Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:52

Судялар даромад солиғидан озод этилди


Президент Каримов имзолаган янги фармонга кўра, солиқдан озод этилиш баробарида судяларга уй-жой сотиб олишда имтиёзли ипотека кредитлари¸ уй ижараси учун эса ойлик компенсация бериладиган бўлди. Ўзбекистонда сиëсий ҳокимиятга қарам экани айтиладиган суд тизимини¸ бундай имтиëзлар билан коррупциядан тозалашнинг имконсиз экани айтилмоқда.

Судянинг маоши кўпаядиган бўлди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2 август куни “Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Ҳужжатга кўра, Конституциявий суд, умумий юрисдиксия судлари ва хўжалик судларининг судьялари хизмат вазифаларини бажаришлари муносабати билан оладиган даромадлари жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиқ тўловидан озод қилинади.

Президент бу фармонида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда судьяларга имтиёзли шартлар асосида уй-жой сотиб олиш учун узоқ муддатли ипотека кредитлари бериш, шунингдек, турар-жой ижараси учун ҳар ойда пул компенсацияси тўлаб боришни назарда тутадиган тартибни тасдиқлашни топширди.

Бунга кетадиган маблағ давлат бюджетидан¸ хусусан судлар ва адлия идораларини ривожлантириш Фонди ҳисобидан қопланади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий судига Олий хўжалик суди билан келишилган ҳолда Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурини тасдиқлаш ҳам топширилди.


"Солиқдан озод қилиш эмас, маошни кўпайтириш керак"

Судялар фаолияти билан яқиндан таниш бўлган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, ҳукумат суд тизимидаги коррупцияни камайтиришни истаса¸ бу масалага бошқа томондан ёндашиши керак :

- Судяларни маошини кўтариш керак. Мана мен билган судялар ўртача 500 минг сўм атрофида маош олади. Бу бозор курсида 200 доллар ҳам эмас. Бунга тирикчилик қилиб бўладими, бу бир одамнинг ўзига етиши қийин. Бу умуман ақлга сиғмайдиган нарса. Бу маош ҳукуматнинг ўзи судяларни коррупцияга атайлаб торттиряпти, деганику. Аввало бунақа лавозимдаги одамларнинг ўзларини қорни тўқ бўлиши керак. Энди мана 50-60 минг солиғингни қайтариб беряпмиз, ҳалол ишла дейишнинг ўзим шармандалик, дейди Суръат Икромов.


"Судлар ижроия ҳокимиятидан мустақил бўлиши керак"

Исми сир қолишини сўраган андижонлик адвокат фикрича, бугунги кунда судлар 100 фоиз коррупциялашган ва уларнинг даромад солиқларидан озод қилиниши амалда ҳеч нарсани ўзгартирмайди:

- Бу учун тузумни ўзгартириш керак. Судлар сиëсий ҳокимиятдан мустақил эмас. Мансабдор шахслар бевосита судлар ишига дахл қилиши мумкин. Бу биринчи томони. Иккинчи томони эса¸ улар порасиз бугун шунчаки яшолмайди. Менинг ўзимнинг бир неча курсдош судя танишларим бор. Машинани перчатка алмаштиргандай алмаштиради. Уйларини кўрсангиз қаср, дейсиз. Бир киши тирикчилик қилиши қийин бўлган маошга шунча даромадни қаердан орттириш мумкин, дейди адвокат.

Яна бир ўзбекистонлик адвокат Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бир жиноий ишни кўриб чиқиш жараёнида адолатни қарор топтириш учун мижоз билан судянинг “олди-берди”сида билвосита даллоллик қилганини айтди. Унинг айтишича, судлар ишончли одамлар воситасида инсон тақдири хусусида худди мол бозоридаги мол сотаётган одамдай савдолашади.

Вазифалар юкланди, лекин ўзгариш бўлармикин?

Янги фармонга биноан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Адлия вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда фуқаролик ишлари бўйича судлар судьяларининг мавжуд иш юкламасини, туманлараро судларнинг ўзларига бириктирилган ҳудудларга нисбатан қанчалик олисда жойлашганини ўрганиб чиқади ва фуқаролик ишлари бўйича судлар тизимини оптималлаштириш бўйича таклифларни киритади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрлайди. Бунда судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланган (сайланган) шахсларнинг тегишли равишда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судида мажбурий тайёргарлик ва стажировкадан ўтайди.
XS
SM
MD
LG