Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:50

Бадахшонда жангарилар қуролларни топширмади


Хоруғда ҳарбий амалиётлар чоғида ўлдирилганларни дафйн этиш маросими.
Хоруғда ҳарбий амалиётлар чоғида ўлдирилганларни дафйн этиш маросими.

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маркази Ҳоруғда 24 июл куни номаълум шахслар томонидан гаровга олинган Бош прокуратуранинг беш ходими озод қилинди.

Тожикистон Бош прокуратураси ўз ходимларининг гаровга олинишида минтақадаги жанггари гуруҳларни айблади.

Душанбе ҳукумати жанггариларга амнистия эвазига ўз қуролларини топшириш ҳамда Миллий хавфсизлик қўмитаси генерали Абдулло Назаровни ўлдирган шахсларни тутиб топшириш ҳақидаги ултиматум берган ва унинг муддати ҳам 28 июл куни тушгача узайтирилган эди.

Аммо шунга қарамай, Тоғли Бадахшондаги собиқ дала қўмондони Толиб Аёмбековнинг жанггарилари ўз қуролларини топширишдан бош тортмоқда.

Маҳаллий маъмурият матбуот маркази баёнотига кўра, вилоят маркази Ҳоруғ ва шаҳарга кириш йўлларига ўрнатилган баррикадалар ҳозиргача олиб ташланмаган.

Жанггарилар аҳолини марказий ҳукуматга бўйсунмасликка чақирмоқда.

Тожикистон мухолифатининг Москвадан бошпана топган вакиллари эса расмий Душанбени Тоғли Бадахшондаги ҳарбий ҳаракатларни олдиндан режалаштирганликда айбламоқда.

- Биз Тоғли Бадахшонда воқеаларнинг бу тариқа ривожланишини олдиндан тахмин қилган эдик. Чунки уч йил олдин шу каби воқеалар Тавилдарада, Гармда содир этилди. Навбат Тоғли Бадахшонга келганини биз сезиб турган эдик. Бу воқеалардан олдин Тоғли Бадахшонда ҳарбий дала машқлари ўтказилган. Бундан мақсад аҳолининг юрагига қўрқув солиш ва “Биз хоҳлаган еримизда тартиб ўрната оламиз”, деб таҳдид қилиш эди, - Тожикистон социал демократик партиясининг регионал қаноти лидери Олим Шерзамонов.

Тоғли Бадахшондаги ҳарбий амалиётни тўхтатиш талаби билан Вашингтон, Москва ва Бишкекда яшаётган тожикистонликлар пикет ўтказди.
Тоғли Бадахшондаги ҳарбий амалиётни тўхтатиш талаби билан Вашингтон, Москва ва Бишкекда яшаётган тожикистонликлар пикет ўтказди.
Тожик мухолифатчиларидан яна бири Иқболшо Муборакшоев Россия президенти Владимир Путинни Тоғли Бадахшондаги вазиятни изга солишга аралашишга чақирди. Мухолифатчи бу борада Путинга мурожаат жўнатганини ва Россия расмий Душанбени жиловлай оладиган ягона куч эканини айтди:

- Бизга ҳозир қандайдир генерални баҳона қилишмоқда. Битта генералнинг умрини бир вилоят, бир шаҳарга тенг кўрмаган давлатга чидаб бўлмайди. Бу иш билан ҳуқуқ-тартибот тузилмалари шуғулланиши керак эди. Бугунги кунда Хоруғда музокаралар олиб борилаётганини айтишмоқда. Аммо автоматлар ўқталиб ўтказилаётган музокараларни музокара деб ҳисоблаб бўлмайди, - деди Иқболшо Муборакшоев.

Тожикистон ҳукумати ҳарбий амалиётлар пайтида 42 киши ҳалок бўлганини билдирган.
Тожикистон ҳукумати ҳарбий амалиётлар пайтида 42 киши ҳалок бўлганини билдирган.
Расмий Душанбе бу каби иддаоларни рад этиб келмоқда. Тоғли Бадахшондаги вазият ҳақида фақат давлатга қарашли оммавий ахборот воситаларидан ҳабарлар олинмоқда. Хоруғда алоқа воситалари узиб қўйилгани сабабли у ердаги чинаккам вазиятни мустақил манбаалар орқали ўрганиш мушкул бўлмоқда.

Сўнгги хабарларага қараганда, Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимов Тоғли Бадахшон аҳолисига мурожаат қилган. Мурожаатда вазир ҳарбий амалиётлар бошлангунига қадар жиноят содир этмаган ва қуролларини ихтиёрий тарзда топширган шахслар жавобгарликдан озод қилинишини билдирган. Тоғли Бадаҳшон аҳолиси вазирнинг бу чиқишини ҳарбий амалиётларнинг якунланиши ўлароқ талқин қилгани айтилмоқда.

Тоғли Бадахшондаги ҳарбий ҳаракатлар Миллий хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармаси бошлиғи Абдулло Назаров ўлдирилганидан уч кун ўтиб бошланди.

24-25 июл куни содир бўлган тўқнашувларда, расмий маълумотларга кўра, 30 жанггари ўлдирилган, 40 нафари қўлга олинган.

Ҳукумат ҳарбийларидан 12 нафари ўлган, 20дан ортиғи яраланган.
XS
SM
MD
LG