Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:14

"Истеъмолчилар ҳаққи ундирилмоқда"


Буни таъкидлаётган Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш федерациясига кўра, мурожаатларнинг аксарияти коммунал хизматлар хусусида.

15 сентябр куни ахборот воситалари орқали баёноти тарқатилган Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раҳбари Акром Миразизов шикоятларнинг 92 фоизи ҳақлари бузилган фуқароларнинг фойдасига ҳал қилинганини айтган.

Расмий маълумотга кўра, шу йилнинг саккиз ойи давомида федерацияга 6 минг 597 та ариза келиб тушган ва бу аризаларнинг 92 фоизи фуқаролар фойдасига ижобий ҳал қилиб берилган.

Озодлик мухбири айни ташкилотнинг Тошкент шаҳар ва туман бўлимлари, Самарқанд ва Фарғона вилояти бўлимларига мурожаат қилди.

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари Тошкент шаҳар бирлашмасининг ўзини таништирмаган расмийсига кўра, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарият қисми коммунал хизмат, тиббий хизмат ва савдо соҳасидаги маиший хизматга доирдир.

- Масалан, газдан ортиқча қарздор қилишди, деган мурожаатлар бўлади. Бунинг кўпчилиги счётчик билан боғлиқ. Ҳар 4 йилда счётчик текширувдан ўтказилиши керак, ўтказилмаган. Газ идораси ҳам огоҳлантирмаган. Компютер тизимида эса махсус программа бор. Ҳар тўрт йилда текширув қайд этилмаган бўлса, бу тизим газга ҳақдорликни бошқача ҳисобда чиқариб беради ва қарздорлик пайдо бўлади, - дейди тошкентлик истеъмолчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилаётган расмий.

Бу расмийдан олинган маълумотга кўра, бунақа пайтда мурожаатчининг счётчиги текширувдан ўтказилади ва унда носозлик аниқланмаса, қарздорлик қайта ҳисобланади.

- Бундан ташқари, савдо соҳасида мурожаатлар бор. Айниқса, носоз чиққан рўзғор буюмлари ва ҳоказоларга оид. Яна пули тўланган сифатсиз тиббий хизматдан норози бўлганлар мурожаат қилади. Буларни ҳам исботлаб, аризачининг ҳаққини ундириб бераяпмиз,- деди Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари Тошкент шаҳар бирлашмаси расмийси.

Худди шундай баёнотни шаҳарнинг Ҳамза ва Юнусобод туманлари мутасаддиларидан ҳам олдик.

Жумладан, Юнусобод туманидаги жамиятнинг ўзини таништирмаган расмийси сўнгги 6 ой ичида туман бўйича жами 42 та ариза тушгани, бу аризалардан 35 тасида иш шикоятчи фойдасига ҳал қилингани ҳамда шикоятчиларга 21 миллион 245 минг сўмлик маблағ ундириб берилганини айтди.

Лекин истеъмолчилар ҳаққи ундириб берилаётганини таъкидлаётган ташкилот ходимларининг бирортаси бу ҳақда Озодликка интервю беришни истамади.

Бундан ташқари, мижозлар шахсига оид маълумотларни сир тутиш мажбурияти ҳақидаги изоҳ билан ижобий ҳолатларга оид янада аниқ фактларни беришдан ҳам бош тортдилар.

- Ишонинг, биз уч-тўрттасига телефон қилиб, шунақа интервю берасизларми, деб сўрадик. Лекин улар: "Ишимиз битдику, яна гапни чувалаштириб нима қиламиз?" дейишди. Узр энди опа, деди ўзаро суҳбатда, жумладан, жамиятнинг Юнусободдаги бўлими ходими.

Шу тариқа, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларининг Тошкент шаҳри бирлашмаси, Юнусобод, Ҳамза, Миробод туманларидаги бўлимлари, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари бирлашмаларига расман қилинган мурожаатларга ижобий жавоб олинмади.

Озодликнинг ҳаққи ундирилган мижозларни қидириш учун қилган ўз суриштувлари натижасида бу жамият сайи-ҳаракатларидан қисман рози бўлган бир ўзбекистонлик топилди.

Бу Тошкент вилоятининг Чирчиқ туманида истиқомат қилаётган тадбиркор Любов Чуракова бўлиб чиқди.

Бу аёлнинг айтишича, 2007 йилда у Россияга кўчиб кетиш ниятида квартираси, автомобили ва бошқа мол-мулкларини сотиб, 11 ярим миллион сўм миқдоридаги жамғармасини Ўзбекистон Миллий банкининг Чирчиқ тумани бўлимидаги ҳисоб рақамига қўйган.

2010 йилнинг феврал ойида эса тасодифан ҳисоб рақамидаги пуллари йўқлигидан хабар топган. Кейинчалик бу жиноятни содир этган банк мутасаддилари жазоланган, аёлга пули қайтарилиши ваъда қилинган ва қайтарилган.

Аммо аёлнинг сўзларига кўра, пул тўлиқ қайтарилмаган ва пулини хорижий валютага айлантириш бўйича сўровлари ҳам ноқонуний равишда қондирилмаган.

Шундан сўнг тадбиркор Ўзбекистон Истеъмолчилари ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятининг Чирчиқ тумани бўлими ва Тошкент вилояти бирлашмасига мурожаат қилган.

- Хусусан, Чирчиқ тумани бўлими мени ҳақлари бузилган истеъмолчи сифатида тан олди ва аммо, бу ҳақдаги расмий тасдиқни вилоят бўлимидан олишим кераклигини айтди. Вилоят бирлашмаси менга расмий тасдиқ почта орқали жўнатилганини айтди. Яъни, бу жамият менинг ҳақдорлигимни тан олаяптию, лекин бу билан менинг ҳаққим ундириб берилмаяптида, - дейди Любов Чуракова.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, у ҳаққи бузилган истеъмолчи ўлароқ Ўзбекистон Миллий банки Чирчиқ тумани бўлими билан судлашмоқда ва ҳанузгача суднинг бир неча инстанцияларидаги маҳкамаларда унинг даъвоси қондирилмаган, яъни ҳуқуқи тўлиқ ҳимоя қилинмаган.

Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи пенсионер Шуҳрат Рустамов эса Любов Чуракова каби фуқароларга берган юзаки ёрдамини жамият расмийлари ижобий ҳал қилинган ишлар сирасида қайд этади, аслида иши яна суд органларига қолаётган фуқаролар йиллар давомида сарсон бўлишда давом этади, деган фикрни билдирди.

Шуҳрат Рустамов ҳам аслида ўз ҳаққи ҳимоя қилинишини сўраб, икки йил олдин бу жамиятга мурожаат қилганини эслади.

- 2 йилча олдин сифати бузилган балиқ консерваси сотилгани устидан арз қилиб, жамиятнинг Чилонзор туманидаги бўлимига борган эдим. Эшик олдидаги қоровул ҳеч ким йўқ, пешиндан кейин келинг, деб қайтарган. Шу билан пешиндан кейин, эртаси, индини куни бориб ҳам ҳеч кимни тополмаганман. Консерва эса ачиб кетди. Охири ташлавордим, ҳаққимни ундиришдан ҳам воз кечдим, - дейди Шуҳрат Рустамов.

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси эса фуқаролар мурожаатларининг деярли ҳаммасини ижобий ҳал қилаётгани ҳақидаги ҳисоботни ҳар йили тарқатиб келади.

Жумладан, ўтган йилнинг олти ойи давомида ҳам истеъмолчиларга етказилган зарар учун уларга 6,7 миллиард сўмни ундириб берилгани, ташкилотларда ўтказилган текширув натижасида 319 та жиноий иш қўзғатилгани расман эълон қилинган, аммо бу ютуқларга оид конкрет фактлар берилмаган эди.
XS
SM
MD
LG