Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:55

Болаларимизга қандай ва қанча инвестиция қилаяпмиз?


Озодлик ONLINE интерактив дастурининг миллионлаб ўзбек болалари мактаб ва олийгоҳларга қайтадиган 3 сентябр куни Тошкент вақти билан 21:30да жонли эфирга чиққан навбатдаги сони ана шу саволга бағишланди.



3 сентябр куни Ўзбекистонда 5 миллион 300 мингдан ошиқ ўқувчи мактаб¸ коллеж ва лицей парталарига¸ ўн минглаб талаба эса¸ олийгоҳ ўқув хоналарига қайтади.

Ўзбекистон Конституциясининг 9-боб¸ 41-моддасида давлатнинг ўз фуқаролари олдидаги асосий мажбуриятларидан бири бепул таълимни кафолатлаш экани айтилади. Давлат бугун шу мажбуриятини расман адо этмоқда. Аммо бу таълим тизимининг мамлакат ҳаëтининг бошқа соҳаларида ҳам илдиз отган коррупция инқироз домига тортаëтгани айтилмоқда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:28:13 0:00
Бевосита линк


Иш ҳақининг камлиги¸ таълим соҳаси ходимларининг ҳокимият югурдакларига айлантирилгани оқибатида ўн минглаб малакали ўқитувчилар ўқув юртларини ташлаб¸ меҳнат муҳожирлигига чиқиб кетган. Миллионлаб болага савод ўргатиб¸ билим бериш эса савод ва билим даражаси ҳаминқадар кадрларга қолган.

Ўқитувчилар савиясининг пастлиги баробарида ўқиш жараëнининг ҳокимият томонидан муттасил тарзда бузилиши – ўқувчиларнинг ягонадан пахта теришга қадар қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилиниши оқибатида давлат томонидан белгиланган ўқув дастурлари аксар ҳолларда қоғозда бажарилмоқда.

Савияси паст ўқитувчилар чиқараëтган савияси паст ўқувчилар олий ўқув юртларига кириш учун белгиланган тест синовларидан ўтишига кўз етмаганидан¸ пуллик “репетитор”лик хизматига юз бурмоқда¸ олий маълумот олишнинг пора устига қурилган муқобил тизимига мурожаат қилмоқда.

Боламни ўқитай¸ касб-ҳунарлик қилай¸ оëққа қўяй деган ота-она ўзи билиб-билмай¸ билимли мутахассисларга кўп ҳам эҳтиëжи йўқ коррупция машинасини мойламоқда.

Давлат ўз асосий функцияларидан бирини ҳалол ва адолатли тарзда бажармаëтган шароитда ҳам Ўзбекистондаги ота-оналарда ўз болаларига яхшироқ билим бериш имкони мавжуд.

Бу имконлардан бири ¸ бундан 100 йил олдин Туркистон жадидлари белгилаб берган каби¸ оила даромадининг балки бир қисми¸ балки барчасини сарфлаб¸ ўз болаларини яқин ëки узоқ хориждаги олийгоҳларда ўқитиш.

Ўзбек жадидларининг маънавий отаси ҳисобланмий Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзи таъсис қилган “Оина” журналининг 1914 йил 14-сонида “миллатни тараққий эттириш учун ёшларни чет элларга юбориб ўқитиш зарур, «токи улар етарли даражада билимли бўлиб қайтиб ўлкани иқтисодий ва маданий жиҳатдан ривожлантиришда ўз ҳиссаларини қўшгайлар” деб ëзган эди.

“Тараққийпарвар зиёлилар ёшларни маориф ишлари ривожланган Русия, Туркия, Миср ва бошқа давлатларнинг олий ўқув юртларига ўқишга юбориш лозим” деган эди жадидлар.

Бу ғоя ўртага ташланганидан бери орадан 100 йилдан кўпроқ вақт ўтди. Дунë харитасида Ўзбекистон деган мустақил давлат пайдо бўлди. Ўзбек тилида сабоқ берувчи минглаб мактаб¸ коллеж ва лицей¸ ўнлаб олийгоҳ очилди¸ ўзбек давлати миллатнинг миллионлаб боласига бепул ва сифатли таълим ваъда қилди. Аммо бу таълимнинг амалдаги аҳволи яна жадидлар миллатни тараққиëтга олиб чиқишнинг бош йўли деб билган айни шу ғояни қайта кун тартибига қўйди.

Аммо жадидларнинг бу ғояси 100 йил аввалги каби бугун ҳам аҳолининг кенг қатлами орасида тарқалган эмас.

Бойлар бараварида ўртаҳол ва камбағал ҳам “отини¸ молини сотиб” бўлса-да¸ аксар ҳолларда пора бериб боласини Ўзбекистон олийгоҳларида ўқитмоқда.

Коррупция боис инқирозга юз тутган иқтисодда иш ўринлари яратилмаëтгани оқибатида¸ пул бериб ўқитилган болаларнинг аксари “дипломли мардикор”га айланиб Россия¸ Қозоғистон¸ Жанубий Корея каби узоқ ва яқин хорижга кетмоқда.

Нега ўзбек ота-оналарининг асосий қатлами берадиган порасини яқин ва узоқ хориждаги университетларга тўлаб¸ боласига ҳақиқий билим¸ ҳақиқий мутахассислик беришни ўйламаëтир?

Нега ҳукуматнинг 90-йилларда бошлаган иқтидорли болаларни хориж университетларида бепул ўқитишни мақсад қилган "Умид" жамғармаси умидларни оқламай¸ тарқаб кетди?

Қани бугун ўша "умид"чилар? Улабугун қаерда ва кимнинг тараққиëтига хизмат қилмоқда? Нега улар Ўзбекистонга қайтмадилар ва қайтмаëтирлар?

Нега бугун ҳам ўз боласини билим-маърифатли қилиш учун муттасил пул сарфлаш ëки инвестиция қили янги уй қуриш¸ янги машина олиш¸ болаларни уйли-жойли қилиш каби ўзбекона орзу-ҳаваслар рўйхатида йўқ¸ ëки унинг энг пастида?

Нега ўзи кўп ҳолларда оғир ва ноинсоний шароитларда пул топаëтган ўзбек меҳнат муҳожирлари боласига компютер олиб бериш¸ унга тил ўргатувчи ўқитувчилар ëллашдан кўра¸ борини бир кечалик суннат ëки никоҳ тўйига сарфлашда давом этаëтир?

Иқтидорли боласи бўла туриб¸ уни хорижда ўқитишга қурби йўқ ночор оилалар ëрдам олиши мумкин тизимлар Ўзбекистон ва унинг ташқарисида борми? Бўлмаса¸ уларни яратиш фурсати келмадими?

Пули борлар боласини хорижда ўқитишнинг амалий йўл-йўриқларини биладими?

Озодлик ONLINE жонли¸ интерактив дастурининг душанба, 3 сентябр куни, Тошкент вақти билан соат 21:30 да Озодлик Интернет саҳифасида эфирга чиқадиган янги сонида Сиз билан бирга ана шу саволларга жавоб излаймиз.






Ozodlik Online” дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:30 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг “Facebook” саҳифасида жонли эшитинг!


“Ozodlik Online” тингловчилари дастур давомида Skype орқали (ozodskype) тўғридан тўғри алоқага чиқиб очиқ мулоқот иштирокчисига айланишлари мумкин.

“Ozodlik Online” дастурида Озодликнинг “Facebook” ва “Twitter” даги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

Ozodlik Online – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!
XS
SM
MD
LG