Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:30

Наманган мактабларида униформа бўлади


Намангандаги 58-сонли ихтисослашган мактаб ўқувчиларининг формаси (сурат olam.uz сайтидан олинди)
Намангандаги 58-сонли ихтисослашган мактаб ўқувчиларининг формаси (сурат olam.uz сайтидан олинди)

Янги ўқув йилидан бошлаб Наманган шаҳридаги мактабларда ўқувчи ва ўқитувчилар учун махсус формалар жорий этилаяпти.

Ўқувчилар янги формага келишади


Наманган шаҳридаги 18-махсус мактаб ўқувчилари янги ўқув йилига янги формаларда келиши шарт.

Бу ҳақда Озодликка гапирган мактаб мутасаддисига кўра, ўқувчиларга янги форма тиктириш борасида ота-оналар 15 июн куни огоҳлантирилган.

- Қизларимизга оқ кофта, галстуклари клеткалик, қора юбка. Ҳамма ўқувчи қизларимиз мана шунақа формада бўлиши керак. Ўғил болалар қора шим, оқ кўйлак. Мактаблар ўзига танлаганда. Ҳамма мактаб унақа эмас. Мактаблар вазирлик тавсиясига кўра ўзлари танлашган. Масалан ҳозир кўчадан битта оқ кофта олсак ҳам 40-50 мингга ҳам яхши кофта бермайди. Буни жуда ҳам чиройли қилиб тикиб чеварларимиз тайëр қилиб беришаяпти,- дейди мактаб мутасаддиси.

Вазирлик буйруғи бу


Наманган вилоят халқ таълимининг мактаб формаларига маъсул ходимининг айтишича, жорий йилдан бошлаб ҳар бир мактаб ўқувчиларининг формалари бир-бирига ўхшамаган бўлади.

Исмини ошкор қилмаётганимиз маъсулга кўра, бу тартиб Ўзбекистон халқ таълими вазирлигининг махсус буйруғи асосида амалга оширилаяпти.

- Форма бўйича вазирлик томонидан кўрсатма бор ва шу асосда ҳозир ҳар битта мактаб алоҳида ўзига форма қилаяпти. Бизга кийимларнинг диск варианти берилганда, танлаш имконияти берилган. Ўшандан келиб чиқиб ҳамма мактабларда алоҳида форма қилинаяпти. Ўғил болаларга алоҳида, қизларга алоҳида. Формаси ҳаммаси бир хил бўлмайди,- дейди Наманган халқ таълими бўлими ходими.

Ўзбекистон халқ таълими вазирлигининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, янги ўқув йилидан бошлаб мамлакатнинг барча вилоятларида худди Намангандаги каби тартиб жорий қилинади.

Озодлик манбаларининг айтишича, мамлакатнинг барча вилоятларида ҳам янги тартиб амалга ошаётганича йўқ.

Бухоро, Хоразм ва Қорақалпоғистон мактабларидаги ўқитувчилар ҳозирча янги тартибдан бехабар эканликларини айтишди.

Ота-оналарга жабр бўлаяпти


Фарғоналик Зиёвуддин аканинг уч фарзанди мактабда ўқийди.

Зиёвуддин аканинг айтишича, Фарғонада ҳам ўқувчиларнинг формаси бўйича янги тартиб йўлга қўйилаяпти.

Лекин суҳбатдошга кўра, форма билан боғлиқ тартиб ҳар йили янгилаб турилади ва ота-оналар ортиқча ҳаражат қилишга мажбур бўлади.

- Ҳар йили такрорланадиган ҳунарларику бу. Энди ортиқча расход. Ҳар йили ўзи кийим янгиланаяпти. Эски формани энди ташлаб юборамиз барибир. Ўзи тўрт йил олдин тиктирган эдик. Қизлар фартук оқ бўлсин, формаси тëмно синий бўлсин дейишди. Кейин бошқа рангда қилинсин деди. Яна уч-тўрт хил материал айтишди. Лекин бизда муқим бир материал йўқ. Масалан давлат томонидан материал келтирилиб, мана шу материалдан форма тикилсин деб берса бошқа гап. Бозордан сотиб олинглар дейишади, мана шунақа рангда бўлсин дейишади. Биз сарсон бўлаяпмиз,- дейди Зиёвуддин ака.

Бир хилликдан ранг-барангликка


Халқ таълими вазирлигидаги манбага кўра, вазирлик буйруғида ўқитувчилар учун ҳам махсус форма бўлиши шартлиги қайд қилинган.

Намангандаги 58-сонли мактаб ўқитувчилари формаси (сурат olam.uz сайтидан олинди)
Намангандаги 58-сонли мактаб ўқитувчилари формаси (сурат olam.uz сайтидан олинди)
Икки йил олдин тошкентлик ўқитувчиларга ранг-баранг кийиниш тақиқланиб, фақат оқ ва қора рангда кийиниш буюрилган эди.

Янги тартибга кўра, энди ўқитувчиларга хоҳлаган рангни танлаш имкони берилган. Лекин битта мактаб ўқитувчилари фақат бир хилдаги рангда кийиниши шарт ҳисобланмоқда.

Вазирликнинг янги буйруғига биринчилардан бўлиб амал қилаётган наманганлик ўқитувчи аёллар оқ кўйлак ва кўк костюм-юбка, эркак ўқитувчилар эса кулранг костюм-шим кийишни маъқул кўришган.

Ўқитувчини мажбурлаш шарт эмас


Нукуслик ўқитувчи Саловот ака униформаларга қарши эканлигини, ўқитувчилар эркин кийиниш имконига эга бўлиши лозимлигини айтади.

- Форма олинади, лекин уни ҳеч ким киймайди. Ўқитувчиларга мажбурий форма олдиради ҳар йили қанчадир пул ушлаб қолиб ойлигидан. Мажбурий қилмаслик керакда. Одам барибир ўзи танлаб ўқитувчиликка мос кийиниши керак ўзи. Форма ишлаб чиқиб уни мажбурий олдириш шарт эмас. Кийиниш маданиятини ўқитувчининг ўзига қўйиб берсин,- дейди нукуслик ўқитувчи.

Ўтган йили нафақат мактаблар балки институт талабаларига ҳам униформа талаб қилиш бошланган эди.

Масалан, Низомий номли Педогогика университети талабаларга оқ-қора рангдаги формалар бўлиши шарт қилиб белгиланган.
XS
SM
MD
LG