Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:19

Автобуслар "проездной"лиларни олмаяпти


Нақд пул тушумини кўпайтириш илинжида бўлган Тошкентдаги автобус ҳайдовчилари ойлик чипта олган ўқувчилар тўпланиб турган бекатлардан тўхтамай ўтмоқда. Оқибатда¸ пойтахт ўқувчилари жамоат транспорти хизматидан маҳрум қолмоқда.

"Тошкентдаги автобуслар ойлик йўл чиптаси бор ўқувчиларни йўлда қолдиришни бошлади. Қибрай туманида 50 нафар ўқувчи мактабига боролмай ҳалак."

Озодлик мобил мухбирининг Twitter ижтимоий тармоғидаги 140 белгидан иборат бу муждаси¸ бизни мақола ëзишга чорлади.

Озодлик суҳбатлашган мактаб ўқувчилари¸ ота-оналарга кўра¸ автобус ҳайдовчилари учун нақд пулга чипта олган йўловчиларнигина чиқармоқда¸ ойлик чипталиларга йўл бериламëтир.

Тошкентдаги Тиббиëт коллежи ўқувчиси 16 яшар Наримоннинг Озодликка айтишича¸ автобуслар коллеж олдидаги бекатларни атайлаб айланиб ўтмоқда:

- Масалан¸ Медколлежни олдида тўпланиб турсак бўм-бўш бўлса ҳам автобус бизни айланиб тўхтамай ўтиб кетади. Ҳайдовчи бизнинг ҳаммамизда ойлик чипта борлигини билгани учун ҳам олмайди¸ дейди коллеж ўқувчиси.

"Тошшаҳартрансхизмат” уюшмаси мутасаддиларининг Озодликка айтишига кўра¸ автобус ҳайдовчиларининг ойлик чипта олганларни автобусга олмаслигига ҳеч бир сабаб йўқ.

- Ойлик чипталардан тушган пуллар пировардида "Тошшаҳартрансхизмат” уюшмасига келиб тушади. Бу уюшма таркибидаги ҳайдовчи ҳам бу ойлик чиптадан тушадиган маблағдан моддий манфаатдор. Шу боис бу ҳолатни ким кузатса¸ бизга ариза билан мурожаат қилсин. Чора кўрамиз. Идорамиз Олой бозорини ëнида¸ дейди ўзини Абдулазиз деб таништирган мулозим.

Тошкент шаҳар транспорт тизимларида узоқ йиллар ишлаб¸ ҳозирда нафақада бўлган ҳайдовчининг микрофонсиз суҳбатидан маълум бўлишича¸ ҳайдовчилар нақд тушумдан кўпроқ манфаатдор.

Суҳбатдошга кўра¸ автобус паркдан чиқишида ҳам¸ қайтиб киришида ҳам ҳайдовчи чиқимдор бўлади.

Twitterга келган хабар тафсилотларини ўрганиш мобайнида ойлик чиптаси бор ўқувчиларни автобусга олмаслик билан боғлиқ яна бир ҳолатни аниқладик.

Ўғли ўрта мактабга қатнайдиган тошкентлик Мирсиддиқ аканинг айтишича¸ ойлик чиптага мактаб муҳр босиб бериши лозим экан.

Мактаб маъмуриятидаги ходимлар пахтага чиқарилгани боис¸ муҳр босадиган одам йўқ.

- Ҳайдовчилар ойлик чиптангда муҳр йўқ¸ деб ўқувчиларни автобусга олмаяпти. Оқибатда болалар сарсон¸ дейди тошкентлик Мирсиддиқ ака.

Бекор бўлган имтиëзлар

Ўзбекистонда жамоат транспорт тизими заифлашиб¸ улар ўрнига "Дамас"лар карвони қатнай бошлаган даврдаëқ бу муаммо кўзга ташланган эди.

"Дамас"ларга чиқиш илинжида бўлган ўқувчилар қўлида нақд пулни намойишкорона кўрсатиб¸ ҳайдовчиларни жалб қилишга уринишар эди.

Жамоатчилик транспортига муқобил тизим яратиш иддаосида бўлган "дамасчи"лар шу пайтгача ижтимоий заиф қатламлар учун мавжуд имтиëзларни тан олишмади.
Жамоат транспортида бепул юриш ҳуқуқига эга бўлган уруш қатнашчилари¸ чернобилчи ва ногиронлар секин-секин бу имтиëзлар ишламай қолаëтганига гувоҳ бўлишди.

Шаҳардан 5 километр узоқ жойга қатнаб ишлаëтган ўқитувчиларнинг жамоат транспортида бепул қатнаш имтиëзи ҳам ўз-ўзидан бекор бўлгани кузатилди.

Айни пайтда шаҳар транспортида юриш учун ойлик чипта олган мактаб ўқувчилари ҳам ҳайдовчилар назаридан қолмоқда.


Ўқувчилар учун бепул автобус ?

Ўқувчиларни мактабга элтиш билан боғлиқ муаммонинг Фарғона ва Самарқандда ижобий ҳал қилингани айтилади.

Фарғона вилоятида мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларига автобус ва маршрут таксилари бепул хизмат кўрсатадиган бўлди.

Вилоят ҳокимлиги ўқувчиларнинг ўқув машғулотларига мунтазам қатнаши учун қулайлик яратиш мақсадида шундай қарор қабул қилди.

Қарорга мувофиқ, вилоятдаги йўловчи ташиш билан шуғулланадиган автобус ва йўналишли таксилар таътил кунларидан ташқари эрталаб соат 6.30 дан 9.00 га қадар ҳамда кундузи соат 11.00 дан 16.30 га қадар ўқувчиларга бепул хизмат кўрсатади.

Бундан олдин худди шундай тажриба Андижон ва Самарқанд вилоятларида жорий этилган эди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:29 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG