Муқаддас Қуръон оятлари ёзилган қоғозларни ёқиб юборганликда айбланган Римша Масиҳ 16 август куни пойтахт Исломобод ташқарисидаги камбағаллар яшайдиган маҳаллаларидан бирида қўлга олинган эди.
Озодлик суҳбатлашган адвокат Тоҳир Навид Чаудри Масиҳнинг озодликка чиқарилиши шартли бўлганини билдирди:
- Суд (иккита) 500,000 рупий (10,500 АҚШ доллари) миқдорида гаров пули қўйилишни талаб қилди ва гаров пули эвазига унинг озодликка чиқишига рухсат берди, дейди адвокат Тоҳир Навид Чаудри.
Бироқ Масиҳлар оиласининг суд талаб қилган миқдордаги пулни гаровга қўя олиши ёки қўя олмаслиги маълум эмас.
Покистон Миллий тотувлик масалалари бўйича вазири ёрдамчиси Робинсон Ашғар¸ агар суд талаб қилган миқдордаги пул гаровга қўйилса, Римша Масиҳ хавфсизлик сабабларига кўра қаердалиги сир тутилаётган оиласи олдига қайтишини маълум қилди.
Айни пайтда, Ашғар Рейтерс ахборот агентлигига Римша Масиҳни хорижга чиқариб юбориш режаси йўқлигини таъкидлади.
Шанба куни Покистон полицияси динни таҳқирлаганини исботловчи далилларни насроний қизнинг тугунига ташлаб қўйгани айтилаётган имомни қўлга олди.
Шундан сўнг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг Римша Масиҳни озод қилиш ҳақидаги чақириқлари кучлироқ янграй бошлади.
Покистоннинг динни таҳқирлашга қарши қабул қилинган қонунларида Муҳаммад пайғамбарни ҳақорат қилганлик учун ўлим жазоси, муқадас китобни таҳқирлаганлик учун умрбод қамоқ жазоси белгиланган.
Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар Исломобод ҳукуматини ўн йиллар давомида мазкур қонунларни ислоҳ қилишга чақириб келмоқда.
180 миллион аҳолисининг 97 фоизини мусулмонлар ташкил қилган Покистонда Исломни таҳқирлаш ўта нозик масала ҳисобланади.
Масиҳнинг адвокати Чаудри динни таҳқирлаганликда айбланганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ҳар қандай шахс ҳам ўз ҳаётини таҳдид остига қўйишини айтди.
- Менимча, бундай ишларга алоқадор бўлган одамлар ва ҳатто айбланувчиларни ҳимоя қилишга уринганларнинг ҳаммаси ўлим таҳдидига учраган, дейди адвокат Чаудри.
Ислом дини ёки Муҳаммад пайғамбарни ҳақорат қилганлик ҳақидаги иддаолар одатда жамоатчилик ғазабини қўзғатиб келган.
Динни ҳақорат қилганликда айбланган шахслар ҳатто судлар томонидан айбдор эмас, деб топилганига қарамай, баъзан улар жамоатчилик вакиллари томонидан ўлдирилган.
2011 йилда етакчи сиёсатчи Солмон Тасийр ва ҳукуматнинг насроний динига мансуб вазири Шаҳбоз Бҳатти Исломни таҳқирлашга қарши қабул қилинган қонунни ислоҳ қилишга чақирганидан кейин суиқасд қурбони бўлган эди.
Тасийрни ўлдирган шахс Римша Масиҳ сақланаётган қамоқда жазо муддатини ўтамоқда.