Ўзбекистон хабарлари
Ўзбекистонликлар Умра зиёратига йўл олди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси маълумотига кўра, 14 августгача 2000 ўзбекистонлик Умра зиёратига жўнатилиши режалаштирилган.
Зиёратчиларни 2 та ишчи гуруҳ, 10 шифокор ва 2 ошпаз хизмат кўрсатади.
2012 йил 1 мартдан 21 апрелгача давом этган бахорги "Умра-2012" зиëратига Ўзбекистондан қарийб 4000 киши борган
Кун янгиликлари
Россияда фарзандини қийноққа солган ўзбекистонлик аёл қамалди
Россияда фарзандини муттасил равишда қийнаб келганликда айбланган ўзбекистонлик аёл 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Новосибирск шаҳри тергов бошқармаси ёйинлаган хабарномада судланувчи 2021 йилнинг июнь-август ойлари мобайнида 1,5 яшар қизига мунтазам равишда жисмоний ва руҳий азоб бергани қайд этилган.
Ўша йилнинг август ойида қизча вафот этган. Аёл эса тиббий муассасаларга мурожаат қилмай, уни ўзбошимчалик билан дафн қилган.
Аёл РФ Жиноят кодекси 117-моддаси (қийнаш) 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилган.
Ўзбекистон Республикаси Болалар омбудсмани мазкур жиноят иши юзасидан берган қўшимча маълумотга кўра, судланувчи Андижон вилояти Жалақудуқ туманида доимий рўйхатда турган А.Г. 2016 йилдан эътиборан РФнинг Новосибирск шаҳрида турмуш ўртоғи Б.И. билан яшаб келган.
2024 йил бошларида ижтимоий тармоқларда А.Г. 2019 йилда туғилган қизи Р.Х.ни шафқатсизларча ураётгани, кейинроқ эса гўдакнинг жасадини ерга кўмаётгани тасвирланган видео тарқалганди.
Маълум бўлишича, Россия тергов идоралари томонидан аёлга нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Болалар омбудсмани сўрови асосида қўзғатилган.
Аввалроқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Россияда ота-она қарамоғисиз мушкул вазиятга тушиб қолган ўнлаб ўзбекистонлик бола ватанига қайтарилганини маълум қилганди.
Туркман–ўзбек чегарасида божхона пости фойдаланишга топширилди
Туркманистон 4 декабрь куни Ўзбекистон билан чегарадаги “Фароб автойўллари” божхона постини қайта реконструкция қилиб фойдаланишга топширди.
Kun.uz нашрининг Туркманистон давлат божхона хизмати маълумотига таянган ҳолда ёзишича, Бухоро вилоятидаги “Олот” чегара-божхона постига туташ мазкур пост 10 гектаргача (олдин 5,2 гектар эди) кенгайган бўлиб, эндиликда бир вақтнинг ўзида 16 та юк автотранспорт воситасини божхона кўригидан ўтказиш мумкин.
Натижада кунига 1000 тагача юк автотранспорт воситаси ҳаракатланишига имконият яратилиши айтилмоқда.
Расмий Ашхобод “Фароб автойўллари” божхона пости реконструкциясини ушбу ҳудуд орқали транзит юк ташиш ҳажми ошгани билан изоҳлаган.
Туркманистон ва Ўзбекистон расмийлари ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мунтазам музокаралар олиб бормоқда. Туркманистоннинг ҳукуматга яқин нашрлари икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ошгани ҳақида хабар бермоқда.
Шунга қарамай, икки давлат фуқаролари узоқ йиллардан бери саёҳат қилишда қийинчиликларга дуч келмоқда.
Озодлик аввалроқ Тошовуз вилоятидаги “Тошовуз-Шовот” чегара пунктида туркманистонлик фуқароларни Ашхобод томонидан Ўзбекистонга ўтказмаслик ҳолатлари сезиларли даражада кўпайгани муаммосини кўтарганди.
Омбудсман орган ходимлари босими бўйича ўнлаб мурожаатни ўрганди
Жорий йилнинг 10 ойи мобайнида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсман) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган фуқароларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани юзасидан 158 та шикоят келиб тушган.
Омбудсманнинг матбуот хизмати қайдича, бу шикоятларнинг 14 таси юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ўтказилиши белгиланган.
Прокуратура олиб борган терговга қадар текширувларда 52 та мурожаатдаги даъволар тасдиқланмаган.
62 та шикоят юзасидан эса терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Шикоятларни кўриб чиқиш натижасида 10 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чораси қўлланган. 3 та ҳолатда ходимларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Омбудсман ҳисоботида маҳбус ва маҳкумларга руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганига доир тафсилотлар очиқланмаган.
Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм ва мажбурий даволаш муассасалари ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар деб аталади.
Озодлик аввалроқ халқ орасида “Тоштурма” номи билан танилган ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Марказий тергов ҳибсхонаси камераларида белгиланган меъёрдан ортиқ маҳбус сақланаётгани, маҳбусларнинг соғлиғи борасида етарлича қайғурилмаётгани, тиббий хизмат талаб даражасида йўлга қўйилмагани каби масалаларга масъуллар эътиборини қаратганди.
Жорий йил июнь ойида Тошкент вилояти Бекобод шаҳри ИИБ биносига олиб борилган 43 ёшли эркак вафот этгани ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Расмийларга кўра, фуқаро ички ишлар идорасига кириш йўлагида соғлиғи ёмонлашгани оқибатида вафот этган. Фаоллар эса эркакнинг ўлимига ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани сабаб бўлганини билдиришган.
Қуйи палата ўн триллионлик харажатларни 9 дақиқада маъқуллади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 3 декабрь кунги мажлисида 2024 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилди.
Унга кўра, давлат органларининг харажатлари қўшимча равишда 9,98 триллион сўмга оширилди. Шу тариқа давлат бюджети харажатлари аввал тасдиқланган 255,4 триллион сўмдан 265,4 триллион сўмга кўпайтирилди.
Gazeta.uz нашри хабарига кўра, мажлисга йиғилган депутатларнинг барчаси ўзгаришларни бир овоздан ёқлаб овоз берган. Муҳокама жами 9 дақиқа давом этган. Шундан 5 дақиқаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровнинг нутқига сарфланган.
Ҳукумат таклиф қилган лойиҳага асосан, бюджет ташкилотларидаги вакант лавозимлар ва самарасиз, бир-бирини такрорловчи штат бирликларини қисқартириш ҳисобига 1 триллион сўм, болалар нафақалари ва моддий ёрдамдан 2 триллион сўм, вазирлик ва идораларни ривожлантириш учун ажратилган маблағлардан 1,7 триллион сўм иқтисод қилиниши кутиляпти.
Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров давлат ташқи қарзининг йиллик лимити 5 миллиард доллардан 7,3 миллиард долларгача оширилганига эътибор қаратган.
“Қонунчилик палатаси залида қўр тўкиб ўтирган пўрим депутатларнинг бирортаси ҳам қарши овоз беришга журъат этмагани”ни танқид қилган жамоатчилик фаоллари ҳукумат ҳам, парламент ҳам давлат харажатларини ошириш зарурлигини асослаб бермаганини танқид қилишган.
Рубоб ясаш ва чалиш санъати ЮНЕСКО рўйхатига киритилди
Рубоб ясаш ва чалиш санъати ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди.
“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, бу ҳақдаги қарор 4 декабрь куни Парагвай пойтахти Асунсон шаҳрида ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 19-сессиясида маъқулланди.
Рубоб ясаш ва чалиш санъатини махсус рўйхатга киритиш ташаббуси Ўзбекистон, Тожикистон, Афғонистон ва Эрон томонидан илгари сурилган.
Қўмита қарорида Марказий, Жанубий ва Жануби-Ғарбий Осиёдаги энг қадимги мусиқа асбобларидан бири саналган рубоб ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлаш, маданий алмашинув ва ҳамжиҳатликни ривожлантиришга ҳисса қўшиши таъкидланган.
Рубоб ижрочилиги Ўзбекистон ташаббуси билан ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мерос репрезентатив рўйхатига киритилган 16-элемент бўлди.
2023 йилда мазкур рўйхатга Ўзбекистоннинг учта ижтимоий-маданий номинацияси (тазкира, ифторлик ва кулолчилик бадиий безаги), 2022 йилда ипакчилик ва Хўжа Насриддин латифалари, унга қадар эса Бойсун маданий муҳити, Шашмақом, Наврўз байрами, катта ашула, аския ижрочилиги, палов ва ош билан боғлиқ анъаналар киритилганди.
2019 йили Хоразм “Лазги”си ҳам Ўзбекистон маданий меросининг унсури сифатида жаҳон номоддий маданий мероси рўйхатидан ўрин олганди.
Ўрта Чирчиқда газ портлаши оқибатида бир киши қурбон бўлди
Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида 5 декабрь куни содир бўлган газ портлаши натижасида бир киши вафот этган, яна олти киши тан жароҳат олган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тарқатди.
Вазирлик қайдича, портлаш туманнинг “Ким Пен Хва” МФЙ, Қутб Юлдузи кўчасида жойлашган ишлаб чиқариш корхонаси маъмурий-хўжалик биносида Тошкент вақти билан эрталабки соат 07:46 да содир бўлган.
Хабарномада фавқулодда вазиятлар вазири A. Қўлдошев воқеа жойига етиб боргани, ҳодиса оқибатлари вазир бошчилигида бартараф этилаётгани қайд қилинган.
“Шунингдек, ҳодиса жойига вилоят ФВБ раҳбарияти, туман ҳокимияти, прокуратура, ИИБ, ССБ, “Ҳудудгазтаъминоти” раҳбар ходимлари етиб борган. Айни вақтда ФВВнинг ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойида амалий ҳаракатларни олиб бормоқда”, дейилган ФВВ хабарномасида айни пайтда ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.
Термитлардан жабр кўрган фуқароларга уй берилади
Ўзбекистонда термитлар ёки бошқа ҳашаротлар туфайли уйи яроқсиз ҳолга келган фуқаролар давлат уй-жой фондидан янги тураржой олиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг “Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорда ана шу талаб кўзда тутилган.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2025 йил 1 январидан эътиборан туман (шаҳар) ҳокимликлари ташкил этадиган термитлар ва бошқа ҳашаротлар томонидан зарарланган уй-жойларни аниқлаш бўйича комиссиялар томонидан давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали давлат хизмати кўрсатилиши режалаштирилган эди.
My.gov.uz платформаси 29 ноябрь куни мазкур хизмат ишга туширилганини эълон қилган.
Ушбу хизмат ёрдамида My.gov.uz портали орқали тураржой ҳолатини бепул баҳолаш ва тегишли хулоса олиш мумкин. Комиссия тураржойни яшаш учун яроқсиз деб топса, талабгорга уй-жой берилади.
Ҳукумат қарори билан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фанлар академияси билан биргаликда бир ой муддатда термитлар ва бошқа ҳашаротлар томонидан зарарланган уй-жойларни яшаш учун яроқсиз деб топиш учун техник талабларни ишлаб чиқиш топширилган. Икки ой муддат ичида эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу ҳужжатга мувофиқлаштириш зарур.
Халқ орасида “сариқ чумоли”, “ваҳмат” каби номлар билан аталадиган термитлар ёғоч ва таркибида целлюлоза бўлган бошқа материаллар билан озиқланадиган зараркунанда ҳашаротлар бўлиб, иншоотлар ва инсон мулки учун жиддий хавф туғдиради.
Аввалроқ Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти директори Бахтиёр Холматов Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган, ЮНЕСКО муҳофазасидаги “Ичан-Қалъа” тарихий ёдгорлик мажмуасидаги 33 та тарихий обидага зараркунанда ҳашаротлар жиддий зарар етказаётганидан огоҳлантирган эди.
Озодлик бир муддат олдин расмийлар эътиборини Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги уйларга термитлар қирон келтираётганига қаратганди.
“Эзгулик” жамияти халқаро мукофот билан тақдирланди
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Франция Республикасининг “Озодлик, тенглик, биродарлик” халқаро мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда 4 декабрь куни Франциянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маслаҳат комиссияси матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Матбуот хизмати қайдича, Франция Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича "Озодлик, тенглик, биродарлик" мукофоти 1988 йилда CNCDH ташаббуси билан таъсис этилган. Ушбу мукофотнинг мақсади бутун дунёда инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилишда фуқаролик жамиятининг асосий ролини тан олишдир.
Комиссия Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятини мамлакатда рўйхатга олинган ягона мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилоти сифатида эътироф этган. Бу йилги мукофотга “Эзгулик” ўзининг уруш даврида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — ўзбек мигрантларининг Россия агрессорлари томонидан урушга сафарбар қилишнинг олдини олишга қаратилган лойиҳаси бўйича эришган.
Мазкур мукофот дунёдаги бешта фуқаролик жамияти ташкилотига берилади. Бу галги ғолиблар орасида “Эзгулик” билан бирга Камерундаги “Манделла” маркази, Гаитидаги “Citizens” ташкилоти, Колумбиянинг Ludirlena PÉREZ CARVAJAL ташкилоти ва Суриядаги "Caesar" ташкилотлари бор.
Тақдимот маросими шу йилнинг 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида Парижда мамлакат Адлия вазирлиги саройида ўтказилади. Мукофот Франция Республикаси Бош вазири томонидан “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановга топширилади.
Атмосферани булғаётган қурилиш масъуллари жавобгарликка тортилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасида 4 декабрь куни экологик вазиятни яхшилаш, атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш, қурилиш ташкилотларининг масъулиятини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Қуйи палата матбуот хизмати маълумотига кўра, қонун лойиҳаси билан қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун қурилиш ташкилотлари мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Жумладан, ушбу ҳаракат учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (3 миллион 750 минг сўм) миқдорида, ҳуқуқбузарлик жазо қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, БҲМнинг 50 баравари (18 миллион 750 минг сўм) миқдорида жарима белгилаш режаланмоқда.
Маълумот ўрнида: Тошкент жорий йилнинг 21 февраль куни ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича дунёнинг йирик шаҳарлари орасида биринчи ўринга чиққан.
IQAir порталига кўра, ўша куни пойтахт ҳавосида PM2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 171 мкг/м3 ни ташкил этган. Бу ЖССТ тавсия этган ўртача ҳаво сифати кўрсаткичидан 34,2 баробарга кўпдир.
Озодлик жорий йилнинг учинчи ноябрга ўтар кечаси ҳам Тошкент ҳавосида заҳарли заррачалар миқдори 780 мкг/м3 даражагача ошгани ҳақида хабар қилганди.
Жаҳон банки ҳисоботига мувофиқ, Тошкентда PM2,5 майда заррали чанглар таъсири оқибатида йилига ўртача 3042 киши бевақт вафот этади.
Сурияда жанг қилаётган ўзбекистонлик қидирувга берилди
Сурияда ҳукуматга қарши кечаётган қуролли ҳаракатларда иштирок этаётган Ўзбекистон фуқароси Давлат Тиллабердиев қидирувга берилди. Бу ҳақда Qalampir.uz нашри Ички ишлар вазирлиги маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.
Д. Тиллабердиев 1995 йилда Жиззах шаҳрида туғилган. Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу шахс Туркияда халқаро террористик ташкилот таъсирига тушгани, 2019 йилнинг сентябрь ойида айланма йўллар орқали Сурияга кетгани аниқланган.
Ҳуқуқ идоралари қайдича, ўша йили Тиллабердиев мазкур давлат ҳудудида “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилотининг Ҳавон ҳарбий базасида махсус тайёргарликдан ўтиб, Дамашқ ҳукуматига қарши қуролли ҳаракатларда иштирок эта бошлаган.
Мазкур шахс Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155-2-моддаси (террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш), 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) ҳамда 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) бўйича айбланмоқда.
Ўтган ҳафта Сурияда Туркия билан алоқаси борлиги айтиладиган “Ҳайъат Таҳрир уш-Шом” террор гуруҳи ва бошқалар дохил исломий гуруҳлар президент Башар Асад назорати остидаги Сурия армияси ва унга иттифоқдош бўлган эронпараст гуруҳларнинг Ҳалаб шаҳри ғарбидаги позицияларига кенг кўламли ҳужум бошлаган.
Қуролли тўқнашувлар чоғида жиҳодчилар ҳукумат армиясининг стратегик жиҳатдан муҳим нуқталари ва аҳоли пунктларини эгаллаб олишган. Ҳужумларга жавобан Сурия армияси россиялик ҳарбийлар билан биргаликда қуролли гуруҳлар позицияларига зарба бериш учун авиацияни ишга солган.
Содир бўлаётган воқеалар сўнгги йилларда Сурияда кузатилаётган фуқаролар урушининг энг йирик эскалациясига айланиши мумкин.
Тошкент мактабларида вирусли гепатит қайд этилди
Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 214- ва 65-мактабларда вирусли гепатит билан касалланиш ҳолатлари қайд этилди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Тошкент шаҳри бош бошқармаси маълум қилди.
Шу муносабат билан ушбу таълим масканларида Санэпидқўмнинг Миробод тумани бўлими мутахассислари томонидан эпидемиологик текшириш ва санитария назорати ўтказилган.
Текширувда мактабларнинг санитария ҳолати талабга жавоб бермаслиги аниқланган ва камчиликлар юзасидан мактаб раҳбариятига нисбатан маъмурий баённома тузилган.
Жорий йил сентябрь ойида Яшнобод туманидаги, октябрь ойида эса Бектемир туманидаги мактабларда ҳам ушбу юқумли хасталик рўйхатга олинганди.
Вирусли гепатит А, B, C, D ва E каби беш асосий турга бўлинади. Халқ орасида “сариқ касаллиги” номи билан аталадиган гепатит “А” жигарнинг жароҳатланиши билан кечади ва ўта юқумлидир.
Гепатит А ва E ифлосланган сув ва озиқ-овқат орқали, B, C ва D турлари эса қон ва тана суюқликлари орқали тарқалади, C кўпинча сурункали бўлиб, цирроз ва жигар саратонига олиб келади.
Ўзбекистонда B ва C гепатити кенг тарқалган.
БМТ ўрганишларига қараганда, 2016 йилда мамлакатда тахминан 2,5 миллион нафар гепатит B ва 1,3 миллион нафар гепатит C беморлари борлиги аниқланган.
Ўзбекистонда 2021 йилда гепатит C вирусига қарши кураш бўйича миллий дастур ишга туширилган. Ундан кўзланган мақсад 2030 йилга келиб республикада ушбу вирус билан касалланиш даражасини нолга туширишдир.
Озодлик аввалроқ вирусли гепатитга қарши вакцина қимматлашининг ижтимоий, иқтисодий оқибатларини таҳлил қилганди.
Ўзбекистон тинч атом бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқчи
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 декабрь куни Тошкенда Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) бош директори Рафаэль Гроссини қабул қилди.
Президент матбуот хизмати ахборотига кўра, учрашув якунида тинч атом соҳасини ривожлантириш бўйича кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилган.
Халқаро агентлик дастурлари доирасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ядро энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, сувдан фойдаланиш, соғлиқни сақлаш, экология соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари экани таъкидланган.
Маълум бўлишича, 5 декабрь куни Самарқанд шаҳрида соҳадаги етакчи хорижий экспертлар иштирокида Атом энергиясидан фойдаланиш масалалари бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади.
Халқаро атом энергияси агентлиги БМТ қошида 1957 йилда жаҳон давлатларига атом энергиясидан тинчлик йўлида фойдаланиш мақсадида ташкил этилган.
Ўзбекистон 1994 йилдан буён мазкур тузилмага аъзо. Ўттиз йил мобайнида ушбу ташкилотнинг техник кўмагида 40 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилган.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон жорий йил июнь ойида “Росатом” давлат корпорацияси билан кичик қувватли АЭС қурилишига доир ҳужжатни имзолаган. 330 МВт қувватга эга станция (ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтита реактор) Жиззах вилоятида (Тузкон кўли) барпо этилади.
Бир неча йил аввал МАГАТЭ экспертлари Ўзбекистонда бўлган ва мамлакатда ядровий энергетика дастурини амалга ошириш ишларини комплексли равишда баҳолаган эди.
ДХХ собиқ раиси Азизов собиқ адлия вазирига муовин бўлди
Жорий йилнинг 23 ноябрь куни бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида Шавкат Мирзиёев томонидан Давлат хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимидан бўшатилган Абдусалом Азизов президентининг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозими этиб тайинланган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Генерал Азизовнинг ДХХ раиси лавозимидан олинишини Озодлик манбалари шу йилнинг 26 октябрь куни Қибрай туманида президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасд билан боғлашган.
64 яшар Абдусалом Азизов Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён ДХХнинг ишдан олинган учинчи раҳбаридир. Ички ишлардан чиққан Азизов 2019 йил февралида ДХХ раиси этиб тайинланган ва бу лавозимда 5 йилдан кўпроқ ишлаган.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ёйинлаган хабарномада Шавкат Мирзиёевнинг фармонлари асосида бошқа қатор мулозимларнинг муайян лавозимларга тайинлангани ёки ишдан олингани ҳам билдирилган. Улар орасида аввал адлия вазири лавозимида ишлаган Русланбек Давлетов ҳам бор.
Вазирликдан сўнг президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Мирзиёевнинг янги фармони билан президентнинг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган. Шундан келиб чиқилса, ДХХнинг собиқ раиси эндиликда собиқ адлия вазирига муовинлик қилади.
Тадқиқот: Ўзбекистон криптоактивлар бўйича минтақада етакчи
Ўзбекистон криптоактивларни қабул қилиш бўйича глобал индексда Марказий Осиё ва Кавказда биринчи, дунёда эса ўттиз учинчи ўринни эгаллади. RISE Research компанияси томонидан Freedom Horizons, KPMG Caucasus and Central Asia, Heemera, “Остона” халқаро молия маркази, Қозоғистон Миллий тўлов корпорацияси ва Mastercard компанияси ҳамкорлигида ўтказилган тадқиқот шундан далолат беради.
Рақамли молиявий активлар бозорини ўрганиш бўйича тадқиқотда қайд этилишича, Ўзбекистон ёш, технологик жиҳатдан саводхонлиги юқори аҳоли улуши ортиб бораётгани эвазига марказлашмаган молияни қабул қилиш бўйича глобал рейтингда сезиларли ўсишга эришган.
2023 йилда мамлакатда 512,3 минг фуқаро (умумий аҳолининг 1,46 фоизи) криптоактивларга эгалик қилган.
Жорий йил октябрь ҳолатига кўра, мамлакатдаги криптосаноатда 15 та лицензияга эга хизмат кўрсатувчи провайдер (2 криптобиржа, 3 криптодепозитарий ва 10 криптодўкон) мавжуд. Уларнинг айланмаси 1 миллиард доллардан ошган. 2022 йилдан буён давлат бюджетига тушумлар ҳажми эса 3,6 миллион доллардан кўпроқни ташкил этган.
Gazeta.uz нашрининг аниқлик киритишича, глобал криптовалютани қабул қилиш индекси турли мамлакатларда аҳоли ва корхоналар криптовалюталардан кундалик операциялар, инвестициялар ва бошқа молиявий мақсадларда қанчалик фаол фойдаланаётганини тушунишга ёрдам беради. Индекс турли омиллар таҳлилига асосланади ва мамлакатларнинг криптовалюта иқтисодиётидаги иштирокини қиёсий акс эттириш мақсадида тузилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон резидентлари криптоактивларга фақат мамлакатда лицензияланган провайдерлар орқали эгалик қилиши мумкин. Криптоактивларнинг ноқонуний айланмаси учун эса жавобгарлик жорий этилган. Ушбу ҳуқуқбузарлик учун жаримадан тортиб 5 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.
Мамлакатда бир неча киши ноқонуний криптовалюта олди-сотдисида айбланиб, маҳкамага тортилгани маълум.
Тошкентда йирик қарздорлар сув тармоғидан узилмоқда
Тошкент шаҳрида катта миқдорда қарзи бор йирик истеъмолчиларни совуқ сув таъминотидан узиш бошланди.
Жумладан, пойтахтдаги “Ипподром” бозори тармоқдан узилган. “Тошкент шаҳри сув таъминоти” АЖ матбуот хизмати ахборотига кўра, бозорнинг совуқ сув бўйича умумий қарзи 220 миллион сўмни ташкил этади.
Пойтахт сувсозлари ўз вақтида тўлов қилмаган кўп қаватли хонадонлар ҳам таъминотдан маҳрум этилишидан огоҳлантирган.
Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда истеъмолчиларнинг ичимлик сувдан қарздорлиги 1 трлн сўмни ташкил этмоқда. Шундан 740,5 млрд сўм жисмоний, қолгани эса юридик истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келади.
Озодлик аввалроқ Ўзбекистон пойтахтида истеъмолчиларнинг сувдан умумий қарздорлиги 200 миллиард сўмга етгани ҳақида хабар қилган эди.