Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:39

Ўзбекистон Фанлар академияси ҳам далага чиқарилди


Академик Гога Ҳидоятовга кўра, пахтага барчани ҳайдаш кампанияси мустақил Ўзбекистонга собиқ совет давридан мерос.
Академик Гога Ҳидоятовга кўра, пахтага барчани ҳайдаш кампанияси мустақил Ўзбекистонга собиқ совет давридан мерос.

Ўзбекистон ҳукумати бу йилги пахта йиғим-терим мавсумини "самарали" ўтказишга қаттиқ аҳд қилган кўринади. Озодлик мухбири Сирдарё пахта далаларида жавлон ураётган академия илмий ходимлари билан гаплашди.

Ўзбекистон Фанлар академияси тизимидаги тадқиқот институтларининг 150 дан ошиқ ходими илм майдонини тарк этиб, пахта даласига йўл олди. Пахта кампанияси ташкилотчилари ажратган махсус поезд 3 сентябр куни уларни Сирдарё вилоятига олиб бориб ташлади.

– Академия пахта теримига 150 дан кўпроқ одам бериши керак эди. Структурамизда 38 та илмий-тадқиқот институт бўлса, ҳар бир институт бошига 7-8 тадан одам тўғри келди. Талаб қилинганча одам йиғиб бердик. Асосий группа поездда Сирдарёга кетди,– дейди Фанлар академиясининг ўзини танитишни истамаган вакили.

Озодлик билан гаплашган академия ходимларига кўра, бу йил пахта кампанияси аввалги йилларга қараганда анча кучайгани сезилмоқда.

– Ўтган йилиям академия бўйича пахтага чиқилган. Лекин бу йилчалик одам сўрашмаганди-да. Нима бўлсаям, байрам ўтиши билан теримчилар далада бўлсин дейишди,– дейди Фанлар академияси вакили.

Йўлини қилиб теримдан қолмоқчи бўлганларга ҳам, жилла қурса, 2-3 кун пахта териш шартлиги уқтирилган. Озодликка исми сир қолиши шарти билан гапрган Тошкентдаги тадқиқот институтларидан бирининг кичик илмий ходими ҳам шу кунларда пахта тергани ҳозирлик кўрмоқда.

– Терим турган-битгани чиқим, ҳатто овқатланишга ҳам ёнингиздан пул сарфлайсиз. Ундан кўра 100 мингми, 200 мингми бериб, тинчгина Тошкентда қолганим яхши эди. Лекин замдиректоримиз ҳеч бўлмаса 2-3 кун ишлаб, кейин ўрниларингга одам топарсизлар деди,– деб арзи ҳол қилади академия тизимидаги тадқиқот институти кичик илмий ходими.

Биринчи теримга чиққан академиячилардан йигирма кунча туриб бериш сўралган. Бу муддат ўтгач, уларнинг ўрнини ҳамкасблари эгайллайди.

– Биз биринчи сменада пахта теряпмиз. Худо хоҳласа, амаллаб ўтказиб олсак, ўрнимизга бошқа гуруҳ келади. Йигирма кунча терасизлар дейишди. Ишқилиб, яна чўзилиб кетмаса бўлди деб турибмиз,– хавотирини яширмайди Шарқшунослик институти вакили.

Теримга асосан илмий-тадқиқот институтларининг ёш ходимлари жалб этилган.

– Катта домлаларимиз пахта теролмайди-ю, шунга, калтак бизга ўхшаган ёш ходимлар бошида синди. Ёши улуғ домлаларимиз ҳам бор, лекин улар бизни контрол қилиб туришга келган,– вазиятни изоҳлайди Тил-адабиёт институти тадқиқотчиси.

Теримчилар ейиш-ичиш ва бошқа барча кундалик харажатларни чўнтагидан сарфлаши керак. Институтлар раҳбарияти ҳам озиқ-овқатга қарашиб юборган.

– Институт беш-олти ходим номига премия ёзди. Кейин, шу премия ҳисобидан овқат учун харажат қилинди. Амир Темурнинг жангга чиққан аскарларидек ўзимиз билан қозон-товоқларимизни ҳам олволдик,– дейди “пахта муҳорабаси”да жон олиб, жон бераётган теримчи-тадқиқотчи.

Айни пайтда, академиянинг асосий гуруҳи Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида пахта хирмонини кўкка етказиш ташвишида.

– Меҳмонхонадан жой бермайди-ку! Мактабга жойлашдик. Норма – 50 кило. Килосига 150 сўмдан тўлашаркан. Биринчи кунда амалладик. Биринчи терим барибир биринчи терим-да. Лекин қолган кунлар нормани бажара олармиканмиз ҳозир бир нарса дейишим қийин,– дейди катта даргоҳнинг кичик илмий ходими.

Пахта кампанияси ташкилотчиларига кўра, мамлакатнинг маърифий элитаси кўпга келган тўй – зарбдор ҳашардан четда қолиши адолатдан эмас.

Академикларнинг далага қувилиши собиқ Совет давридан мерос

Ўзбекистонлик тарихчи олим¸ академик Гога Ҳидоятовга кўра¸ совет даврида ҳам академия аъзолари пахтага чиқарилган.

Айни пайтда Совет пайтидаги бу анъана коммунистик мафкура руҳига мос эди деб эслайди олим:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:29 0:00
Бевосита линк

Мулкий муносабатларнинг капиталистик шаклига ўтилган хозирги даврда олиму - уламоларнинг пахтага чиқарилиши масаласи тафтишга лойиқ дейди суҳбатдош.

Пахтага чиқадиган мардикорлар нархи ошди

Тошкентдаги Қўйлиқ бозорида пахтага чиқадиган мардикорлар нархи ошгани айтилади. Озодликнинг мобил мухбирлари бу ҳақда twitterда мана буларни ëзишди:

-Қўйлиқ бозоридаги мардикор аёллар 500 минг сўм эвазига бир ой мобайнида талабанинг ўрнига пахта теримига боришга рози.

Қўйлиқ бозоридаги мардикорлар нафақат талабалар балки Тошкентдаги ишчи ва хизматчилар ўрнига ҳам пахтага чиқмоқда.

Тошкентнинг Сирғали мавзесида яшайдиган Саида исмли ҳамшира қиз ўзи ишлайдиган туғруқхонадаги кўпчилик ўз ўрнига мардикор ëллаб пахтага жўнатганини айтади:

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:16 0:00
Бевосита линк


-Туғруқхонадан оладиган ойлигим пахта терадиган мардикор ëллашга етмагани боис пулни киракашлик қиладиган турмуш ўртоғимдан олдим¸дейди Саида.
XS
SM
MD
LG