Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:28

Гулнора Каримова 4 соат самолётни ушлаб турди


8 август куни Тошкент аэропортидан Москвага кетаётган самолёт Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова деб тўрт соат кеч учган. Тошкент халқаро аэропорти ходими “Ҳаракат” мустақил интернет нашрида самолёт кечикгани ҳақида берилган хабарни тасдиқлади. Лекин учоқ айнан Гулнора Каримова деб кечикгани ҳақда маълумотга эга эмаслигини айтди.

Айтилишича, 8 август куни HY603 Тошкент-Москва рейси бўйича Боинг 767 учоғи бортига чиқарилган йўловчилар диққи нафасда тўрт соат Каримова хонимнинг келишини кутиб ўтиришган.

“Ҳаракат” мустақил интернет нашрига хат йўллаган манбанинг иддаосича, бир миллион сўм қимматроққа биринчи класс чиптасини сотиб олган барча йўловчиларни президент қизининг қўриқчилари ўта қўполлик билан эконом классга ҳайдаган.

Учқич бортида Москвага жарроҳлик учун бораётган юраги оғир ҳаста икки бемор ҳам бўлгани, тўрт соатлик кутиш пайти уларни аҳволи оғирлашгани, Тошкент аэропортидан врачлар самолётга чақиртирилганини ҳам ёзади "Ҳаракат" манбаси.

8 август куни эрталаб соат 07.15да учиши керак бўлган HY603 Тошкент-Москва рейси кечикганини Тошкент аэропорти учишларни назорат қилиш бўлими ходими Озодликка тасдиқлади, лекин сабабини билмаслигини айтди.

- Уч соатга кеч учди. Сабабини билмаймиз,- деди Тошкент халқаро аэропорти ҳодимларидан бири.

Москванинг Домодедово аэропортига ҳам қўнғироқ қилдик.

- HY603 Тошкент-Москва жадвал бўйича эрталаб 10.30да Домодедово аэропортига қўниши керак эди, лекин 13.45да қўнди. Бу ерда кечикиш сабаби йўловчиларнинг вақтида учоқ бортига чиқарилмагани ва ҳаво лайнерини учишга тайёрлаш чўзилиб кетгани билан боғлиқ, деб кўрсатилган,- деди Домодедово аэропорти ҳодими.

Учоқ бортида Домодедово аэропортидан бошқа мамлакатга учиб кетиши керак бўлган йўловчилар ҳам бўлган. Самолёт Домодедово аэропортига сал кам тўрт соат кеч қўнгани сабаб улар кейинги рейсга кеч қолишган ва кўпчилиги манзилларига етиб боришолмаган.

Компенсацияни ким тўлайди?

Биринчи классга билет олиб, эконом классда учиб келган йўловчилар пулини ким қайтариб беради, кейинги рейсга кеч қолган йўловчиларнинг йўл ҳаражатларини ким қоплайди, деб сўрадик Домодедово аэропорти ходимидан.

- Бу юзадан йўловчилар марҳамат қилиб Ўзбекистон Ҳаво йўлларининг Домодедово аэропортидаги идорасига шикоят қилишлари мумкин,- деди Домодедово ходими.

Ўзбекистон Ҳаво йўллари ширкатининг Москвадаги вакиллари эса учқич кеч келгани сабабли бошқа рейсга кеч қолган йўловчиларга ёрдам вақтида кўрсатилганини айтди.

- Одатда учоқ кеч қолаётган бўлса транзит йўловчилар ҳақида бизга Тошкентдан маълум қилишади ва кейин биз уларни кейинги рейсга жойлаб учириб юбориш чораларини олдиндан кўрамиз,- деди Ўзбекистон ҳаво йўллари вакили.

Лекин, унга кўра, биринчи классга билет олиб, эконом классда учиб келгани ҳақида ҳеч бир йўловчи Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкатига шикоят қилмаган.

Ўзбекистон ҳаво йўллари вакили, шунингдек, кеч қолиб келган учоқда Гулнора Каримова бўлган, бўлмагани ҳақда маълумотга эга эмаслигини айтди.

Гулнора Каримованинг келишини кутиб, самолёт рейслари бир неча соатга кечиктирилиши Ўзбекистонда одатий ҳолга айлангани айтилади.

Айниқса, у етакчилик қиладиган "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси уюштирадиган тадбирлар пайти ҳатто олий даражадаги меҳмонлар Каримова хонимнинг келишини кутиб, 4-5 соатлаб самолётда қолиб кетишгани ҳоллари ҳам бўлган.

Шунингдек, Ўзбекистон президентининг кенжаси Лола Каримова-Тиллаева ва куёви Темур Тиллаевлар, мартабали ўзбек амалдорлари билан бир рейсга тушиб қолган йўловчилар ҳам кутиш азобини бошдан кечирганликларини айтиб беришган.

"Ўзбекистонлик бизнесменлар ва олий табақа вакиллари эса чет элга сафар қилиш учун учоқ билетни сотиб олишдан олдин шу самолётда Гулнора Каримова ҳам учмаяптими, деб текшириб кўришади ва у билан бир рейсда учмасликка ҳаракат қилишади",- деб ёзди “Ҳаракат” мустақил интернет нашрига хат йўллаган манба.

Сиз ҳам шундай холатга дуч келган бўлсангиз, ўз бошингиздан кечирганларингизни бизга ёзиб қолдиришингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:02 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG