Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:02

Масжидларда хавфсизлик чоралари кучайтирилди


Рамазон ойи ибодатлари хавфсизлигини таъминлаш иддаоси билан Ўзбекистондаги Таровеҳ намози ўқиладиган масжидларга қўшимча посбонлар қўйилди. Шунга қарамай¸ гувоҳларга кўра¸ бу йилги Рамазонда намозхонлар сони анча сийраклашган.


"Рамазон ойи таровеҳлари мамлакат бўйлаб 2 037 та жомъе масжидида ўқилмоқда. Уларнинг 733 тасида ойнинг биринчи ярмида хатми Қуръон қилинади. Намозхонларнинг хавфсиз ва хотиржам ибодат қилишлари учун таровеҳ намозлари ўқиладиган барча жомеъ масжидларида посбонлар хавфсизликни таъминлайди", дейилади Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан тарқатилган маълумотда.

Идорага кўра, Ўзбекистон президентининг шу йил 17 июлдаги "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарори ҳамда муфтий Усмонхон Алимов фатвосига кўра, муборак Рамазон ойида масжидлар, муқаддас қадамжо, зиёратгоҳ ва қабристонларда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Қишлоқ жойларида таровеҳ намозлари хонадонларда ўқилмоқда

“Бунга сабаб, дейди Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Чиял қишлоқ фуқаролар йиғини вакили, аксарият қишлоқ масжидларининг тегишли тартибда рўйхатдан ўтмаганидир.

- Шунинг учун ҳам бундай масжидларга оммавий ибодатларни ўтказишга рухсат берилмаган. Аксинча, кўпгина масжидларимизни "Оталар чойхонаси", "Маҳалла гузари" деб расмийлаштириб, бузилишдан сақлаб қолдик. Одамлар қишлоқ жойларимизда 10-15 киши бўлишиб, Таровеҳ намозларини хусусий хонадонларда ўқишмоқда. Ким ифторлик қилса, рўзадорлар йиғилиб, ўша кишиникида ўқишади¸ дейди қишлоқ фуқаролар йиғинининг ўз исми айтилишини истамаган вакили.

Намозхонлар орасида ёшлар кам

Намозхонлар орасида ҳар йилги каби ёш болалар ва ўспиринларни учратиш мушкул, дейди пойтахтдаги “Қўйлиқ ота” жомъе масжидида ибодат қилаётган Абдурауф ҳожи ака.

Бу намозхонга кўра¸ ўтган йиллари кучайган бу тенденция, яъни болаларнинг ибодатга чопиши олдини олиш мақсадида маҳалла қўмиталари, участка профилактика нозирлари ҳамда таълим муассасалари маъмурлари кучайтирилган тартибда иш олиб бормоқда.

- Таровеҳ намозига қатнаётганларнинг сони негадир ўтган йилгидан камроқ, дея ўз иддосини ҳаво ҳароратининг иссиқлиги, Рамазоннинг айни саратон чилласига тўғри келгани билан изоҳлашга уринган Тошкентдаги “Жўрабек” масжиди қоровули.

Унинг айтишича, Рамазон ойи даврида¸ аксинча¸ бошқа ибодатлар, намозларга келадиганларнинг сони ортган. Бироқ ҳаво ҳарорати, масжидларни совутиш билан боғлиқ муаммолар боис намозхонлар ибодатни асосан масжид ҳовлисида адо этмоқда.

Радио ва ТВда таниқли уламоларга ўрин берилмоқда

Ўзбекистон радиоканали орқали эфирга узатилаётган “Ҳидоят сари” эшиттиришида таниқли уламо, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳамда бошқа таниқли уламоларга кенг ўрин берилмоқда. Ўз навбатида уламолар ҳам ҳукуматнинг мустаҳкам оила, тинчлик ва барқарорлик каби анъанавий сиёсати доирасида чиқишлар қилмоқда. Кўнгилочар радиоканаллар ҳам анъанавий исломий маърузаларни эфирга узатмоқда.

Ўзбекистон телеканалининг Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов муаллифлигидаги “Ҳидоят сари” кўрсатувида муфтий Усмонхон Алимов, шайх Абдулазиз Мансур ўз маърузалари билан кўринди.

Нодавлат телеканаллари тармоғи (НТТ) ифторлик ва саҳарлик олди кўрсатувларда Ўзбекистондаги диний эркинликлар, мусулмонларга яратилган кенг шароитлар ҳақида гапирилди. Маҳаллий журналистлар таъкидича, мазкур кўрсатув ва эшиттиришларнинг ёзма матнлари аввалдан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси тасдиғидан ўтказилган.
XS
SM
MD
LG