Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:19

В. Иноятова: Прокуратура судларга босим ўтказмоқда


“Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова Варшавада ўтаётган ЕХҲТнинг инсон ҳақларига оид йиллик йиғилишида Ўзбекистонда судларга прокуратура томонидан бўлаётган босимлар, колонияларда аёлларнинг зўрланиш ҳолатлари, диний эркинликларнинг топталиши мавзуларидаги маърузалари билан иштирок этмоқда.

Озодлик билан суҳбатда Васила Иноятова бу каби йиғилишлар натижасида айрим муаммолар барҳам топишига умид билдирди.

- Мен биринчи маърузамни 25 сентябр куни қилдим. Унда Ўзбекистон судларнинг мустақил ёки мустақил эмаслигини гапирдим. Бизда 2008 йил январ ойида Ҳабеас корпус деган қонун қабул қилинди. Лекин шу пайтгача мана шу қонун қай даражада ишлаётгани ҳақида биз 2-3 йилдан бери кузатув олиб борамиз. Лекин шу нарсага амин бўлдикки, Ҳабеас корпус ўзи нималигини жуда кўп суд органлари тушунмайди. Олдин прокуратуралар агар қамашга санкция берадиган бўлса, энди суд органлари бераяпти. Улар бу нарсани ўзларига ортиқча берилган бир амал деб билишади. Қўшимча бир имконият, нон деб билишади қўпол қилиб айтганда. Лекин бир нарса борки, прокуратура ҳанузгача судларга ўзларининг босимларини ўтказа олишади. Уларнинг тайёрлаб берган ҳужжатлари тўғридан-тўғри суд томонидан қабул қилинади,- деди Васила Иноятова.

Қуйида Васила Иноятова билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:22 0:00
Бевосита линк

Васила Иноятова 28 сентябр куни “Аёллар ҳуқуқлари ва уларга бўлаётган зўравонликлар” ҳақидаги қилган маърузасида Ўзбекистон колонияларида аёлларга нисбатан босимлар бўлаётгани ва маҳбусалар зўрланаётгани ҳақида гапирди.

1 октябр куни эса Иноятова хонимнинг “Сиёсий ва фуқаровий ҳуқуқларнинг бузилиши” ва “Диний эркинликлар ҳақида” яна иккита маъруза қилиши режалаштирилган.

24 сентябрдан 6 октябргача Варшавада ўтаётган ЕХҲТнинг инсон ҳақларига оид йиллик йиғилишида дуёнинг 80га яқин давлатидан вакиллар иштирок қилмоқда.

Ўзбекистондан Васила Иноятовада ташқари мазкур йиғилишда Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ва Ўзбекистон эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловлар ҳам иштирок этмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Республика Бош прокуратураси ва Адлия вазирлигидан расмий вакиллар ҳам қатнашмоқда.
XS
SM
MD
LG