Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:04

Ўзбекистонда 1,5 минг ташкилот лицензиясиз таълим берган


Ўзбекистондаги хусусий ўқув марказларининг аксарида компьютер саводхонлиги ўқитилади.
Ўзбекистондаги хусусий ўқув марказларининг аксарида компьютер саводхонлиги ўқитилади.

Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, Ўзбекистонда 1527 тадбиркорлик субъекти махсус лицензияга эга бўлмаган ҳолда таълим бериш билан шуғулланиб келгани аниқланган.

Лицензиялашган ўқув курслари

Бухоро шаҳридаги “Effective study” ўқув маркази 12 йилдан буён фаолият кўрсатади.

Ўқув маркази раҳбари Улуғбек Ҳасановга кўра, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан берилган махсус лицензия асосида марказ турли тиллар бўйича таълим бериш ҳуқуқига эга.

- Ўқув марказимизда 4-5 йил олдин ҳамма тиллар бор эди. Италян тили, форс тили, араб тили, хитой тили. Лекин ҳозирги пайтда инглиз тили долзарб тиллардан бири бўлганлиги сабабли, асосан, инглиз тилини ўргатаяпмиз. Кейин ўзимизнинг ўзбекистонликлар учун ва чет элликлар учун рус тили ва ўзбек тили бор. Яна компютер саводхонлиги. Чет элликлар шу студентларми ëки бирор-бир корхонада ишлайдиганларми, Ўзбекистонга келиб ишлаб юрганлар, ўшалар келиб ўрганаяпти. Ҳиндистонликлар, хитойликлар ўрганаяпти рус тили, ўзбек тилини,- дейди ўқув маркази раҳбари Ҳасанов.

Унинг айтишича, “Effective study” ўқув маркази 2006 йилда Бухородаги мактабдан ташқари ўқув курслари орасида биринчилар қатори лицензия олган.

Лицензиясиз ўқув курслари

Яқинда Ўзбекистон Адлия вазирлигининг Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш Бош бошқармаси томонидан нодавлат таълим муассасалари фаолияти бўйича мониторинг ўтказилган.

Мониторинг натижасида 406 та хусусий корхона, 392 та маъсулияти чекланган жамият, 363 та муассаса, 202 нафар якка тадбиркор, шунингдек, бошқа турдаги яна 164 ташкилот жами 1527 та ташкилот лицензияга эга бўлмасдан таълим бериш билан шуғулланиб келаётгани аниқланган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлиги Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш Бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Қаюмов “Инсон ва қонун" газетаси орқали маълум қилган.

Тошкент шаҳридаги 676 ташкилот хорижий тиллар, тикувчилик, ҳамширалик, сартарошлик, компютер ўргатиш билан қонунга ҳилоф равишда махсус лицензияга эга бўлмаган ҳолда фаолият кўрсатиб келаётгани аниқланган.

Ушбу мониторинг натижасида вақтинчалик фаолияти тўхтатилган Тошкентдаги ўқув курсларидан бирининг раҳбари ўзини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка айтишича, ўқув курси 2007 йилда давлат рўйхатидан ўтказилган.

Бироқ суҳбатдошга кўра, Тошкентдаги аксар ўқув марказлари махсус лицензиясиз фаолият кўрсатиб келаётгани боис, лицензия нархининг қимматлиги боис у ҳам лицензия олмаган.

Ҳозирда ушбу ўқув маркази лизенция олгунга қадар фаолияти тўхтатилган.

Таълим муассаларининг лицензиясиз фаолияти тақиқланган

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўар, бугунги кунда нодавлат таълим муассасаларига лицензия бериш ва уларни назорат қилиш билан Давлат тест маркази шуғулланади.

Давлат тест марказининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, таълим фаолияти билан лицензия олмасдан фаолият кўрсатиши тақиқланган.

- Таълим фаолияти бу қонунчилик белгилаб қўйган лицензияланадиган таълим тузилмасига киради ва лицензия олиш талаб қилинади. Лицензия Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йилдаги 1-мартдаги 100-сонли қарори билан белгиланган тартибда берилади. Аввал юридик шахс сифатида ташкил этилиши керак. Нодавлат таълим муассасаси сифатида ташкил этилган бўлиши керак. Давлат тест маркази комиссиянинг ишчи гуруҳига давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома, бир қатор тақдим этиладиган ҳужжатлар талаб қилинади. Кейин ташкилотнинг биноси бўлиши керак. Амалдаги ëнғин талабларига, санитария талабларига жавоб бериши керак, моддий техник базаси бўлиши керак, ўқув режа, ўқув дастурлари бўлиши керак, ўқув концепцияси бўлиши керак. Албатта мутахассислар талаб қўйилади. Масалан ўқув курслари бўладиган бўлса, қанақа йўналиш бўйича ўқув курслари. Шундан кейин лицензия берилади,- дейди Давлат тест маркази ходими.

Репетиторлар ҳам лицензия олиши шарт

Давлат тест марказидаги суҳбатдошимизга кўра, уйида репетиторлик қиладиган шахслар фаолияти шу пайтгача текширилмаган.

- Репетиторлар ҳам таълим бериш билан шуғулланади. Улар ҳам лицензия олишлари шарт ҳисобланади. Шу пайтгача репетиторлик қилаётганлар орасида лицензия олганлар бўлмаган,- дейди Давлат тест маркази ходими.
XS
SM
MD
LG