Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:26

Шанба-якшанба — қолган-қутганлар ҳам пахтага!


Дам олиш кунлари Озодликка боғланган аксар тингловчилар мажбурий тарзда пахта теримига — икки кунлик ҳашарга чиқарилганини сўзладилар.


Ўзбекистоннинг турли вилоятларида шанба ва якшанба кунлари бюжет ва хусусий ташкилотлар ходимлар ёппасига пахта теримига ҳашарга чиқарилди.

Андижон, Жиззах вилоятларидан боғланган айрим тингловчиларнинг сўзларига кўра, дам олиш кунлари ҳашарга чиқишни истамаган ишчи-хизматчилар теримга бормаслик эвазига нақд пул бериб қўя қолган.

Жумладан, Жиззах вилоятидан боғланган ва исми сир қолишини сўраган ўқитувчи унинг мактабида пахта теримига чиқарилмаган ва дарс беришни давом эттираётган оз сонли ўқитувчи 14 минг сўмдан пул тўлаш ҳисобига ҳашарга чиқмаган.

- Бизнинг мактабда деярли ҳамма шундай қилди. 14 минг сўмдан пул йиғиб бердик. Қўшни мактабларда ҳам қанчадир одам пул берди, қолгани шу яқин районларга пахтага икки кунлик ҳашарга чиқарилди, - деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган ўқитувчи.

Бундан ташқари, давлат бюжетидаги бошқа қатор ташкилотлар – банк, ҳокимият, шифохона каби бюжет ташкилотларда қолиб ишлаётган оз сонли ходимлар ҳам дам олиш кунлари ёппасига ҳашарга сафарбар этилган.

- Аммо, ўқувчиларга ҳали тегилмади. Ўқувчилар бизнинг мактабда шанба куни тушгача дарсга келишди. Шанба куни тушдан кейинги дарслар қисқартирилди, холос, - дейди жиззахлик ўқитувчи.

Ҳозир Жиззах вилоятидаги мактабларда ўқитувчиларнинг 60 фоизи ётоқда қолиб пахта теришга сафарбар қилинган.

Қолган 40 фоизи эса касбдошлари ўрнини босиш учун, баъзан, бир синфхонасида 2-3 синфни бирлаштириб, 2-3 сменада дарс ўтаётгани айтилмоқда.

Айрим мактаб раҳбарлари эса мактабда қолдирилган ўқитувчилардан ўз ўрнига бирор кишини пахта теримига жўнатишни талаб қилган ҳоллари ҳам кузатилди.

Андижон вилоятидан боғланган ва исми сир қолиши шарти билан сўзлаган яна тингловчиларимизга кўра ҳам у яшаб турган туманда шанба-якшанба куни ҳашарчи кўпайган.

- Ҳар хил давлат ташкилотларидан одам чиқди. Ҳатто, бизга ўхшаган хусусий тадбиркорларни ҳам ҳашарга чиқаришди. Мен ҳам чиқдим. Лекин соғлигим яхши бўлмагани учун кўп пахта теролмадим, - дейди кекса тадбиркор.

Унга кўра, ҳашарчиларга 60 килограммдан норма белгиланган.

- Лекин шунча пахта териб берасан, деб ҳеч ким туриб олгани йўқ. Баҳоли қудрат 20 кило – 30 килодан териб беряпмиз. Қанча терсангиз ҳам, ёрдам берсангиз бўлди, дейишяпти, - дейди кекса ёшли ҳашарчи тадбиркор Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон ҳукумати бу йил пахта терими бошидан мактаб ўқувчиларини пахтага чиқаришни тақиқлаган ва шу боис, беминнат ўқувчи болаларнинг ўрнини босиш бюжет ташкилотлари, хусусий ташкилотлар ҳамда аҳоли вакилларининг зиммасига тушмоқда.
XS
SM
MD
LG