Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:10

"Қуёшли" улгуржи бозорини "Бозор гуруҳи" босди


Тошкентдаги Малика савдо маркази ҳам 2011 йилнинг 16 сентябрида қора ниқоблилар ва солиқчилар босган эди
Тошкентдаги Малика савдо маркази ҳам 2011 йилнинг 16 сентябрида қора ниқоблилар ва солиқчилар босган эди

26 июл куни Тошкент вилоятининг “Қуёшли” посёлкасидаги канцелярия моллари билан савдо қиладиган улгуржи бозорни кучайтирилган милиция ходимлари ёрдамида солиқчиларнинг “Бозор гуруҳи” босди. Бу гуруҳ бозордан зўрлик билан тадбиркорларнинг бир миллиард сўмлик юкини қоғоз-ҳужжатсиз олиб чиқиб кетгани айтилмоқда.

Тадбиркорлар“Қуёшли” посёлкасидаги канцелярия моллари бозорига қилинган "ҳужумнинг" ўзбекона - “классик” усулда амалга оширилганини айтишди, деб ёзади Узметроном Интернет газетаси.

Узметрономга кўра, 26 июл куни солиқчилар, божхоначилар кучайтирилган милиция ходимлари иштирокида бозордаги дўконларга ҳужум қилган, битта КамАЗ ва 13 та юк ташувчи Газел автомобилларида бир миллиард сўмлик канцелярия моллари олиб чиқиб кетилган. Олиб кетилган юклар орасида бадиий китоблар, дарсликлар ва Россияда ишлаб чиқарилган полиграфия маҳсулотлари ҳам бўлган.

Зангиота тумани солиқ инспекциясининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда 26 июл куни “Қуёшли” посёлкасида рейд ўтказилганини тасдиқлади. Бироқ, унинг айтишича, бу рейдда туман солиқчиларининг иштирок этгани йўқ:

- Бу рейд Тошкент вилояти солиқ инспекцияси қошидаги “Бозор гуруҳи” амалга оширди. Бу гуруҳ тўғридан тўғри республика солиқ қўмитасига бўйсунади. Бу ўзи қўмита қошидаги бўлим. Бизнинг бу рейдга алоқамиз йўқ, -деди Зангиота тумани солиқ инспекциясининг ўзини таништирмаган ходими.

Узметроном Интернет газетасининг ёзишича, “Қуёшли” улгуржи бозорига солиқчилар ҳужуми 27 июл куни ҳам давом этган. Тошкент вилояти солиқ инспекцияси ва божхона қўмитаси ходимлари ҳеч бир тушунтиришсиз ва ҳужжатсиз, дўкондорларни омборларини очишга мажбур қилган, баъзи омборларга эса эшиклари бузиб кирилган. Баъзи омборни очишни истамаганлар эса 1500-2000 АҚШ доллари миқдорида пора бериб қутулган, деб ёзади Узметроном.

Ўзбекистон Солиқ қўмитаси қошида ташкил этилган “Бозор гуруҳи” кейинги бир-икки йил ичида мамлакатдаги бир қанча савдо марказлари ва бозорларга шу пайтгача қайси идорага қарашли экани аниқ бўлмаган “қора ниқобда”ги гуруҳ ёрдамида рейдлар уюштирган эди.

Жорий йилнинг январ ойида "қора ниқоблилар", Тошкентдаги Чинни бозорини босган эди.

Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистондаги йирик бозорларга ҳуқуқ-тартибот идораларининг "қора ниқобли" махсус кучлари томонидан бир неча бор рейдлар уюштирилди.

2011 йилнинг 16 сентябр куни Тошкентдаги "Малика" савдо марказида "Қора ниқоблилар" гуруҳи рейд ўтказиб, "Чиго" ва "Метро" дўконларининг ҳамма товарини мусодара қилган эди.

2011 йилнинг 17 июл куни қора ниқобли "сирли кучлар" Урганч шаҳридаги савдо уйида рейд ўтказган эди.

"Қора ниқоблилар" 2011 йилнинг 16-17 июн кунлари Янгийўл шаҳридаги ресторанлар ва буюм бозорини босган.

2011 йилнинг 2 март куни Тошкентда бу гуруҳ Божхона, Солиқ қўмитаси, Ўзстандарт агентлиги билан бирга, "Туркуаз" ширкатига қарашли дўконлар жойлашган савдо уйига рейд уюштирган эди.
XS
SM
MD
LG