Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:16

Тожикистонда наркотикфуруш амалдорлар қамалди


Душанбе шаҳар, Сино туман суди Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосарининг укаси, “Пантера” лақабли Фаридун Умаровни наркотик моддалар конрабандаси билан шуғулланганликда айбдор, деб топиб 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг хабар қилишича, Фаридун Умаров қўлга олиниши арафасида Афғонистон билан чегарадош Фархор тумани ички ишлар бўлимининг наркотикларга қарши кураш шўъбаси бошлиғи ўринбосари эди.

Умаров жорий йил январида 42 кило героин билан қўлга олинган эди.
Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосарининг укаси Фаридун Умаров “Хаммер” лақабли Рустам Хайитов етакчилигидаги жиноий гуруҳ аъзоси бўлгани айтилмоқда.

Мазкур гуруҳга Тожикистон ички ишлар вазирлиги наркотикларга қарши кураш бўлими собиқ бошлиғи Зафар Мирзоев, Душанбе шаҳар ички ишлар бошқармасининг наркотикларга қарши кураш бўлими бошлиғи Тоҳир Шеров ва республика куч ишлатар тизимларининг бошқа бир қатор ходимлари ҳам аъзо бўлган.

Тожикистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлиги маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари нафақат куч ишлатар идоралар, балки ҳукуматнинг юқори лавозимли амалдорлари ҳимоясида бўлган.

Хабарларга кўра, Рустам Хайитов 24 йилга, гуруҳ аъзоси – Қобил Давлатов 12 йилга, гуруҳнинг яна бир аъзоси Сайвали Исмоилов 7 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Қамалганларнинг барчасига жиноят кодексининг 289-моддаси (“Наркотиклар контрабандаси”) қўлланилган.
XS
SM
MD
LG