Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 11:28

Ассад режими кимёвий қурол қўллашга тайёрланмоқда


Сурия мухолифати ҳукумат кучлари кимёвий қуролларни мамлакат чегарасига жойлаштираётгани ҳақида хабар қилди.

Озод Сурия армияси вакили Қосим Саиддин хабар қилишича, ҳукумат кучлари кимёвий қуролларни мамлакатнинг чегара ҳудудларидаги аэропортлар томонга олиб кетаяпти.

Айни пайтда Ассад режими ва бошқа манбалар бу хабарни тасдиқлаганича йўқ.

23 июл куни Сурия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси агар ташқи кучлар мамлакатга таҳдид қилса, Ассад режими уларга қарши кимёвий қурол қўллаши мумкинлигини билдирди.

Бироқ расмий мазкур қуроллар тинч аҳолига нисбатан ишлатилмаслигини ҳам таъкидлади.

Душанба куни АҚШ президенти Барак Обама Сурия раҳбари Башар ал- Ассадни ўз тасарруфидаги кимёвий қуролларни қўлламасликка чақирди.

Барак Обама Ассад режими бундай “даҳшатли хато”га йўл қўядиган бўлса, халқаро ҳамжамият ва АҚШ олдида ўз қилмишлари учун албатта жавоб беришини урғулади.

- Биз ҳозир Сурия халқи Ассад режимисиз порлоқ келажакка умид қилишлари учун уринаяпмиз. Албатта бу режим кимёвий қуроллар заҳирасига эгалигини ҳисобга олаяпмиз. Биз Ассад ва унинг атрофидагиларга эслатамизки, дунё диққат билан уларни кузатаяпти, агар фожеавий хато йўлга қўйилса ва мазкур қурол ишга солинса, бу шахслар халқаро жамоатчилик ва АҚШ томонидан жавобгарликка тортилади, деди Барак Обама душанба кунги чиқишида.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Дамашқ таҳдидини “номуносиб ҳаракат” дея баҳолади ва халқаро ҳамжамиятни хушёрликка чақирди.

Оқ уй вакили Жей Карни Вашингтон Суриянинг қўшнилари билан бу мамлакатдаги кимёвий қуроллар тақдири ҳақида маслаҳатлашувлар ўтказилаётгани ҳақида маълум қилди.

Расмий Дамашқ душанба куни Араб давлатлари лигаси томонидан таклиф этилган Ассад ва унинг оиласи учун Суриядан “хавфсиз чиқиш” режасини рад этган эди. Бу таклиф Башар Ассадни ҳукуматдан ўз хоҳиши билан кетишини кўзда тутган.

24 июл куни Суриядаги энг катта шаҳарлардан бири Алеппода шиддатли жанглар давом этди.

Хабарларга кўра, ҳукумат қўшинлари исёнчиларга қарши ракета ва артеллерия қўлламоқда.

Исёнчилар айтишича, айрим жойлардан вертолётлардан ҳам фойдаланилмоқда ва бу ҳолатларда исёнчилар тепадан пулемётлар воситасида ўққа тутилаяпти.

24 июл кунги қурбонлар сони камида 33 кишини ташкил қилиши айтилаяпти.

Сурия расмий матбуоти генерал Али Мамлук Миллий хавфсизлик хизматига раҳбар қилиб тайинлангани ҳақида хабар қилди.

Айни пайтда Иордания расмийлари сўнгги уч кун ичида суриялик қочқинлар сони беш минг нафарни ташкил қилгани ҳақида хабар қилди. Ҳозирда Иорданияда жами 140 минг суриялик қочқин бор.
XS
SM
MD
LG