Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:20

Ўзбек матбуоти Гулнора Каримова ҳимоясига чиқди


Швейцария прокуратураси айни кунларда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг пул ювиш операцияларига алоқаси бор-йўқлигини текширмоқда. "Даракчи" газетасининг ëзишича¸ Каримова хоним бундай ишлардан йироқ.

Швейцарияда икки ўзбекнинг қамалиши “буюртма” деб баҳоланди

Тошкент вилоятидаги автоҳалокатда жамоат транспорти раҳбарларидан бири вафот этди. Наманганда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раислари қамалди. Тошкентнинг қоқ марказида улкан эчкиэмар тириклай тутилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар хусусида хабар тарқатди.

“Соса Соla” менежерлари гаровга олинган”

“Даракчи” газетаси 23 август кунги сонида Швейцарияда молиявий жиноятда айбланиб қўлга олинган “Соса Соla” ширкати менежерлари Ш.Собиров ва А.Эргашевни ҳимоя қилиб чиқди. Мамлакатдаги энг кўп ададли нашрга кўра, Швейцария прокуратураси икки ўзбекистонликни инсон ҳуқуқларини қўпол бузган ҳолда ушлаб турибди.

Ушбу ҳибс “МТС-Ўзбекистон” ширкатига очилган жиноий ишга жавоб сифатида талқин қилинади. “Сосa Cola” Ўзбекистон ходимларининг Женевадаги Lombard Odier банки яқинида қўлга олинишида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига нисбатан босим ўтказиш мақсади кўзда тутилган. Демак, ўзбекистонлик фуқаролар гаровга олинган” деб ёзади газета.

Нашр Швейцария прокуратураси олиб бораётган жиноий ишга Гулнора Каримованинг алоқаси йўқ, деб ҳисоблайди.

“Жамоат транспорти жадвалга риоя қилмаяпти”

Тошкент шаҳридаги жамоат транспорт воситалари ҳаракат жадвалига риоя қилмаяпти. Автобуслар 23 гача юриши керак бўлгани ҳолда, айрим ҳолларда 20 да ҳам транспорт топиш амри маҳол.

Шу ҳақда танқидий мақола чоп этган “Ҳуррият” газетаси сўзи ва иши бир бўлмаган раҳбарларни койийди: “Бекатлардаги кўк рангли жадвалларда автобуслар рўйхати, сариқ ранглиларида эса автоуловларнинг йўналиш бўйича қатнов соатлари кўрсатилган. Сўзи билан иши бир бўлмаган соҳа раҳбарлари бу масалани жиддийроқ ўйлаб кўрсалар яхши бўларди”.

“Пиёда ва мансабдор нобуд бўлди”

Тошкентда жамоат транспорт воситалари иштирокида бахтсиз ҳодисалар кўпаймоқда (“Пойтахт транспорти”, 24 август). 18 август соат 21 ларда “4-автобус” саройи ҳайдовчиси Рустам Муҳамадалиев “Исузу” русумли автобусда Чоштепа кўчасида Эдуард Чернаусовни уриб юборган. Йўловчи оғир жароҳатдан шу куни шифохонада вафот этган.

20 август куни 16:30 ларда Тошкент вилоят Юқори Чирчиқ туманида рўй берган автоҳалокатда эса Тошкент шаҳар “5-автокорхона” акциядорлик жамияти раиси ўринбосари Жаҳонгир Жўраев нобуд бўлган.

“Ширкат раиси 50 миллион ўзлаштирган”

Наманган шаҳрида маблағ ўзлаштириш айби билан бир неча хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раислари қамалди (“Диёнат”, 23 август). Шаҳар прокурори Рустам Уматалиевга кўра, “Мунаввар Ўзбекистон”, “Тонг шукуҳи сервис”, “Замин” ширкатларида фаолият юритган Азамат Мамажонов 50 миллион сўмдан ошиқ маблағни талон-тарож қилган. Бундан ташқари, “Наманган умидлари” ширкати раиси И.Абдуллаев, “Робиябону аҳил қўшнилар” ширкати раиси Д.Юнусова, “Мустақиллик” ширкати раиси Л.Қаюмов ҳам қонунбузарликда айбланган. Прокурор қишки мавсумга ҳозирлик кўрмаётган, аҳоли мурожаатларига эътиборсиз мансабдорларни қоралаган.

“Қувур бор-у, газ йўқ”

Андижон вилоят Балиқчи туман Шўр ва Бозорбоши маҳаллалари газ йўқлигидан азият чекмоқда. Ҳудудга газ қувурлари ётқизилган, аммо газнинг ўзидан дарак йўқ (“Адолат кўзгуси”, 23 август). Маҳалла раиси Маҳкамбой Ашуровга кўра, барча хонадонлар ҳақдор бўлишига қарамай, нафақанинг 10-15 фоизи газга мажбурий ушлаб қолинмоқда, пул тўлашдан бош тортганлар нафақасиз қолмоқда. Аҳолининг шикоят қилишича, ўтган қиш мавсумида ҳовлилардаги мевали дарахтгача кесиб ёқилган ва бу йил нима қилишга ҳамманинг боши қотган.

“Асоссиз текширган мансабдорга жарима солинди”

Адлия идораси Самарқанд вилоятида тадбиркорлар ҳуқуқини бузиш бўйича 841 та қонунбузарлик аниқлаган. “Куч адолатда” газетасига кўра, “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси расмийси Х.Аманов Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши рухсатисиз “Агро Браво”, “Цвета востока” масъулияти чекланган жамиятлари, “Каттақўрғон ёғ-мой” комбинатида ноқонуний текширув ўтказган. Асоссиз текширув учун мансабдор Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси бўйича энг кам ойлик иш ҳақининг 7 баравари миқдорида жаримага тортилган.

“Экологик тафаккур танқис”

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Илҳом Отажоновнинг ёзишича, Ўзбекистонда экологик тафаккур танқислиги мавжуд (“Экоҳаёт”, 22 август).

Экология ва атроф-муҳит бўйича таълим муассасалари учун ишлаб чиқилган дастурлар ва давлат таълим стандартлари таҳлил қилинганида, экологик билимлар етарли даражада ўқитилмаётгани, экологик маданиятни ёшлар онгига сингдириш механизми тўлақонли шаклланмагани маълум бўлган. Депутатга кўра, экологик билимни боғчадан бера бошлаш керак.


“Мозордан эчкиэмар топилди”

Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси Мирзо Улуғбек туманидаги “Қизмозор” қабристонидан улкан эчкиэмар топди (“Тошкент оқшоми”, 21 август). Айтилишича, яйдоқ чўлу биёбонларда, дала-даштларда юрадиган жонзот шаҳарнинг қоқ марказида пайдо бўлгани аҳолида хавотир уйғотган. Қутқарувчилар узунлиги бир ярим метр келадиган эчкиэмарни тириклай ушлаб, Тошкент ҳайвонот боғига топширган.

“Қашқадарёдан туриб очиқ фазо кузатилади”

Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти директори Шуҳрат Эгамбердиев Қашқадарёда жойлашган Майданак обсерваторияси МДҲдаги нуфузли тадқиқот объекти эканини таъкидлади (“Правда Востока”, 22 август). Астрономнинг айтишича, Майданакдаги телескоп воситасида халқаро фазо станциясидаги жараёнларни, ҳатто очиқ фазога чиққан космонавтнинг ҳаракатларини кузатиш мумкин.

Ҳозиргача Ер сайёрасига таҳдид солиш эҳтимоли бўлган 6500 га яқин астероид аниқланган. Профессор Эгамбердиевга кўра, Майданак обсерваториясида Ерга хавф туғдираётган астрероидлар ҳаракати ҳам ўрганилмоқда.
XS
SM
MD
LG