Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:29

"Ўзбек имомлари": Бешикдан то қабргача илм изланг!


Ўзбек имомлари ҳақидаги туркумнинг биринчи фаслига ана шу хулоса билан якун ясалди.


Тўрт ойлик танаффусдан сўнг Озодликда яна “Ислом ва мусулмонлар” эшиттириши янги сонларини ҳозирлай бошладик.

Олдинда анчагина режаларимиз бор. Одатдагидек, ислом олами ва ўзбек мусулмонлари ҳаёти билан боғлиқ муҳим мавзуларни ёритиш билан бирга эшиттиришимизнинг сўнгги сонларида бериб келганимиз “Ўзбек имомлари” рукнининг янги фаслини тайёрлаш, шу жумладан, айни кунларда Ўзбекистон ичида ва ташқарисида имомлик қилаётган ўзбек аҳли илмлари билан суҳбатлар қуришни режалаб турибмиз.

Сўнгра намунавий исломий давлатлардаги ҳукумат бошқаруви ва диний жамоалар ҳаётини ўрганиш, шунингдек, ислом дунёсида танилган ёрқин мусулмонлар шахси билан танишиш ниятидамиз.

Аммо, аввалига, сўнг кезларда тингловчи ҳамда интернетдаги муштарийларимиз эътиборини тортган “Ўзбек имомлари” рукнининг баъзи сонлари қисқача мазмунини ёдингизга солмоқчимиз.


Фозил қори: Эшакни амаки дедим, айиқни тоға!

"Ўзбек имомлари" рукнининг сўнгги сонида Фозил қори Ёсин қори ўғли ҳақида хотирлаган эдик.

Фозил қорини халққа танитган энг муҳим жиҳат у кишининг маърузалари эди.

Қуйида унинг энг кўп тарқалган маърузасидан бир парчани ўқинг:

“Оналар хорланиб ошна-оғайнилар азизланганда; масжидларда одамлар масала талашиб ëқалардан ушлашиб тўполонлар бўлганда; энг паст ҳаромдан ҳазар қилмайдиган, намоз ўқимайдиган одам одамларга раис, маҳаллабоши бўлганда; одамни яхшилигиданмас ëмонлигидан, бунинг қўлидан ëмонлик келади, деб ҳурмат қилинганда - қўрқиб ҳурмат қиласизда, у ëмон у, ëмон одам у - мана шулар қиёматнинг белгиси бўлади. Бир форс одам айтган экан: "Замонанинг тақозоси билан эшакни амаки дедим, айиқни тоға дедим", деб”.

Фозил қори Ёсин қори ўғли 80 йиллар охиридан – Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги Қумариқ масжидида имомлик қилган кезлардан бошлаб, маърузалари эл орасида қўлма-қўл бўлган илк йирик ўзбек имомларидан биридир.

Асосан, одоб-аҳлоқ ва ибодат масалаларига эътибор қаратган имом илк маърузаларида, юқоридаги парчада ўқиганингиз каби, баъзи ижитимоий-сиёсий масалаларга ҳам ҳам тегиб ўтган.

Лекин кўпчилик диндор у кишининг маърузаларини 70 йиллик собиқ совет замонида диндан узоқлашган халқни намозга, тақвога чақиргани учун қадрлашини айтади.

- Ўнми, ўн бирми, балки ўн икки ëшдадирман, намоз ҳақида, ота-онанинг ҳурмати ҳақида иккита кассеталари бўларди у кишининг. Илмий даражада кучлимаску, лекин ҳикояларни маромига олиб келиб, мисолларни чиройли келтириб, янги намозхонлар учун жуда яхши, таъсирли маърузалар қилардилар,- дея эслайди жумладан, тошкентлик диндор Абдулла Азим.

Фозил қори Ёсин қори ўғлининг маърузалари шу кунларда ҳам интернетда кўп тингланади ва бу маърузаларга билдирилаётган муносабатлар ҳам кўп.

Гарчи 80 йиллар охири ва 90 йиллар бошига келиб, Мусулмонлар идорасидаги расмий фаолияти ҳақида кўплаб танқидлар янграсада, Фозил қори ўзбек мусулмонлар орасида энг жўшқин овозда намоз ва одоб-аҳлоққа даъват қилган имомлардан бири ўлароқ хотираларда қолди.






Абдуҳаким қори: Худонинг менга фазли карами кенг эди!

Асли чегачи уста, минглаб мусулмон ёшларнинг хат-саводини чиқарган ва ўзида бор илмни янада кўпроқ одамга етказишга уринган Абдуҳаким қори Восиевни хотирлашимизда у кишининг ўғли, ҳозир Ўзбекистон Мусулмонлари идораси қошидаги мадрасалардан бирида араб тилидан дарс бераётган Абдусалом Восиев ва шогирдларидан бири Содиқ қори Камолов кўмаклашган эди.

- Илмий даражалари унақа жуда баланд бўлмаган, лекин бор илмларини ўзимизнинг халқимизга, элимизга етказишга ҳаракат қилганлар қўлдан келганича. Жуда илмлари кучли одам бўлмаганлар лекин ҳақиқатан гапириладиган бўлса. Қуръон ўқирдилар, таржима қилардилар. Ўзларининг замонларида водийда дадам қаторида уламолар кам бўлишгани учун менимча уламоларга эътибор каттароқ қаратилган бўлса керак деб ўйлайман. Дадамизнинг илмларини олган одамлар Ҳиндистоний домлага боришарди. Амаллари сўралганда “Худонинг менга фазли карами кенг эди” деб қўярдилар холос, - дейди Абдусалом Восиев.

Фозил қори Ёсин ўғли намоз ва одобга даъват қилинган маърузалари кўп тарқалган илк имомлардан бири бўлган бўлса, салкам бир асрлик умрни яшаган Абдуҳаким қори Восиев собиқ совет замонида дин, тақво илмини ёшлар орасида ҳужра таълими асосида ёйган ўта оз сонли аҳли илмлардан биридир.


Шу ҳаракати учун аввалига 1933-37 йиллардаги қатағонлар, кейин эса Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейин яна собиқ совет даври чиғириқларига бир-бир учраган.

- Ҳакимжон қори домла оғир вақтларда, Совет иттифоқи аталмиш империя даврида динга қарши қатағон йилларида, Сталин даврларида, энг оғир пайтларда ҳам ўқиган. Билган илмини талабаларга ўргатиш, ўқитиш иши билан машғул бўлиб, бу кишини 1937 йиллар атрофида Сталин репрессияси вақтида Украинага сургун қилишган. Бу кишининг тоғалари, оналари биргаликда бўлиб, ўша жойларда тил билмайди, урф-одатларини билмайди, ҳатто, шундай бир оғир ҳолатлар бўлганки, ўша жойларда иш йўқ, ўзлари сургун бўлиб борган. Украинадаги черковлардан ëрдам сўрашликка, ўша жойларда одамлардан ўлиб қолмаслик учун, ҳаëт қолишлик учун озуқа сўраб олишликка ҳам булар мажбур бўлганини неча маротаба гапириб бергандилар, дейди қирғизистонлик йирик уламо, Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Содиқ қори Камолов.






Мавлавий Ҳиндистоний: Ҳақ биз тарафда бўлса, бизга бўйин эгинг!

Рукнимизнинг яна бир қаҳрамони - Мавлавий Ҳиндистонийни аҳли илмлар қомусий олим, деб хотирлайдилар.

У киши 1920 йиллар Ҳиндистоний атрофида илм олиш учун Ҳиндистонга борган ва у ердан қомусий олим ўлароқ юртга қайтган.

- Қуръонни ëдлаб, ҳофизи Қуръон бўлиб забардаст қори бўлгандан кейин 17-18 ëшлар атрофида Ҳиндистонга ўқишга борган. У ëқлардан 30 ëшларига яқинлашган вақтларида қайтганлар. Жуда кўп илмни ўша ерда ўқиганлар. Ҳатто ҳинд болаларига урду тилида ҳам дарс берган. Шунинг учун бу кишини Ҳиндистоний домла, дейишган. Урду, форс, араб тилларида мукаммал гаплашиб, мукаммал таржималар қилганлар. У киши серқирра олим бўлган. У киши Совет иттифоқининг коммунистик идеологияси, катта ҳукумат машинаси динга қарши ишлаб турган даврда халққа ҳақиқий ислом динининг моҳиятини тушунтириб, илмга, динга одамларни тарғиб қилиб ўтган. Шунинг учун уларнинг хизматларини биз ниҳоятда юқори баҳолаймиз, дейди Содиқ қори Камолов.

Ҳиндистонийнинг қадрланадиган яна бир фаолияти у кишининг Ўзбекистонлик мусулмонлар ўртасида ибодат ва тақвода пайдо бўла бошлаган тафовутларни йўқотишга уриниши, деб хотирланади.

Ҳиндистойнининг ўзи бу мақсадини шундай изоҳлаган эди.

- Мана баъзи бирлар сунний, баъзи бирлар ваҳҳобийга ажралиб қолди. Буни кўпчилик фаҳмлаш керак. Ана ҳаммамиз жамланиб туриб, ўша Жамолдин келсин шу ерга. Анави Абдувалини ҳам чақириб келинг. У ҳам келсин. Ана ундан кейин бир-биримиз билан савол-жавоб қиламиз. Ҳақ бизнинг тарафда бўлса, ҳаммангиз бўйин эгинг шунга. Қўл қўйинг мана бу дафтарга. Ана шундагина сулҳ бўлади, дейди ўз шогирдлари даврасида Мавлавий Ҳиндистоний.






Алихонтўра Соғуний: Пайғамбарнинг ҳарбий мактабини битирганман

“Ўзбек имомлари” рукнининг яна бир қаҳмони Алихонтўра Соғунийнинг ҳозир Туркияда яшаётган ўғли Қутлуғхон Тўра отасини шундай хотирлайди:

- У кишилар Туркистон фарзандидир. Уларнинг наздида битта Туркистон бўлган. Яъни, ҳозирги беш республикадан иборат Ғарбий Туркистон (Марказий Осиё республикалари – Таҳ.) ҳамда Тяншан тоғининг у томонида Хитой идораси остидаги Шарқий Туркистон бўлган.

У киши Шарқий Туркистонга советлар тақибидан қочиб кетган. У киши Шарқий Туркистон орқали Арабистон ёки Ҳиндистонга кетишни ният қилган эдилар. Аммо, совет ҳукуматининг бу минтақада ҳам таъсири кучли эди. Отамиз у ерда ҳибсга олиндилар. Хитой қамоғига солиндилар. Қамоқдан чиққач эса Шарқий туркистонликлар орасидаги миллий-озодлик ҳаракатига қўшилдилар, дейди Қутлуғхон Тўра.


Сиёсат ва жамоат арбоби, ҳарбий қўмондон ва табиб бўлган Соғуний, фарзандлари ва набираларининг хотираларига кўра, исломий ҳарбий муҳорабани амалиётга тадбиқ этган ҳамда шу ҳаракати билан Шарқий Туркистондаги уйғурларга маълум муддатга озодликни олиб келган қўмондондир.

- “Майдон муҳорабаси” дейди. 1945 йилдаги муҳорабада Хитой армиясига жуда катта зарба берилган. 80 минг қўшинга 30 мингга яқин аҳоли қарши чиққан ва ислом лашкарлари кучи билан енгган. Жуда катта ҳарбий ўлжалар, асирлар олинган. Шунинг учун ҳукумат отамизга маршал унвонини берган. Энди, албатта, албатта, бу унвоннинг тан олиши ортида Москва ҳам турган.

Мен отамдан сўраганман: «Қаердан ўргангансиз ҳарбий муҳорабани,» деб. Дадам кулганлар: “Мен Муҳаммад пайғамбарнинг ҳарбий мактабини битирганман”, деб.

Кейинчалик мен у кишининг китобларнинг устида ишлаганимда отамиз раҳматлининг Шарқий Туркистондаги ҳарбий тактикаларининг кўпи ўша Ислом дини энди оёққа тураётган пайтда қўлланган ҳарбий тактикага жуда ўхшаб кетишини кўрганман. У киши махсус бир ҳарбий таълим олмаганлар, деб хотирлайди Алихонтўра Соғунийнинг ҳозир Туркияда яшаётган ўғли Қутлуғхон Тўрадир.

Аммо Соғунийни ўзбек мусулмонлари, асосан, “Тарихий Муҳаммадий” асари орқали танийди.

- 1988 йилдан бошлаб, ҳозир шу кунга қадар "Тарихи Муҳаммадий" 5 марта нашрдан чиқди. 5-10 мингдан чиқади. У даражада кўп эмасу, оз. Лекин баҳоли қудрат бўлаяпти. Буни устоз Абдулазиз Мансурнинг ëрдами туфайли нашр қилиб халққа етказдик. Юртбошимиз ўзлари “Мана шу китобни ўқинглар. Мана динимиз тўғрисидаги ҳақиқий илм, ҳақиқий савод мана шу китобдан чиқади”, деб айтганлар. Устозимиз Абдулазиз Мансур президент давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаб турган пайтларида шу гапни бизга етказган эдилар. Бу гапни айтганларига 14-15 йил бўлди, - Соғунийнинг 60 ёшли набираси, адвокат Баҳманёр Шокир.

“Ўзбек имомлари” рукнининг биринчи фаслида тилга олганимиз улуғ аҳли илмларнинг барчасини, асосан, бир хусусият бир сафга қўяди - уларнинг ҳаммаси 70 йиллик собиқ совет даврида диндан узоқлаштирилган халққа томчилатиб-томчилатиб бўлсада, диний илмни етказишга уринган.

Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий” асари совет замонида улғайган ўзбек мусулмонларининг кенг қатламига ислом пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни танитган илк манбалардан бири эди.





Бобохоновлар - 46 йил диний идорани бошқарган сулола

“Ўзбек имомлари” рукнида совет Ўзбекистони тарихида илк бор диний идоранинг ташкил қилиниши ва мамлакатда совет замонидаёқ кўплаб масжидларнинг очилиши ҳамда диний таълимнинг чекланган кўламда бўлсада, йўлга қўйилишига хизмат қилган оила – Бобохоновлар сулоласи ҳақида ҳам ҳикоя қилган эдик.


Шайх Эшон Бобохон Англиядан Тошкентда борган Кентербер собори руҳонийси Ҳюлет Жонсон билан. Сурат 1945 йилнинг май ойида Тошкентда олингани айтилади.
Шайх Эшон Бобохон Англиядан Тошкентда борган Кентербер собори руҳонийси Ҳюлет Жонсон билан. Сурат 1945 йилнинг май ойида Тошкентда олингани айтилади.
Тарихий манбалардаги маълумотлар ҳамда бу сулола тарихини ўрганган тарихчилар кузатувига кўра, давр тақозоси билан узоқ муддат - 1943 йилдан 1989 йилга қадар Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раислигида бўлган бу сулола вакиллари, асосий эътиборни диний таълим ҳамда меросни тиклашга қаратган.

- Халқимиз ҳам ислом динидан узоқлашиб кетган, фарзу суннат, ҳалол-ҳаромлардан ҳам анча бехабар бўлиб турган пайтда Зиëвуддин қори ака ҳам ислом динини имкониятлари борича тарғиб қилиб, ҳам сиёсатни олиб бордилар. Қойил қолардимки, бу кишининг сўзларини ўша пайтда ëзиб олиб, таҳлил қилинарди-да юқори идораларда. Ҳам шариатни тўғри олиб борардилар, - дея Шайх Абдулазиз Мансур Бобохоновлар сулоласининг яна бир ёрқин вакили Зиёвуддин Бобохонов ҳақида хотирлади.

- Масжидлар очилишида, китоблар, асосан, Қуръони Карим чоп этилишида ва Ҳаж зиёратини уюштиришда хизматлари жуда ҳам катта бўлган, деб биламан. Чунки четга борадиганлар ўша пайтда номма-ном Москвадан, КГБ идорасидан тасдиқланарди. Кейин Ўзбекистон КГБсидан суҳбатдан ўтиб, уларга маслаҳат, кўрсатма, буйруқ, топшириқлар берилиб, бир неча томоннинг розилиги олингандан кейин Ҳажга борарди одамлар. Зиëвуддин қори акалар зиёратчиларни иложи борича кўпайтиришга ҳаракат қилишган, - дея хотирлаган эди Обид қори Назаров.





Обидхон қори Назаров: Дин олимини сабабсиз ëқтирмаган мунофиқдир!


Обид қори Назаров шу йилнинг 22 февралида Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи йўлагида номаълум қуролли томонидан отиб кетилганди.

54 ёшли Обидхон қори Назаров ҳамон шифохонада комада ётибди.

Бу суиқасд муносабати билан “Ўзбек имомлари” рукнида Обид қори Назаров ҳақида ҳам тўхталган эдик.

Обид қори Назаровнинг Ўзбекистондаги фаолиятини узоқ йиллар давомида кузатган ва у кишининг шахсини яқиндан таниган Аҳмаджон Валиев унинг халқ орасида танилиши сабаби мусулмонлар, умуман, Ўзбекистон фуқароларининг ҳаëти билан ҳамоҳанг юриши бўлган, деб ҳисоблайди.

- Масалан Ҳуррият газетасида ëки бўлмаса телевидениеда Исломга тааллуқли бўлган кўрсатув, Исломни масхара қилиш, мусулмонларни масхара қилиш маъносидаги ҳар хил кўрсатувлар чиқиб қолса, ана шу нарсани ҳам танқид қилардилар. Артистлар, ëзувчилар ëки бўлмаса журналистлар ўзларининг қилган хатоларини тушуниб, масжидга келиб ўзимизнинг олдимизда “Биз хато қилибмиз, нотўғри қилибмиз” деб узр сўраб, халқдан кечирим сўраб кетганлари ҳам бўлган. Юқори ҳукумат лавозимида ишлайдиган одамларнинг ҳам анча-мунчаси инсофга келиб, тўғирланган инсонлар ҳам борю Лекин тўғирланишни хоҳламаган одамлар бу кишининг орқаларидан тушиб, хуллас ўзларининг таъсирларини мана бугунги кунгача ўтказиб келишга ҳаракат қилишади, - дейди Аҳмаджон Валиев.

1995 йилларга қадар анчагина эл оғзига тушиб улгурган Обид қори Назаровнинг илк шов-шувли маърузаларидан бири эса Тошкент аэропортидан ўғирлаб кетилган таниқли уламо Абдували қори Мирзаев ҳақида бўлган эди.

- Кимки агар олимни, дин олимини ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ табиатан ëқтирмаса у кофир, у мунофиқ агар мусулмонман, деб юрган бўлса. Ўшанақа олимларимиздан бири, Андижон шаҳридаги жоме масжидининг имом хатиблари ҳурматли Абдували қори ака Маткаримов Рамазон деган бир шогирдлари билан бирга ўша биз иштирок этиб қайтган Московдаги исломий анжуманган таклиф қилинган эканлар. У киши анжуманга боролмадилар. Кейин билсак, орадан бир қанча вақт ўтгандан кейин маълум бўладики, Тошкент аэропортида таможня текширувидан, регистрация, ҳамма ҳаммасидан ўтиб-ўтиб, самолëт турадиган майдонга чиқиб кетишган. Лекин самолëтга етиб боришмаган. Ҳозир дом-дараксиз, у киши йўқ. Нима бўлганини бир Оллоҳ билади, у кишининг ўзлари биладилар ва бу кишига қўлини теккизган ўша бадбахт билади, холос. Совет империяси пайтида Худони сўкканлар бўлди. Лекин ўша коммунистлардан бирортаси бирорта олимни ўғирлаб кетмади, деган эди Обид қори Назаров.

Ўшандан кейин Обид қори Назаровга нисбатан махсус хизматларнинг очиқ-ошкор таъқиблари бошланган эди.

1996 йилнинг ёзида расман имомликдан олинган Обид қори Назаровга нисбатан 1998 йилнинг 5 мартида жиноий иш қўзғатилди.

У кишига Ўзбекистон ЖК нинг 159-, 244-, 216-моддалари асосида Ўзбекистон Конституцион тузумига тажовуз, таъқиқланган диний ташкилотлар тузиш ва унга раҳбарлик қилиш, оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариш ва диний экстремизм, яъни “Ваҳҳобийлик” оқимига алоқадорлик ҳақидаги айбловлар қўйилди.

Кейин эса юртни тарк этишга мажбур бўлган уламо 2000 йилдан то 2006 йилгача Қозоғистонда, 2006 йилдан кейин расман қочқин, деб тан олиниб, Швецияда яшай бошлади.

Шу йилнинг 22 февралида у кишига нисбатан Швециядаги уйи подездида суиқасд уюштирилди. Бу ўзбек имомлари орасида кенг танилган уламога нисбатан хорижда ушютирилган илк суиқасд бўлди.


3 ойдан сўнг ушланган ва Назаров ҳаётига суиқасд уюштирган шахсга ёрдам берганликда гумонланган Баҳодир Пўлатов ҳамда Нодира Аминовалар эса айби тасдиқланмагани учун оқланди.

Швеция прокуратураси гумонича, Обидхон қори жонига Ўзбекистон фуқароси бўлган, 1978 йил туғилган Юрий Жуковский суиқасд қилган. Бу шахснинг Россияда ғойиб бўлгани айтилади.

Прокурор Кристер Петерссон фикрича, имомга қилинган суиқасд унинг сиёсий ва диний фаолияти билан боғлиқ, бироқ уни ўлдириш ортида Ўзбекистон ҳукумати ва унинг махсус хизмати турибди¸ деган иддаони аниқ тасдиқлайдиган далил ҳозирча йўқ.

Таклифларингизни кутамиз!

Бундан сўнгра “Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг янги сонларини ҳозирлашда, албатта, сизнинг таклифларингизни кутиб қоламиз.

Эшиттириш маълум муддатдаги танаффусдан сўнг яна эфирга узатилар экан, унда қандай мавзуларни тилга олишимизни истар эдингиз?

Марҳамат, таклифлар бўлса, бизга мурожаат қилинг:

ozodlikmail@gmail.com
uzbekweb@rferl.org
моб: +420 602 612 713
моб: +420 777 148 199

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:50 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG