Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:00

Сербияда бангилар калтак билан “даволанмоқда”


Куч ишлатиш орқали гиёҳвандларни даволаш усули билан танилган сербиялик руҳоний Бранислав Перанович.
Куч ишлатиш орқали гиёҳвандларни даволаш усули билан танилган сербиялик руҳоний Бранислав Перанович.

Сербиядаги Православ черкови гиёҳвандларни даволаш бўйича диний-реабилитацион марказларидан бирининг раҳбари, ўзининг куч ишлатиш орқали даволаш усули билан танилган руҳоний Бранислав Перанович ўз қарамоғидаги бангилардан бирини ўлдириб қўйди.

Озодлик радиосининг Белграддаги мухбири Айя Куге 2009 йилда “Црна” диний-реабилитацион марказига тушиб қолган ёш йигит билан суҳбатлашди.

Йигит марказга келган куниёқ бошқа гиёҳвандлар билан жанжаллашиб қолганидан кейин аёвсиз калтакланганини айтади.

- Биз муштлашмадик, шунчаки даҳанаки жанжал қилдик. Эрталаб соат 9 ларда хонамиз эшигини биров тепиб очди. Хонага кирган уч киши бизни дуч келган жойимизга уриб-тепа бошлади. Кейин бизни ҳовлига олиб чиқишиб, қор ва музли ерда тепкилашди (декабр ойи эди ўшанда). У ерда бизни олти киши калтаклади. Кейин бизни ошхонага олиб киришди (совқотишди шекилли) ва сеанс ўша ерда давом эттирилди. Белкурак билан орқангизга урганда, шунақа оғрийдики, миянгиз отилиб чиқиб кетгандай бўлади. Водопровод қувури билан товонга уришлар ва мушт туширишлар ҳақида айтмасаям бўлади, - дейди йигит.

Озодлик суҳбатдошининг айтишича, обдон калтакланганидан кейин уни деворга орқа қилиб туришни амр қилишган.

- Бошим узра иконалар осилиб турарди. “Жаллод”лардан бири (уларни яна нима деб аташ мумкин?) ҳаммага отнинг қашқасидек таниш бўлган қўлқопини кийди, бу қўлқоп билан у марказга даво илинжида келганларни урар экан. У мени бошимга муштлар, бошим девордаги иконаларга тақ-тақ этиб тегиб турарди. Мен ҳар зарбадан кейин оғзим ва бурнимдан қон лахта-лахта бўлиб келаётганини ҳис қилиб турардим. Девор ва иконалар қора қонимга бўялди. У тиззаси билан гавдам ва бошимга тепар, чиғаноғи билан қулоқларим ва юзимга урарди. Мушти билан чаккамни мўлжаллаб туширарди. Бу уқубат 15 дақиқача давом этди. Оғиз-бурним қонга тўлган, ҳар зарба тушганда ҳар ёққа сачрарди. Кейин мен бетондан қилинган полга ағанаб тушдим, - дея ҳикоя қилади йигит.

Уч йил аввал эл кўзидан панада жойлашган Црна Река монастирида гиёҳвандлар қийноққа солинаётгани ҳақида жамоатчилик хабар топганидан кейин Православ черкови бу диний-реабилитацион марказни ёпиб қўйганди. Унинг раҳбари бўлган Бранислав Перанович ва ёрдамчиларига зўравонлик ва ҳатто зўрлаш бўйича айбловлар қўйилганди. Попнинг уч ёрдамчисига суд ўшанда рамзий жазо тайин қилган, Перановичнинг ўзига нисбатан эса ҳали ҳукм чиқмаганди.

Маълум бўлишича, бу вақт оралиғида у яшаш жойини ўзгартириб, янги “диний” марказ очган. Бу ҳақда фақат руҳоний Перанович ўзининг янги марказида қотилликка оид иш бўйича ҳибсга олинганидан сўнггина маълум бўлди.

Гиёҳвандларни “қайта тарбиялаш” бўйича усулларини қўллаш орқали Перанович ўз марказида бир йилдан буён “даволанаётган” ёш йигитни ўлдириб қўйган. Бунга руҳонийнинг дам олиш кунлари уйида бўлиб қайтган йигит “ўзи билан гиёҳванд модда олиб келган” деган гумони сабаб бўлган. Патологоанатомик экспертиза мақтул жасадида юзга яқин зарба асоратларини аниқлаган.

Аввалроқ ўзининг “даволаш” усуллари ҳақида журналистларга сўзлаган Бранислав Перанович: “Мен жисмоний жазо ҳақида бирор яхши гап айтолмайман, худди одам аъзоларини кесиб ташлаш ҳақида ҳеч нарса айтолмаганимдек. Аммо баъзан бу ишни қилиш зарур бўлиб қолади”, деганди.

Сербиялик психолог ва сиёсатчи Жарко Корач гиёҳвандларни даволаётган шахсларнинг ўзи шубҳали эканини таъкидлайди.

- Сиз шу Перановичга бир қаранг! Унинг Ҳарлей-Давидсон мотоциклини миниб тушган расми бор, у байкер. Маъқул, замонавий руҳоний Ҳарлей-Давидсонда, дарвоқе, жуда қиммат бўлган ўйинчоқда учиб юрибди, дейлик. Аммо Перанович бунинг устига ўта қўрс одам. Ва эндиликда олдинги нохуш ҳодисалардан кейин, Црна Река марказида ёш йигит белкурак билан калтаклангани бўйича видеоёзувлар ошкор бўлганидан кейин бундай одам қандай қилиб ўша заҳотиёқ руҳонийлик мақомидан маҳрум қилинмагани ва нима учун у билан черков суди шуғуллана бошламагани, бунинг ўрнига у черковнинг олий унвонига сазовор бўлгани ҳақидаги масалани кўндаланг қўйиш керак, - дейди Жарко Корач.

Маълум бўлишича, руҳоний Бранислав Перанович бир ой муқаддам черковдан “протоиерей-ставрофор” деган юксак унвон олган экан. Черковда у “15 йиллик тажрибага эга руҳий-психологик-терапевтик масалалар бўйича маслаҳатчи” ўлароқ эътибор топган.

Сербия православ черкови эпархларидан бири Бранислив Перанович учун реабилитацион марказлар хусусий бизнесга айланиб қолгани, бу марказларда у ойига 50 минг еврогача пул ишлаши тахмин қилинишини айтган.

Маълумотларга кўра, руҳоний жиплар ва мотоциклларни хуш кўради. Унинг ҳатто байкерлар клуби ташкил қилгани, клуб гербида қўлида белкурак тутган икки бошли бургут акс этгани айтилади. Сербия православ черкови раҳбарияти эса Бранислав Перановични “биздан эмас” дейиш билан бир вақтда бу марказлар гиёҳвандларнинг ота-оналари илтимосига кўра барпо этилганини таъкидлашдан чарчамаяпти.

- Серб черкови доим қўлидан келганча одамларга ёрдам беришга уринади. Унга 21 асрнинг ялпи касаллиги ва учинчи минг йилликнинг ўлати деб аташ мумкин бўлган гиёҳвандликдан азият чекаётган кўплаб диндорлар мурожаат қила бошлади. Биз диний маслаҳатлар, тавба қилиш ва дуолар билан уларга ёрдам бераяпмиз, шунингдек, бундай одамлар учун марказлар ташкил этишга ҳаракат қилаяпмиз. Бу тиббий ва профессионал даволаш марказлари эмас, балки ўзига хос карантин марказларидир. Бундай ерларда улар руҳоний билан бирга доимий ибодатда бўладилар, диний суҳбатлар қурадилар. Очиғини айтиб қўя қолай: биз даволашга қодир эмасмиз. Черковда бу соҳада мутахассислар йўқ ва шунинг учун у ҳам импровизация билан шуғулланмоқда. Бошқа томондан эса биз ўзининг бир жойи лат еган боласига ёрдам бериш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилган она каби уларга кўмаклашишга ҳаракат қилаяпмиз. Балки она боласини тиббиёт қоидаларига кўра дарддан фориғ этолмас, аммо у шунга ҳаракат қилаяпти. Бизнинг ишимизни ҳам шу қаторда қабул қилинг. Афсуски, ишлаган одам хато қилади, ҳеч нарса қилмай ўтирган эса гуноҳ ишламайди. Бугунги кунда Сербия православ черкови бир нечта ана шундай марказга эга, - дейди Перанович фаолият олиб борган епархия вакили протодьякон Любомир Ранкович.

Сербиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича Хелсинки қўмитаси вакили Сешка Станойлович эса черков ҳам, давлат ҳам гиёҳвандларга қарши зўравонлик қилинишига йўл қўйганини, бу, ўз навбатида, бунақа вазиятда кутилганидек киши ўлимига олиб келганини айтади.

- Бундай марказлар кераклиги бор гап, Сербия православ черкови бунда жуда муҳим рол ўйнаши мумкинлиги ҳам бор гап, бироқ бу иш фақат мутахассислар назорати остида амалга оширилиши зарур. Чунки бу ўзбошимчалик билан иш тутиб бўлмайдиган нозик соҳа. Мени зўравонлик қўллагани билан танилган Перановичнинг яна ўз ишини давом эттиришига йўл қўйилгани ҳаммасидан ҳам кўпроқ ташвишлантираяпти. Бу фақат ҳайронлик эмас, таассуф кайфиятини ҳам туғдиради – бу ўз “пастир”ларига (пастир “қавмга бошчилик қилувчи руҳоний” маъносини билдириш билан бирга “чўпон, подачи” маъноларини ҳам билдиради – таҳр. изоҳи) илтифот кўрсатадиган Сербия черковининг нақадар такаббур эканини кўрсатади. Бошқа томондан эса бундай зўравонликка эътибор бермаётганимиз учун бутун жамоатчилигимиз айбдордир, - дейди Сешка Станойлович.
XS
SM
MD
LG