Линклар

Шошилинч хабар
14 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:52

ДАН ҳайдовчиларни пахтага ҳайдаяпти


Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида истиқомат қилувчи Наримон исмли ҳайдовчининг айтишича, Тўйтепа шаҳарчасига киришнинг имкони қийин бўлиб қолган:

- Бу фақат Ўзбекистонда қилинадиган воқеалар бўлса керак. Мана куни-кеча бир воқеа бўлди. Ўзим устида гувоҳ бўлдим. Район марказига келган машиналарни, тахминан 20-25та ГАИ (ДАН ходимлари-таҳр.) ўралашиб юрибди, номерларини ечиб оляпти. Қизиқиб бордим, подполковник бир ГАИ шопир болага айтяпти: “100 кило пахта тердим деган справка олиб келасан, кейин номерингни олиб кетасан”, деяпти. У бола ҳам қишлоқдан келган шекилли, хотиним териб қўювди пахта, агар топширмаган бўлса, бориб ўшани қоғозини олиб келаман, деб кетди,- дейди Наримон.

Наримоннинг айтишича, Ўртачирчиқ туманининг Ўртасарой маҳалласидан Тошкентнинг Қўйлиқ бозорига қатновчи “Дамас” автомобиллари эгаларига ҳам шундай топшириқ берилган:

- Битта шопир бола билан гаплашдим. Қўйлиққа қатнаётган дамасларимизга ҳам ҳар куни шунақа қилаётган экан. Эрталаб гаишниклар келар эканда, шопирни документи ёки машина номерини олиб қўяр эканда, 100 кило пахта тергани ҳақида фермердан печати билан қоғоз олиб келасан, дер экан,- дейди ўртачирчиқлик Наримон.

Озодлик бу воқеага муносабат олиш мақсадида Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимига қўнғироқ қилди. Ўзини таништирмаган ходим бу иддаоларни рад қилди:

- Бунақа кўрсатма берилмаган. Пахта бу сиёсат ака, сиз ўзингиз тушунишингиз керак. Ҳеч ким мажбурлаб унақа қилмайди. ГАИнинг вазифаси йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаб бериш. Сиз бизга фалон инспектор шунақа қипти, деган факт беринг, биз кейин чора кўрамиз,- дейди Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходими.

Ўзбекистонда пахта терими мавсумида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ҳам кампанияга сафарбар этилади. Маҳаллий ҳокимларнинг буйруғи билан инспекторлар туманлар марказларига кириш йўлларини қаттиқ назорат қилади, йўлларда автомобиллар қатнови кам бўлишини таъминлайди.

Наманган вилоятининг Поп туманида истиқомат қилувчи пенсионер Баҳодир Камоловнинг айтишича, шаҳар кундуз куни комендантлик соати эълон қилинган ҳолатни эслатади:

- Бизда ҳозир комендант соати бўп қоляпти. Эрталаб соат 6 дан кеч соат 5 гача шаҳар ичига машинада кириш "воопше" тақиқланган. Йўлларни мелисалар тўсиб олган. Бу ҳаёт Ўзбекистонда СССРни давридан ҳам баттар бўп кетяпти, бу мустақиллик қаерда қолди экан? Мана энди ҳозир "комендантский часни" ўзи бўлиб қолди. Кирмисан, шаҳарга кириш йўқ, дейди, магазинларни ёпиб ташлаган. Бозорни дарвозасини беркитиб, парда тортиб қўйган. Кичкинагина йўлча қилиб қўйибди, одамлар ўғринча кириб чиқяпти, лекин ичкарида бозор бўляпти. Бу кўзбўямачиликни кимга кераги бор экан?- дейди поплик Баҳодир Камолов.
XS
SM
MD
LG