Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:00

Чингиз Айтматовнинг янги романи топилди


Чингиз Айтматов.
Чингиз Айтматов.

Таниқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг ҳали ҳеч ким ўқимаган романи топилди. Сарғайиб кетган роман қўлёзмасини адибнинг қизи Ширин Айтматова отасининг ижодхонаси архивидан июн ойида топиб олганини айтмоқда.


Айтматовнинг эълон қилинмаган асари 1940 йилда бошланиб, Иккинчи Жаҳон уруши йилларида давом этган Катта Чуй канали қурилиши билан боғлиқ тарихий воқеалардан ҳикоя қилади.

Китобнинг бир неча саҳифаси бўлмаса-да, матн 99 фоиз сақлаб қолинган, дейди Озодликка адибнинг қизи Ширин Айтматова.

- Роман “Ер ва флейта” деб номланган. Соцрелизм услубида ёзилган бу тарихий асар Катта Чуй канали қурилиши йилларидан ҳикоя қилади. Шу билан бирга романда ишқ-муҳаббат муносабатлари ҳақида жуда очиқ-ошкора ҳикоя қилинади,- дейди Ширин Айтматова.

Қирғизистон тарихида қурилган энг йирик Чуй канали қурилишида бугунги Бишкекнинг 40 мингдан ортиқ аҳолиси иштирок этган.

Роман қачон ёзилгани маълум эмас. Ширин Айтматова отаси асарни 70-йиллар охирида ёзган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

Нимага бу роман ўз вақтида нашр этилмай қолган, деган саволга Айтматова:

- У пайт коммунистик цензура бор эди. Бу романда эса эса севги-муҳаббат ҳақида жуда ошкора ёзилган. Айнан шунинг учун отам бу романни чоп этишга ботинолмаган бўлса керак,- деб жавоб берди.

Ҳозир Чингиз Айтматовнинг яқинлари "Ер ва флейта"романини нашрга тайёрлашмоқда.

- Келаси йил бу асар рус, кейин эса, инглиз тилида нашрдан чиқарилиб, ўқувчиларга етиб бориши мумкин,- дейди Ширин Айтматова.

Жаҳон адабиётида тан олинган ёзувчи Чингиз Айтматов 2008 йилда Германиянинг Нюрнберг шаҳридаги касалхонада 79 ёшида ҳаётдан кўз юмган эди.

Чингиз Айтматов ўзининг "Асрга татигулик кун", "Оқ кема", "Кунда" ва "Соҳил бўйлаб чопаётган олапар" каби асарлари билан дунё китобхонлари қалбидан жой олган.

Айтматов ўзбек китобхонлари орасида ҳам энг эъзозли ёзувчилардан бири бўлган.
XS
SM
MD
LG