Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:48

Мусулмон давлатларда АҚШга қарши норозиликлар давом этмоқда


Ислом дини ва Муҳаммад пайғамбарни ҳақоратловчи филмига қарши Қоҳирада ўтказилган намойиш, 2012 йил 13 сентябр.
Ислом дини ва Муҳаммад пайғамбарни ҳақоратловчи филмига қарши Қоҳирада ўтказилган намойиш, 2012 йил 13 сентябр.

Мусулмон давлатларда Ислом дини ва Муҳаммад пайғамбарни ҳақоратловчи “Мусулмонлар гуноҳсизлиги” номли филмга қарши норозиликлар давом этмоқда.

Афғонистон пойтахти Кобулда 16 сентябр куни Америкага қарши намойиш ўтказилди.

Афғонистон полициясига кўра, норозилик акциясида бир мингга яқин намойишчи Кобул университети яқинида “Америкага ўлим” деб бақирган. Намойиш чоғида зўравонлик рўй бермаган.

Нангарҳор вилоятида жума куни ўтказилган норозилик намойишида эса маҳаллий қабила оқсоқоллари ва уламолар Ислом дини ва Муҳаммад пайғамбарни ҳақорат қилувчи филм режиссёрининг боши учун 100 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пули берилишини эълон қилган.

Айни пайтда, АҚШ Давлат департаменти жума куни ҳужумга учраган Тунис ва Судандаги Америка элчихоналари ходимлари эвакуация қилиниши ҳақида баёнот эълон қилди.

Ҳужжатда мазкур элчихоналарда энг зарур бўлган бир неча ходимгина қолиши билдирилган.

Давлат департаментининг шанба кунги баёнотида америкаликларга Тунис ва Суданга сафар қилмаслик тавсия этилган.

11 сентябрдан бери Яқин Шарқдан Жануби-шарқий Осиё минтақасигача бўлган ҳудудда жойлашган 20 дан ортиқ мусулмон давлатда Ислом дини ва Муҳаммад пайғамбарни ҳақоратловчи “Мусулмонлар гуноҳсизлиги” номли филмига қарши ўнлаб норозилик акциялари ўтказилди.

Полиция кучлари билан намойишчилар ўртасида содир бўлган тўқнашувларда ўндан ортиқ одам ўлгани, ўнлаб одам яралангани хабар қилинди.

Жума куни Судан пойтахти Хартумдаги намойиш иштирокчиларидан уч нафари, Миср пойтахти Қоҳирада эса 20 ёшли норози полиция билан тўқнашувда ҳалок бўлди.

15 сентябр куни Қоҳира шаҳридаги АҚШ элчихонаси яқинида Миср полицияси ва намойишчилар ўртасида содир бўлган тўқнашувда яна бир киши ўлди, ўнлаб одам яраланди.

Яман пойтахти Санодаги АҚШ элчихонаси ходимлари хавфсизлигини таъминлашда маҳаллий полиция кучларига ёрдам бериш учун Яманга АҚШнинг денгиз пиёда аскарлари жўнатилди.

Сешанба куни Ливиянинг Бенғози шаҳридаги АҚШ консулхонасига жанггарилар ҳужум қилгани оқибатида тўрт дипломат, жумладан, АҚШнинг Ливиядаги элчиси Кристофер Стивенс ҳалок бўлганди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Виктория Нуланд Давлат котиби Ҳиллари Клинтон 15 сентябр куни Ливия Бош вазири, Сомали президенти, шунингдек, Британия, Миср, Франция, Саудия Арабистони ва Туркия ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали сўзлашганини маълум қилди.

Нуландга кўра, Ливия Бош вазири Мустафо Абушагур билан суҳбат чоғида Ҳиллари Клинтон АҚШ консулхонасига ҳужум уюштирган шахсларни топиб, жазога тортиш муҳимлигини урғулаган.

Ливия Бош вазири ўз ҳукумати чоралар кўришга шай эканини айтиб, қотиллик учун масъул шахслар адолатли суд олдида жавоб беришига умид билдирган.

Зўравонликларни қоралаган Миср, Туркия ва Судан ташқи ишлар вазирларига миннатдорлик билдирган Ҳиллари Клинтон улар билан АҚШ элчихоналари хавфсизлиги масаласини муҳокама қилган.

АҚШ президенти Барак Обама Америка халқига шанба кунги одатдаги радиомурожаатида Ислом динини қораловчи филмдан ғазабга тўлган оломоннинг АҚШ элчихоналарига ҳужуми оқлаб бўлмас эканини айтди.

АҚШ диний эркинликни қўллаб-қувватлашини урғулаган президент Обама зўравонликлар ҳеч қачон оқланмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG