Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:15

100 билан юзлашганлар тақдирланди


Юз ëшдан ошган ўнлаб Ўзбекистон фуқароси мамлакат мустақиллигининг 21 йиллиги муносабати билан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Тақдирланганларнинг кўпи водиллик бўлиб чиқди.

Тақдирланганлар орасида Фарғонанинг Водил тумани турғуни 102 яшар Худойберган Акбаров ҳам бор.

Худойберган отанинг ўғли 54 яшар Йигитали ака Озодлик билан суҳбатда отасининг ҳануз тетик эканини айтиб, уни медал билан сийлаган ҳукуматдан миннатдорлигини изҳор қилди.

Бу йил 102 ëшга кирган Худойберган акани яxши билган Водил тумани маҳалла жамғармаси фаоли 55 яшар Ëрбек аканинг Озодликка айтишича, биргина Водил туманида 14 нафар юздан ошганлар истиқомат қилади:

- Водилликлар умуман узоқ яшайдиган эл. Бунинг боисига келсак¸ бу ерда ҳаво яxши. Тоғли, сўлим жой. Иккинчидан, ирсият билан боғлиқ. Узоқ умр кўрган отанинг боласи ҳам узоқ яшайди. Худойберган аканинг ота-оналари ҳам узоқ умр кўрган¸ деб эшитганман¸ дейди маҳалла фаоли.

Худойберган отанинг ўғли Йигиталининг айтишича¸ бутун қариндош-туққанлари узоқ умр кўриб келишмоқда.

- Менам ирсият билан боғлиқ¸ деган гапга ишонаман. Аммам 94 га кирди. Жуда кўп қариндошларимиз тўқсон билан тўқнашиб¸ юз билан юзлашиб юрибди.

Водилдаги “Маҳалла” жамғармаси фаоли Ëрбек ака эса¸ ирсият ва муҳит уйғун бўлса¸ одам янада узоқ яшайди¸ деган фикрда собит.

Ëрбек ака тоғли жойда одамлар узоқ яшайди¸ деган фикрига Кавказ тоғлари аҳолисининг узоқ умр кўришини мисол қилиб келтирди.

Кавказ тоғларидан қолишмайдиган Жиззахнинг Бахмал тоғ тизмаларига яқин жойда истиқомат қиладиган Пардахол опа Пардаева бу йил 108 ëшга кирди.

Пардахол опа ҳам бу йил “Шуҳрат” медали нишондорлари рўйхатидан ўрин олди.

Чустнинг осмонўпар тоғлари қўйнида жойлашган қишлоқда бундан 100 йил муқаддам туғилган Ачапошша ая Нишонова ҳам медалга лойиқ кўрилди.

Узоқ умр кўриш иқлим билан боғлиқ эмас

Ўзбекистондаги “Нуроний” жамғармасида юз ëшга кирган ўзбекистонликларнинг рўйхати бор. Озодлик боғланган “Нуроний” фаоли Ўзбекистоннинг чўл ва дашт ҳудудларида ҳам юз ëшдан ошганлар кўплигини айтди.

- Масалан¸ Бухоронинг Ғиждувонида истиқомат қилувчи Мавлон ота Муродов 100 дан ошди¸ Навоийнинг Кармана туманидан Ҳожибиби Каримова эса 106 ëшга кирди.Қорақалпоғистоннинг Шуманай туманида яшовчи Турған ота Асқаров ҳам 100 дан ошди¸ дейди "Нуроний" вакили.

Суҳбатдошимиз номларини келтирган қариялар экологик жиҳатдан яшаш учун ноқулай ҳисобланган чўлу биëбонларда истиқомат қилишади.

2008 йилда Озодлик мухбирлари Тўрткўл туманида яшовчи Тўти Юсупованинг паспорти билан танишиб ҳайрон қолишган эди.

Паспортдаги туғилган вақти деган жойда 1880 йил деб ëзиб қўйилган эди.

Ана шундан кейин Озодлик мухбири Тўти Юсупованинг уйида бўлиб¸ у билан суҳбатлашиб видеолавҳа ҳозирлади.

Ана шундан кейин Тўти Юсупованинг узоқ умр кўргани ҳақидаги Озодлик хабари олисларга тарқалди.

БиБиСи жаҳон хизмати телканали¸ Россиянинг Биринчи канали бу кекса аëл ҳақида кўрсатувларни эфирга беришди.

2008 йилда Қорақалпоқфилм студияси бу опа ҳақида ҳужжатли кино суратга олди.

Айни пайтда¸ Тўрткўлдаги бу аëлни Гиннес китобига киритиш учун ҳаракат қилаяпмиз¸ дейди Тўрткўл туман Хотин-қизлар кенгаши раиси Хадича Ибодуллаева Озодлик билан суҳбатда.

- Опа ҳозир 132 ëшда. Хабар олиб турибмиз. 2008 йилда у кишига "Шуҳрат" медали берилган эди¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбекистонда бундан 100 йил олдин туғилиш қайд қилиш тизимлари мавжуд бўлмаган. Оддий одамлар мучал ҳисобида ëки маълум экинлар униши билан боғлиқ ҳолатларга боғлаб ўз таваллуд вақтини чамалаган.

Тут пишган пайтда¸ қовун икки палак бўлган даврда туғилган эдим¸ деган мавҳум тушунчалар одамларнинг таваллуд куни учун маълумот манбаи бўлган.

Олим уламолар¸ ҳукмдорлар эса ўз туғилган кунларини абжад ҳисобида аниқ тарих қилиб китобларда ëзиб қолдиришган.

Ўзбекистонда паспорт тизими жорий қилинган 1932 йилдан бошлаб мулозимлар жуда кўп хатолар қилганига ишонилади.

Масалан¸ 1937 йил туғилган хоразмлик Ражаббой ака фақат мактабни битириб Тошкентга ўқишга кетаëтган пайтдагина¸ туғилиш гувоҳномаси олган:

- Туғилган кунимни эса тумандаги врач “аниқлаб берди”. Мен врач олдига борганимда 30 июн эди. Врач менга сен бундан 18 йил олдин 30 июнда туғилдинг¸ деб справка ëзиб берди. Шу справка асосида паспорт олдим. Онамдан сўрасам сени пахта уч кўрак бўлганда туққан эдим дейди¸ Ражаббой ака.

Ўзбекистондаги 100 ëшдан ошганлар борасидаги маълумот худди шу омил боис ишонарсиз ҳисобланади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:48 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG