Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:52

Дума эътирозли қонунларни қабул қилди


Давлат Думаси депутатлари қабул қилган учта қонун лойиҳаси жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлди.


Россия парламенти жамоатчилик кескин норозилик муносабатига сабаб бўлган қатор қонунларни қабул қилди.

12 июл куни бўлиб ўтган муҳокамалар давомида Россия Жиноий Кодексига олдинги президент Медведев томонидан олиб ташланган туҳмат тўғрисидаги 129- модда қайтарилди.

Яна бир янги қонунга мувофиқ Россияда бузғунчи ва хавфли деб топилган Интернет сайтлари рўйхати пайдо бўлади¸ бошқасига кўра¸ хориж грантлари асосида фаолият юритаётган ноҳукумат-нотижорат ташкилотлари (НКО) ҳукуматнинг қатъий молиявий назорати остига олинади.

Ҳукмрон “Единая Россия” партияси томонидан ҳозирланган бу янги қонунчилик ташаббуслар¸ сиёсатшунос Сергей Черняховский таъкидича¸ Россия учун ижобий натижа келтиради.

- Сўзсиз, бу ҳукуматнинг ўзини-ўзи ҳимоя қилиш ва курашиш истаги кўрсаткичидир. Болалар порнографияси¸ албатта¸ йўқ қилиниши керак. Мени айримларнинг мазкур янгиликлар масаласида кўтарган шов-шуви ажаблантиряпти. Туҳмат тўғрисидаги қонунга қарши чиқаётган одам туҳмат қилишга тайёрланаяпти, деб тушунаман. Мен туҳмат учун кескин чоралар киритилиши тарафдориман, дейди Дума қабул қилган қонунларни ижобий баҳолаган сиёсатшунос Сергей Черняховский.

Айни пайтда, Россиядаги минглаб журналист ва жамоатчилик намояндалари Давлат Думасига махсус мурожаатнома тақдим этди. Унда жумладан, шундай дейилади:

“Фақат 2009 йилдан 2011 йилга қадар 129-модда асосида 800 киши судланди. Уларнинг кўпчилиги – минтақавий журналист ва блогерлар. Жиноий таъқиб ташаббусчилари сифатида асосан амалдорлар ва ҳукумат вакиллари чиқди.”

Мурожаатномага имзо чекканлар бу масала юзасидан журналистлар иштирокида парламент муҳокамаси ўтказилишини талаб этмоқда.

“Единая Россия” фракциясининг сўнгги пайтларда парламентга киритган “митинглар тўғрисида”, “хориж агентлари”, “қора рўйхат” ва “туҳмат” тўғрисидаги қонун лойиҳалари нафақат журналистлар, балки мухолифат ҳаракати намояндалари ва ҳуқуқ ҳимоячилари қаршилигига учради.

“Жиловни тортиш” сиёсати Россия фуқаролик жамияти қурилишига жиддий путур етказади”, дейди Озодлик билан суҳбатда “ИНДЕМ” жамғармаси раҳбари, социолог Владимир Римский.

- Мен учун бу ташаббуслар давлат бошқарувининг самарасизлиги ва лайёқатсизлигидан даракдир. Биз ҳам болаларнинг Интернетдаги номақбул саҳифалардан ҳимоялаш тарафдоримиз. Лекин нима учун бунга қарши курашнинг бундай усули танланяпти? Бизнинг депутатларимиз фуқароларимиз оғзини беркитиш билан овора. Ахир ҳар бир фуқаро фикр, бирор масалага муносабат билдиришга ҳақли. Ҳукумат эса бизга “Биз, депутатлар ва ҳуқуқ тартибот органлари сиз нимани кўришингиз мумкину, нимани кўришингиз мумкин эмаслигини ҳал этамиз!”, деяпти, дейди қабул қилинган қонунларни танқид остига олган жамиятшунос Владимир Римский.

Кузатувчилар бундай қатъий қонунларнинг оз вақт ичида қабул қилинишини мухолифат кузда уюштиришни режалаëтган норозилик акцияларига тайёргарлик сифатида баҳоламоқда.

Мазкур қонунлар қабул қилинишини тезлаштишни сўраган Россия президенти Владимир Путин унинг муҳокамасига ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳам чақирган эди. Бироқ уларнинг “туҳмат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳукуматнинг мухолифатга қарши курашиш қуролига айланиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришлари инобатга олинмади.
XS
SM
MD
LG