Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:55

Абитуриент-2012: Ўқишга киришнинг янги ва янги усуллари


2012 йилнинг 1 август куни Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган тест имтиҳонидан олинган бу сурат gazeta.uz сайтига тегишли.
2012 йилнинг 1 август куни Ўзбекистон Миллий университетида ўтказилган тест имтиҳонидан олинган бу сурат gazeta.uz сайтига тегишли.

1 август куни Ўзбекистонда Олий ўқув юртларига қабул имтиҳонлари бўлиб ўтди. Тестдан чиққан айрим талабалар Озодликка қаттиқ текширувларга қарамай¸ шпаргалкаларнинг кенг спектрини имтиҳон залига олиб кира олганини гапириб берди.


Тест хонасида телефонлилар бор эди

Тошкентдаги бир ўринга камида 12 нафар абитуриент даъвогарлик қилаëтган нуфузли олийгоҳлардан бирида тест топширган 19 яшар йигит ҳикояси:

- Текширув қаттиқ бўлди. Қизларни алоҳида¸ ўғил болаларни алоҳида текширишди. Абитуриентлардан олиб қўйилган телефон ва бошқа турли шпаргалкалар бир сават бўлди.

Қизларнинг ички кийимлари орасидан шпаргалкаларни суғуриб олишди. Ўғил болалар кийган туфли ва кроссовкаларни¸ ерга қатттиқ уриб текширишди. (ичида телефон бор деган гумонда)

Шунга қарамай¸ суҳбатдош тест синовига бир эмас¸ иккита мобил телефони олиб кира олганини айтади:

- Оëқ кийимим пошналарига иккита телефон жойлаштирдим. Қулоғимда махсус тугмадай эшитиш мосламаси. Чўнтакларимни долларлар билан тўлдирдим.(Кўриб қолган текширувчиларга узатиш учун.)

Текширувчиларнинг икки халқасидан телефонларни олиб ўта олдим. Тест ўтказилган катта хонада 55 та абитуриентга 4 нафар текширувчи-ўқитувчи бор эди. Аммо бошда улар анча суст эди. Телефондан фойдаланаман деб¸ турганимда ўқув залига ўрисбашара СНБ ходими кириб келиб ҳамма шпаргалкачиларни қийратди.

Биттасининг телефонини тортиб олиб¸ ҳайдаб чиқарди ва бунга йўл қўйгани учун хонадаги ўқитувчига нисбатан олдимизда далолатнома туздирди. Ана шундан кейин тўрт текширувчи ҳам фаоллашиб¸ тинимсиз парталараро юришга ўтди.

Пировардида телефон олиб киришни эплаганим билан¸ ундан фойдалана олмадим дейди суҳбатдош.



Озодлик билан суҳбатлашган яна бир талаба Урганч университетининг мусиқа факултетига имтиҳон топширди:

- Мен ўтган йили балим етмай йиқилган эдим¸ бу йил тест синовларини яхшироқ ечишга ҳаракат қилдим. Тест синовида назорат кучли бўлди¸ аммо бултургидай кучли бўлмади. Кўзимнинг олдида абитуриентлар телефонлардан фойдаланишди. Бир-иккита танкаси кучсизларнинг телефонини тортиб олишди. Аммо телефондан бемалол фойдаланиб ўтирганларни кўрдим¸ дейди урчанчлик абитуриент қиз.

Паравоз гувиллаб ишлади

Ҳар иккала суҳбатдошимиз тест мобайнида "паравоз" деб айтилган тизим самарали ишлаганини айтишди.

Олдиндан махсус тайëрланиб “абитуриент” дея расмийлаштириб залга киритилган “билимдон” беш-олтита талабанинг тест синовларини ечиб беради; яъни паравоз бўлиб уларни тортади.

"Паравоз" тизимининг йиллар давомида мукаммаллаштирилиб келингани кузатилади.

2011 йили Бухоро университетига ўқишга киритиш учун ташкиллаштирилган жиноий гуруҳ қўлга олинган эди.

Суд-тергов материалларига кўра “Wi-Fi” тўлқинли радиоалоқа антенналари билан жиҳозланган махсус ускуна Бухоро шаҳридаги “Зарафшон” меҳмонхонаси томига жойлаштирилиб абитуриентларга маълумот етказиб туришни амалга оширган.

Бухородаги 30 кишилик гуруҳ қамоққа олингани билан бундай гуруҳлар янада мукаммаллашган тарзда республиканинг барча олийгоҳлари атрофида ишламоқда¸ дейди ана шундай гуруҳларни компютер дастурлари билан таъминловчи Расул исмли программист.

Самарқанд Тиббиëт институтига билагида телефони борлар кира олади

Самарқанд Тиббиëт институтига жиянини етаклаб борган самарқандлик оддий ишчи 1 август куни тест имтиҳонлари топшириш манзарасини кузатди:

- Назорат номига бўлаяпти¸ холос. Жуда кўп одам телефон олиб кирганини кўрдим. Билагига телефонни ëпишқоқ лента билан ëпиштириб киришаяпти.

Уларни олиб кириб кетаëтган “толкач”лар номига уларни назорат қилаяпти. Олдиндан келишилган режага кўра “толкач” гўëки абитуриентни чўнтагидан битта “телефон” топади. Аммо асосий телефон билакка ëпиштирилган бўлади. “Толкач”бу телефонни тортиб олиб саватга ташлайди. Кейин абитуриент телефон ëпиштирилган қўлини кўтариб туради. “Толкач” уни текширган бўлиб ичкарига олиб киради.

Тўғри жавоб учун 100 доллар

Самарқанд Тиббиëт институти олдида тўғри жавобнинг ҳар бирини 100 долларга тест бўлаëтган хонага киритиб бераман деганлар билан тўла¸ дейди вазиятни кузатган суҳбатдош:

- Менинг жияним тест топшириб чиқди. Ўшаларга 100 доллар берибди.Ичкарида катта курс студентлари пул эвазига ечиб бераëтган экан. Қисқаси бозор, дейди суҳбатдош.


Саримсоқпиëз услуби

Тошкентдаги олийгоҳларга кираëтганлардан баъзилари имтиҳон олдидан тўйиб саримсоқ еб келишмоқда.

Бу гапни Озодликка етказганларга кўра¸ улар қўл ва бўйинларига ҳам саримсоқ суриб олишган.

Бундан мақсад текширувчиларни ўзидан нари қилиш.

Бир гуруҳ талабалар саримсоқпиëз услуби ҳақида Twitterда ëзиб¸ айни ëз пайтида саримсоқ ҳидли абитурент ëнига СНБ текширувчилари яқинлашмаëтганлигини таъкидлашди.

Энг муҳими¸ шпаргалкалардан унумли фойдаланиб қолиш. Тест имтиҳонидан кейин бир-икки чўмилишса ҳид кетади. Олийгоҳга кирганинг қолади¸ дейишмоқда 2012 имтиҳон йилининг энг самарали услубини топганидан хурсанд абитуриентлар.

1 август кунги тест синовлари билан боғлиқ тафсилотларни кун давомида бойитишда давом этамиз...

Справка ўрнида....

Бу йил Ўзбекистон олий ўқув юртлари 62,9 минг нафар абитуриент қабул қилади.

Ўзбекистон Олий таълим вазирлигига кўра, 56607 абитуриент бакалавриатга кириши, улардан 19 340 нафари давлат грантлари бўйича, 37 267 нафари тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин.

2012-2013 ўқув йили учун магистрлар квотаси 6,3 минг кишини ташкил этади.

Улардан 1566 нафари давлат гранти бўйича, 4734нафари тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

Давлат кириш имтихонлари 1 август куни бўлиб ўтди.

Ўтган йили Ўзбекистон олий ўқув юртларининг қабул қилиш квотаси 56 607 ни ташкил этган эди.

Абитурентларнинг 19 560 нафари грант бўйича, 37 047 нафари эса – контракт бўйича қабул қилинган эди.
XS
SM
MD
LG