Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:39

Зарбдор ҳокими РайОНО мудирини калтаклади


Жиззах вилояти, Зарбдор тумани ҳокими металлолом йиғиш бўйича вазифани бажаришга ваъда бера олмаган туман Халқ таълими бўлими мудирини калтаклаган. Озодлик суҳбатлашган кузатувчиларга кўра¸ муштумзўрлик Ўзбекистонда бошқарувнинг асосий усулига айланган.

Бу ҳақда шу мажлисда қатнашиб ҳодисанинг бевосита гувоҳи бўлган туман маориф тизимида ишловчи манба Uznews.net мустақил нашрига хабар қилган.

Мазкур ҳодиса 18 август куни ҳокимнинг туман фаоллари билан учрашуви пайти содир бўлган.

Ўша куни Зарбдор тумани ҳокими Эргаш Ғайбуллаев туман масъуллари олдига бир неча тонна металлолом йиғиш вазифасини қўйган, вазифани бажармаслик эса жиддий оқибатлар келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантирган.

Туман Халқ таълими бўлими мудири Рустам Мисиров металлолом йиғиш бўйича вазифани бажаришга ваъда бера олмаслигини айтиши билан ҳоким ўрнидан туриб унинг юзига зарба туширган.

Зарбдор тумани ҳокимининг ўз исмини айтмаган ёрдамчиси ҳақиқатан ҳам туман корхона ва муассасалари раҳбарларига металлолом йиғиш вазифаси юклатилгани ва бу масала ўтган ҳафта бўлган йиғинда муҳокама этилганини тасдиқлади.

Лекин ҳокимият расмийси айни йиғинда ўз бошлиғи Ғайбуллаевнинг РайОНО мудирини калтаклагани ҳақидаги хабарни тасдиқламади ҳам¸ инкор ҳам этмади.

Рустам Мисиров эса ҳокимдан калтак егани ҳақида ҳеч қаерга арз қилмаган.

Бошқа амалдорлар каби у ҳам жимгина барча хафагарчиликларни унутишдан бошқа чораси йўқ, акс ҳолда лавозимидан айрилиши мумкин, дейди зарбдорлик ҳуқуқ фаоли Зиёдулла Раззоқов.

- Бу ерда ҳоким, прокурор ёки милиция бошлиғидан калтак ейиш оддий ҳолга айланган. Олдинги ҳоким Маҳмуд Холбўтаев ҳам шунақа муштумзўр эди. Ҳозир бу касаликка айланган, дейди Раззоқов.

Бир йил аввал Сурхондарё вилояти ҳокими Туроб Жўраев Жарқўрғон тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда 8 та коллеж директорини калтаклаган эди.

Ўша йили Тошкент вилояти Янгийўл тумани прокурори Зиёдулла Йўлдошев шу туманнинг Убай Муасев қишлоғи маҳалла қўмитаси раиси муовини Зуҳриддин Зокировни пахта теримига етарли одам йиғмагани учун барчанинг олдида дўппослаган.

Ўзбекистонда уриш, сўкиш бошқарув усули бўлиб қолган, дейди ҳозирда Францияда яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубов.

- Ўзбекистоннинг сиёсати асосан муштумзўрликка асосланган. Бу оддий ҳаёт нормасига айланиб қолган. Ҳукуматнинг сиёсати шунақа ва бундай усул айнан тепадан рағбатлантирилади, дейди Ёқубов.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси амалдорларидан бири иккинчи теримни ўтказмасдан пахта майдонига ғалла экиб қўйган фермерни ўзига гўр қазишга мажбурлагани воқеасини бир эсланг¸ деб давом этади Толиб Ёқубов.

- Жиззах вилоятида бўлган эди бу. Вазирлар Маҳкамасининг Турсунов деган вакили масжиднинг имомини олиб келиб, иккита-учта милиция ходимини олиб келиб фермерни ўзига гўр қаздирган. Шу жараённи ўзининг уяли телефонига олган, ўшани фермерларни йиғиб кўрсатиб ҳам берган. Ана шунақа нарсалар бўляпти-да, дейди Толиб Ёқубов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:33 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG