Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 19:00

APEC лидерлари иқтисодий ўсишни таъминлашга ваъда берди


Россиянинг Владивосток шаҳрида Осиё-Тинч Океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (APEC) саммити ниҳоясига етди.

Икки кунлик саммит якунида қабул қилинган баёнотда ташкилотга аъзо 21 давлат раҳбари иқтисодий ўсишни таъминлаш учун зарурий чоралар кўриш ҳамда Европадаги қарзлар билан боғлиқ бўҳрон сабабли юзага келган муаммоларни енгиш учун савдо-сотиқни либераллаштиришга ваъда бердилар.

Осиё-Тинч Океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига (APEC) аъзо давлатлар раҳбарлари эълон қилган баёнотда евро ҳудуди яхлитлигини сақлаб қолиш учун Европа лидерлари томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар олқишланган.

Россия ва АҚШда рўй берган қурғоқчилик сабабли дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида APEC давлатлари раҳбарлари иқтисодий ҳимояланиш чораларидан фойдаланмасликка келишиб олдилар.

Саммитнинг якуний декларациясида ташкилотга аъзо давлатлар глобал миқёсда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун баҳамжиҳат иш юритишига чақирилган.

APEC лидерларининг ҳаммаси коррупцияга қарши курашиш, шунингдек, иқтисодий шаффофлик ва масъулиятни оширишни ваъда қилдилар.

Саммитдан кейин журналистлар учун ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган Россия президенти Владимир Путин йиғилиш натижалари ва учрашувга кўрилган тайёргарлик ишларидан қонишиш ҳосил қилганини таъкидлади.

Путин Тинч океани минтақаси глобал иқтисодиётни “олдинга етакловчи куч” деган фикр билдирди.

Россия президенти APEC саммитини ўтказиш учун ўз ҳукумати 15 миллиард рубл ажратгани ва ўша маблағ ҳисобига Узоқ шарқ давлат университетининг янги талабалар шаҳарчаси қурилганини айтди.

- Саммит учун бошқа жойни танлаш мумкин эди ва бу анча арзон ҳам бўлиши мумкин эди. У ҳолда, Федерал университет бўлмасди. Унда Россиянинг Узоқ шарқ минтақасида мана шундан янги илмий-маърифий, интеллектуал даргоҳ бўлмасди. Менимча, биз мана шундай мақсадлар учун маблағ сарфлашимиз керак, - деди Россия президенти.

Путин яқин орада Москвада Япония Бош вазири Ёшиҳико Нода билан учрашиши ва музокара чоғида анча вақтдан бери ўз ечимини топмаган икки давлат ўртасида баҳсларга сабаб бўлиб келаётган тарихий муаммолар муҳокама этилишини маълум қилди.

Россия ва Япония Иккинчи жаҳон урушидан бери Жанубий Курил оролларига эгалик масаласида баҳслашиб келаётгани сабабли икки давлат ўртасида ўзаро тинчлик шартномаси имзоланмаган.

- Япония бизнинг қадимий, анъанавий ва минтақадаги муҳим ҳамкорларимиздан биридир. Биз Япония иқтисодиётининг мавжуд имкониятларини биламиз. Биз Япония иқтисодиётининг муаммоларини ҳам, мавжуд имкониятлари ва тараққиёт даражасини ҳам биламиз.

Биз Япония билан ўзаро муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдормиз. Биз ўтмишдан қолган барча муаммоларга ечим топишни жуда хоҳлаймиз. Биз кеча шу ҳақда ҳам сўзлашдик, - деди Россия Президенти.

Дунё аҳолисининг 40 фоизи APEC ташкилотига аъзо давлатларда яшайди.

Дунёдаги иқтисодий ишлаб чиқариш ҳажмининг 54 фоизи ва савдонинг 44 фоизи улуши ҳам APEC мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади.

Осиё-Тинч Океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги саммити 2013 йилда Индонезиянинг Бали оролида ўтказилади.
XS
SM
MD
LG