Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:32

"Таъзим сизга" пахтакор "устозлар!"


Президент Каримов 1 октябр - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан сўзлаган нутқида устозларга таъзим бажо келтирди.
Президент Каримов 1 октябр - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан сўзлаган нутқида устозларга таъзим бажо келтирди.

16 йил муқаддам Ислом Каримов 1 октябрни Ўзбекистонда Ўқитувчи ва мураббийлар куни, деб эълон қилиш тўғрисида фармон чиқарган пайтда ҳам ўқитувчилар шу куни пахта даласида эди.


Касб байрами кунидаги сафарбарлик

Ўзбекистон президенти 1 октябрни Ўқитувчи ва мураббийлар куни, деб эълон қилиш тўғрисидаги фармонни 1996 йилнинг 27 декабрида имзолаган ва бу кун мамлакатда дам олиш куни, деб эълон қилинган эди.

Бу йил 16 бор касб байрамини нишонлаётган ўқитувчиларнинг аксарияти бу сана илк бор нишонланган вақтда ҳам пахта даласида эдилар.

Бу йил ҳам мактабларда дарс бераётган ўқитувчиларнинг 60 фоизи пахта теримига чиқарилган.

Мактабларда қолиб дарс бераётган 40 фоиз ўқитувчи ҳам касб байрами муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунида теримга ҳашарга чиқарилди.

Жумладан, Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармасининг ўзини таништирмаган мутасаддиси вилоятда ҳамма пахтага сафарбар қилинганини айтди.

- Бугун бизни вилоятда ёппасига пахтага сафарбарлик эълон қилинган. Бизда ўқитувчи ўз ташаббуси билан, бир кун бўлса ҳам деҳқонларга ёрдам берайлик, деб бугун пахтага чиқишди, - деди бошқарма мутасаддиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Худди шундай сафарбарлик Жизах вилоятида ҳам эълон қилингани ҳақида жиззахлик ўқитувчилардан бири хабар берди.

- Бизнинг мактабга ҳокимиятдан буйруқ келди. Шанба-якшанба-душанба кунилари пахтага ҳашарга, деган. Бизнинг мактабда ўқитувчилар 14 минг сўмдан пул тўлаб, ҳашардан қолишди, - деди жиззахлик ўқитувчи Озодлик билан суҳбатда.


Сафарбар қилинмаган ўқитувчиларнинг байрами

Ҳозирча Самарқанд ва Жиззахдан бошқа вилоятларда касб байрами куни ўқитувчиларнинг ҳашарга жалб қилингани ҳақида маълумотлар йўқ.

20 йилдан бери умумий ўрта таълим мактабида тарих фанидан дарс бераётган фарғоналик ўқитувчи Карим Хотамов бу йил ўқувчилар пахта теримига чиқарилмагани боис илк бор байрам куни уйида ўтирганини айтди.

- 29 сентябр куни ўзимиз чўнтагимиздан пул йиғиб, байрам қилдик. Юқоридан байрам қилиб беришлар анчадан бери йўқ бўлиб кетган. Олдинги йиллари кечқурун пахтадан келар эдик. Бригадирлар, фермерлар чой-пой қилиб, қўй сўйиб беришлари бўларди, - дея касб байрами тадбирларини хотирлади Карим Хотамов.

Фарғоналик яна бир ўқитувчи Эргаш Аҳмедов ҳам касбдошлари билан касб байрамини ўз ҳисобидан нишонлаётганини айтди.

44 йил ўқитувчилик қилган Аҳмедов бу йил нафақага чиқмоқда.

- Шу нафақага чиқаётганим, кейин касб байрами куни муносабати билан коллективимизни уйга зиёфатга чақирдим. Уларнинг ҳаммаси пахтада бўлгани учун кечки пайт соат 6 дан кейинга айтдим, - деди Эргаш Аҳмедов.


Сўнгги расмий байрам тадбири

Эргаш Аҳмедов ҳам, Карим Хотамов ҳам, исми сир қолиши сўраган жиззахлик ўқитувчи ҳам юқори ташкилотлар томонидан уюштирилган расмий байрам тадбирида сўнгги бор қачон иштирок этганини аниқ хотирлай олмади.

- 1 октябр куни мен ўқитувчи сифатида ҳеч қаерга таклиф қилинмаганман лекин. Бизнинг мактаб ҳар йили пахтада бўлади бу куни. Бундан 2-3 йил олдин ўзимиз пул йиғиб байрам қилардик, кейинги йилда шуни ҳам қилолмаяпмиз лекин, - дейди 8 йилдан бери мактабда ўқитувчилик қилаётган жиззахлик суҳбатдош.

Суҳбатлашганимиз ўқитувчилар ҳар йили 1 октябр куни ё пахта шийпонида, ёки бирор ҳамкасбнинг уйида йиғилиб кичик базм қилишини айтмоқда.

- Энди туман марказларида байрам тадбирлари бўлади. Тақдирланадиган ўқитувчилар иштирокида. Лекин мен шунча йил ишлаб, унақа тадбирларда иштирок этганим йўқ, - дейди Эргаш Аҳмедов.


Пахтага ҳашар ҳам байрам

Ўзбекистонлик кекса журналист Шароф Убайдуллаев кўп йиллар муқаддам пахта теримига ҳашарга чиққан йилларини хотирлар экан, асл байрам пахта даласида бўлар эди, дейди.

Шу кунларда Ўзбекистон телевидениесида санъаткорлар ва маданият арбобларининг пахта далаларига бориб, концертлар уюштираётганидан руҳланган Шароф Убайдуллаев Ўзбекистон учун пахта жуда муҳим миллий бойлик эканини таъкидлади.

- Биз ўзимиз ҳам узоқ йиллар матбуотда ишлаган пайтларимизда ўз ташаббусимиз билан шанба-якшанба кунлари ҳашарга борар эдик ва бу ҳақиқий байрам бўлиб кетар эди. Тассуротлар, суратлар ҳалигача кўз ўнгимиздан кетмай турибди. Ҳафтада бир, 10 кунда бир ҳашарга чиқиш, айниқса бу йил Ўзбекистонда об-ҳаво яхши бўлиб турибди, буни байрамга тенглаштириш мумкин. Чунки бу йил Ўзбекистонда 600 мингга яқин ўқувчининг пахтага чиқарилмагани жуда катта инқилобий ўзгариш, бунинг охиригача сақлаб қолинишига ишонаман, - деди журналист Шароф Убайдуллаев.

Ўзбекистонда 10 мингга яқин умумий ўрта таълим мактаби бор.

Ўқитувчилардан олинган маълумотларга кўра, бу йил мактаб ўқувчилари пахта теримига чиқарилмаётгани боис ўқитувчиларнинг 60 фоизини пахта теримига чиқариш ҳақида кўрсатма берилган.
XS
SM
MD
LG