси махсус вакили Кофи Аннаннинг бўҳронни тўхтатиш ҳақидаги режасини яхшироқ дастаклаш учун БМТ Хавфсизлик кенгашини имкон қадар тез фурсатда масъулиятни ўз зиммасига олишини рағбатлантиришдан иборатдир, деди Франсуа Олланд.

Тарқоқ ва ўз ичида бўлиниб кетган Сурия мухолифати халқаро ҳамжамиятни жуда секин ҳаракат қилаётганлик учун танқид қилмоқда. Сурия мухолифати раҳбарлари Ал-Ассад режимига қарши халқаро ҳарбий ҳаракат бошлашни сўрамоқда.

Сурия Миллий кенгаши раҳбари Ҳассан Ҳошимий жума куни Парижда ҳукумат кучлари тинч аҳоли ва қочаётган армия аскарларига ҳужум уюштириши олдини олиш учун Сурия узра парвоз таъқиқланган зона жорий қилиниши кераклигини таъкидлади.

Париждаги “Сурия дўстлари” анжумани Сурия президенти Башар Ал-Ассаднинг яқин иттифоқчиси ва юқори лавозимли армия генерали қочиб кетгани хабар қилинган бир пайтга тўғри келди.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, генерал Манаф Талас Дамашқдан жўнаб кетган. Таласнинг шу пайтгача Сурия режимини тарк этган биринчи юқори лавозимли ҳарбий қўмондон экани айтилмоқда.

Суриялик инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, ўтган йил март ойида президент Башар Ал-Ассад режимига қарши оммавий норозиликлар бошланганидан бери 16 500 нафар суриялик ўлдирилган.
XS
SM
MD
LG