Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:04

Аҳмадийнажод Ню Йоркка сўнгги сафарида томоша кўрсатяпти


Эрон Президнти Маҳмуд Аҳмадийнажод.
Эрон Президнти Маҳмуд Аҳмадийнажод.

Ню Йоркда ўтаётган БМТ Бош Ассамблеясида қатнашётган Эрон Президнти Маҳмуд Аҳмадийнажод чиқишлари ва баёнотлари жаҳон матбуоти диққат марказида қолмоқда. Эрон раҳбари сифатида Ню Йоркка охирги марта келаётган бўлса-да, Аҳмадийнажод жанжалсиз қайтиб кетадиганга ўхшамайди.



Аҳмадийнажод БМТ Бош Ассамблеяси йиғинларида сиёсий томоша кўрсатиши ва шов-шувли баёнотлар қилиши билан танилган. Бу сафар ҳам Ню Йоркда БМТнинг олий даражадаги учрашуви бошланишидан аввал ўтказилган матбуот анжуманида Эрон раҳбари фурсатни қўлдан бой бермади.

- Исроил Эрон билан солиштиришга ҳам арзимайди. Бу сионистлар ким бўпти ўзи? Жаҳон харитасига бир қаранг. Эрон 7 минг ёки 10 минг йиллик тарихга эга. Исроилликларчи, бу ҳудудни ғарбликлар ёрдамида босиб олганларига атиги 60-70 йил бўлган холос. Уларнинг тарихан бу ерда илдизлари йўқ, деди Аҳмадийнажод.





Одатда ташланадиган Исроил ва Қўшма Штатлардан ташқари, Аҳмадийнажод бу сафар гомосексуал фаоллар, Сурия исёнчилари ва унинг таъбри билан айтганда “аҳлатнинг ўзгинаси” бўлган Эрон парламентини ҳам аямади. Эроннинг ядровий дастурига оид мунозаралар “ҳангомага ўхшаши” ҳақидаги мулоҳазаларидан кейин Аҳмадийнажод ҳатто аския ҳам қилган бўлди.

Бу йилги БМТ йиғини доирасидаги тадбирларга Аҳмадийнажод катта эътибор қаратган кўринади.

Келаси йил Эронда ўтказиладиган президент сайлови Аҳмадийнажотнинг иқтидорига нуқта қўяди. Жорий ҳафтада ўтаётган БМТ Бош Ассамблеяси унинг учун олий минбардан гапиришнинг сўнгги имкони бўлади.

БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг огоҳлантирувига қарамасадан, Аҳмадийнажод қўлидан келганча кўпроқ провокацион баёнотлар қилишга ҳаракат қилмоқда.

Ню Йоркдаги меҳмонхонада ўтказилган тадбирда Американинг етакчи матбуот воситалари олдида қилган чиқишида Эрон раҳбари ўзининг сўзамоллигидан қониқиш ҳосил қилаётганини кўриш мумкин эди.

Исроилнинг Эрон ядровий иншоотларига ҳужум уюштириш билан таҳдид қилаётганига оид саволга 55 ёшли Аҳмадийнажод бундай жавоб берди.

- Умуман олганда, сионистларнинг Эронга қарши ҳужум бошлашига оид таҳдидларини биз унчалик жиддий қабул қилганимиз йўқ. Гарчи Эрон минтақадаги буюк давлат бўлса-да, сизга бир нарсани айтиб қўяй, бизнинг ихтиёримизда ўзимизни ҳимоя қилишнинг барча воситалари бор, сионистлар ўзларини боши берк кўчага кириб қолганини тушунишади, деб ҳисоблаймиз. Улар бу боши берк кўчадан чиқиш йўлларини қидириш учун бундай ҳатарли ўйинларга қўл урмоқда, деди Аҳмадийнажод.

Эрон ядровий дастурига оди бўҳрон ҳақида гапирган, Аҳмадийнажод, “бу масала ҳаммани чарчатиб юборди”, деди.

- Эрон ядровий масаласи, мен сизга айтсам, ҳаммани чарчатиб юборди. Бу масала баъзилар учун ўзларининг устунлигини кўрсатиш услуби бўлиб қолди. Чунки сизни ишонтириб айтманки, Эрон ядровий бомба ясамоқчи эмас, ва бу машмаша ҳангомани эслата бошлади, деди яна Эрон президенти.

Аҳмадийнажод ўзининг аския қила олиш қобилиятини ҳам кўрсатди. “Шайтон мисралари” номли китоби учун 1989 йилда Оятуллоҳ Хумайний томонидан ўлимга ҳукм қилинган ва боши учун 3,3 миллион АҚШ доллари ваъда қилинган ёзувчи Салмон Рушдий ҳақида "The New Yorker" журнали муҳаррири Дэвид Рэмникнинг саволига, Аҳмадийнажод “У ҳозир қаерда? АҚШда эмасми ишқилиб? Унинг хавфсизлиги ҳаққи бу ҳақда ҳеч кимга индаманг”, дея мазҳаромуз жавоб қайтарди.

Лекин бу ҳам ҳаммаси эмас. Меҳмонхонадан чиқиб кетаётганда Би-Би-Си форс хизмати мухбири Аҳмадийнажоддан унга ҳамроҳлик қилаётган Эрон делегациясининг катталиги ҳақида сўради.

“Жаноб Аҳмадийнажод, Эрон парламентининг айтишича, сиз 160 та виза олгансиз”, деган мухбир гапини президент эътиборсиз қолдириб чиқиб кетаётган эди. Лекин мухбир тихирлик қилиб, “жаноб Аҳмадийнажод, нега 160 кишига виза олдингиз? Парламент бунча одам бу ерда нима қиляпти, деб сўраяпти”, деб туриб олди.

Мухбирга бурилиб қараган Аҳмадийнажод, кўп ўйланмасдан “парламентдагилар аҳлатнинг ўзгинаси”, деб жавоб қайтарди.

CNN телеканали мухбири Пирс Морган билан интервью чоғида Эрон раҳбари ўз таъбири билан айтганда ғарбнинг ҳомосексуалларга нисбатан хайриҳох муносабатини танқид остига олди.

“Сиздан бир нарсани сўрай. Ҳомосексуалларнинг бирортаси туққанини эшитганмисиз? Ҳомосексуаллик одамзот кўпайишига чек қўяди. Агар бир гуруҳ аҳлоқсизликни қабул қилса, бошқа мамлакат ёки гуруҳ ҳам шундай қилишини кутмаслик даркор”, дея хулоса қилди Маҳмуд Аҳмадийнажод.
XS
SM
MD
LG