Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:30

Каримов Қозоғистонга сафарини бошлади


Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев ўртасида муҳокама қилинадиган масалалар кўпайиб қолган.
Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев ўртасида муҳокама қилинадиган масалалар кўпайиб қолган.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Қозоғистонга икки кунлик расмий сафарини бошлади.

Жаноб Каримов Остонада қозоғистонлик ҳамкасби Нурсултон Назарбаев билан учрашади.

Музокаралар мавзуси икки давлат ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорлик масалаларидан тортиб меҳнат мухожирлари ижтимоий мухофазаси, фуқароларнинг ўзаро борди-келдиси, чегара пунктларидан ўтиш шароитларини енгиллаштириш, савдо-сотиқ, ўзаро савдо ваколатхоналарини очиш каби масалаларни қамраб олади.

- Қозоғистон ва Ўзбекистон Марказий Осиёдаги интеграция жараёнларида муҳим ўринни эгаллайди. Биз энг аввало савдо-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликка урғу берамиз. Табиий, бўлажак музокараларда томонларни қизиқтирган барча масалалар мухокама этилади,- деди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Алтай Абибуллаев Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан бири ҳисобланади. Ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 2,7 миллиард долларни ташкил этди.

Бироқ, Қозоғистон томони сўнгги пайтларда чегара олди савдосида Ўзбекистон томонидан маҳсулотларнинг экспорт қилинишида чекловлар ҳаддан зиёд кучайганига эътироз билдирмоқда.

Ўзбекистон Қозоғистондан ун сотиб олишни камайтириб, бунинг ўрнига ўзида қозоқ буғдойини қайта ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳаракатига тушган. Қозоқ уни импортига чекловлар эса ўзбек бозорларида олийсифат ун нархининг кўтарилишига сабаб бўлди.

Қозоқ унининг энг олди харидори эса Ўзбекистон ҳисобланади ва йилига ўртача 1 миллион тонна атрофида ун сотиб олади.

Чегарадаги тўсиқлар олинадими?

Қозоғистон томонини Ўзбекистонда юк машиналарнинг ҳаракатланиши учун жорий этилган янги тартиб кучга кириши муносабати билан уларнинг Ўзбекистон ҳудудига киришида юзага келган муаммолар ҳам ташвишга солмоқда.

Сўнгги бир ой ичида Ўзбекистон-Қозоғистон божхона нуқталарида юзлаб юк машиналар тўпланиб қолгани, манзилларига кечикиб боргани кузатилди.

Шунингдек, чегарадан оддий фуқароларнинг ўтишидаги қийинчиликлар ва ушбу масалада енгилликлар яратиш ҳам Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари ўртасидаги муҳокамалар мавзуси бўлиши кутилмоқда.

Ўзбек-қозоқ чегарасидан ўтадиган одамлар сунъий тўсиқларга, бир неча соатлик навбат, қўпол муносабат ва ортиқча текшир-текширларга дуч келишларини айтишади.

- Ўзбекистон томонидаги ўтиш нуқталарида одамлар соатлаб чегарада туриб қолишади ва ё навбатсиз ўтиш учун пора беришга мажбур бўладилар,- дейди Қозоғистонда ишлайдиган ўзбек мухожирларидан бири.

Қозоғистонда ўзбек тилида чиқадиган “Туркистон тонги” газетаси бош мухаррири Ботир Норбоев бу масалаларнинг тезроқ ечим топишига умид билдиради.

- Икки халқ ўртасида қадимдан давом этиб келаётган борди-келди бор. Чегаралардаги сунъий тўсиқлар барҳам топса Қозоғистонга меҳнат қилгани келаётган ва Ўзбекистонга пул жўнатиб мамлакат иқтисодига ҳисса қўшаётган муҳожирлар учун ҳам бироз енгиллик бўлар эди,- дейди Норбоев.

Меҳнат мухожирлари ҳам Каримов ташрифидан умидвор

Иқтисоди жадал ривожланаётган Қозоғистонда қўшимча иш кучига пайдо бўлган эҳтиёж, жумладан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳисобидан қондирилмоқда.

Ҳозирда минглаб ўзбекистонлик меҳнат мухожирлари Қозоғистонда ишлайди. Лекин, улар ижтимоий муҳофазаланмаган.

Қозоғистонда ўзбек фуқароларининг қулликка сотиб юборилиши ва бошқа нохуш воқеаларга тушиб қолиши билан боғлиқ ҳодисалар тез-тез учрайди.

- Ҳозир бу ерда ишлаётган хотин-қизлар хўрланмоқда. Холимизни бир келиб кўрсангиз эди. Далада ишлаймиз, кетмон чопамиз, бировни молига қараймиз, лекин чақадек қадримиз қолмади. Ишлаймиз, ишлаймиз, ярмини беради, ярмини кейин оласан дейди. Шу билан йўқ. Мана беш йилдан буён шу,- дейди Қозоғистон ғарбидаги Орол шаҳрида ишлайдиган хоразмлик Гавҳар опа.

Лекин, Қозоғистонда ишлайдиган ўзбек мухожирларининг аксари иш берувчи билан шартнома тузмай ишлаши боис, улар муаммосини ҳуқуқ органлари ҳал қилишга ожиз.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида икки ярим минг километрлик чегара бор. Бу чегарада сўнгги бир йил ичида кўплаб кўнгилсиз воқеалар рўй берди.

Ўтган йили чимкентлик алпинистлар тоққа чиқмоқчи бўлиб адашиб қолган ва давлат чегарасини бузишда айбланиб ўзбек чегарачилари томонидан қўлга олинган эди. Улар бир неча кун ўтиб озод этилган бўлса ҳам икки давлат ўртасида дипломатик мунозарага сабаб бўлди.

Шу йил бошида гўё Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон тарафидан учиб борган учувчисиз бошқариладиган учқич билан боғлиқ можаро Қозоғистон томонининг норозилигига сабаб бўлди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Алтай Абибуллаевнинг Озодлик мухбирига айтишича икки мамлакат муносабатларида муаммо йўқ.

- Ўзбекистон раҳбарининг Қозоғистонга ташрифи бу муносабатларни янги босқичга кўтаришига умид қиляпмиз, - деди Абибуллаев.

Бу сўнгги йигирма йил мойбанида Каримов ва Назарбоев ўртасидаги ҳисоб бўйича 14чи олий даражадаги учрашув бўлади. Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари сўнгги бор март ойида Тошкентда учрашишган эди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:00 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG